Марокашда Африка қитъасида энг баланд – беш юз қирқ метрли осмонўпар бино қурилиши режалаштирилди. Ҳозирча қора қитъадаги энг баланд иморат Жанубий Африка Республикасининг йирик шаҳарларидан бири Йоханнесбург шаҳридаги икки юз йигирма уч метрли Carlton Centre мажмуасидир. Янги кўпқаватли бино эса лойиҳа бўйича Касабланка шаҳрида бунёд этилади. “Биз айнан Марокашни танладик, чунки у сиёсий барқарор ва ривожланаётган мамлакат бўлиб, Африка ва Оврупага кириш дарвозасидир”, дейди иш бошқарувчи Амада Сантоло. Ҳозирча “Нур минораси” номи билан бошланган бу лойиҳа битгач, унга мамлакат қироли Муҳаммад VI номи берилиши ҳам мумкин. Лойиҳанинг тахминий қиймати бир миллиард долларга тенг. У етти юлдузли меҳмонхона, тадбиркорлик ва савдо майдонларини ўз ичига олади. Қурилиш ишлари келаси йили июнда бошланиб, 2018 йили битказилиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг махсус сайтида бино Қуръони карим суралари сонига мос равишда бир юз ўн тўрт қаватли бўлиши ва унда Африкадаги эллик тўрт мамлакат рамзи акс этиши таъкидланган.