Тижоратда барака бор

Мутахассислар валюта захираси бўйича дунёдаги энг илғор мамлакатларни аниқлади. Хитой ва Япониядан кейинги учинчи ўринни олти юз саксон уч миллиард икки юз миллион доллар захираси билан Саудия Арабистони эгаллади. Швейцария ва Бразилиядан сўнг Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Баҳрайн каби араб мамлакатлари турибди. Жаҳон халқаро валюта жамғармаси раҳбарияти бу кўрсаткич фақатгина мамлакатларнинг ўзидаги табиий қазилмалар эвазига эмас, балки савдо-сотиқ соҳасида ҳам етакчи ўринларни забт этганларидан далолат беришини қайд этмоқда.

 

Малайзияда кўргазма ўтказилади

Малайзиянинг Тренгану штатида Ислом дини тарихига оид қадимий буюмлар кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда бир қанча мамлакатлардан келтирилган ноёб ашёлар намойиш этилади. Хусусан, усмонлилар даврида кўчирилган Қуръони карим ҳам кўргазмага қўйилади. Тилла суви юритилган бу ноёб насх хатида кўчирилган. Ушбу китоб Хитойнинг Мин сулоласи хазинасида сақланган.

 

 

Ёш оилаларга ёрдам

Бирлашган Араб Амирлигининг собиқ давлат раҳбари Шайх Зайд ибн Султон Оли Наҳён 1990 йили ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига асос солган эди. Ушбу жамғарма ёш оилаларга шу вақтгача уч юз қирқ саккиз миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам кўрсатди. Жамғарма раиси Хабиба Ҳусаний жорий йилда бундай савобли ишга эллик тўққиз ярим миллион доллар ажратилишини маълум қилди.

 

 

Ислом банки тармоқлари

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай ислом банки ўз тармоқларини янада кенгайтиряпти. Бугунга келиб банк бўлимлари мамлакат бўйлаб етмиш бештага етди. Уларнинг ўттиз бештаси Дубай шаҳрида жойлашган. Ислом банки қисқа муддат ичида дунё миқёсида ўз ўрни ва мавқеини топди. Бу ҳол мижоз ташкилотлар ҳамда жисмоний шахсларни ўзига жалб қилмоқда.

 

Илмий-амалий анжуман

Ислом тарихи, фан ва маданиятини ўрганиш маркази (IRCICA) Манас университети билан ҳамкорликда Бишкек шаҳрида “Ўрта Осиёда ислом цивилизацияси” мавзуида анжуман ўтказишни режалаштирмоқда. Мақсад ҳудудда Ислом тарихини, шу соҳада қилинган ишларни ва манбаларни ўрганишдир.

Лондонда динлараро йиғилиш

Лондон марказий жоме масжидида “Диний бағрикенглик” мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди. Динлараро конгресс ва Диний эркинлик уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда олимлар ва мамлакатдаги диний ташкилот вакиллари қатнашди. Тадбир турли дин вакилларининг эзгу ниятларини ўзаро мувофиқлаштириш, динлараро тотувлик ва бағрикенглик ришталарини янада мустаҳкамлаш ниятида ўтказилди.

 

Янги кутубхона

Доғистонда янги, муҳташам кутубхона очилди. Унда араб, инглиз ва бошқа тиллардаги илмий, тарихий, фиқҳий китоблар, ҳадис тўпламлари, турли хил тафсирлар ва замонавий адабиётлар мавжуд, компютерлар билан жиҳозланган. Бу ерга ислом билим юртлари талабаларидан тортиб ўқитувчиларигача ташриф буюрмоқдалар. Китобхон интернетдан ўзи қизиққан мавзуда онлайн мулоқот қилиш имкониятига эга.

 

Мусулмонлар сони ортмоқда

Мутахассислар бир қатор мамлакатлар аҳолисига нисбатан мусулмонларнинг сонини аниқлаб чиқишди. МДҲ мамлакатлари ичида Ўзбекистон мусулмонлар сони жиҳатидан биринчи ўринда турар экан. Аҳолининг 89 фоизи, яъни 23.897.563 нафари ислом динига эътиқод қилади. Иккинчи ўринда бўлган Россияда 21.513.046 нафар, Озарбойжонда 7.584.311, Тожикистонда 6.805.330, Туркманистонда 4.407.352 ва Қирғизистонда 4.117.024 нафар мусулмон яшайди.

 

Ҳаж ҳақида кўргазма

Британия музейида “Ҳаж: Ислом юрагига саёҳат” мавзуида кўргазма ўтказилмоқда. Унда Ҳаж мавсумида кийиладиган кийимлардан тортиб қилинадиган амалларгача видеотасмаларда акс эттирилган.

 

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.