Муносиб мукофот

Белгия тарихида биринчи бор “Хизматлари учун” мукофоти билан исломшунослик фани ўқитувчиси Муҳаммад Хасбал тақдирланди. Яқин ўттиз йилдан бери у ёшларга ана шу фандан дарс бериб келмоқда. Ушбу мукофотни у ҳукуматнинг Исломга ва умуминсоний қадриятларни сақлашга бўлган ҳурмати деб қабул қилди.

 

Остонада ваколатхона

Араб давлатлари лигаси Остона шаҳрида ваколатхона очиш тараддудида. Қозоғистон Республикасининг Мисрдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Берик Орин 5 март куни Қоҳирада Араб давлатлари лигаси бош котиби Набил Арабий билан учрашди. Суҳбатда араб давлатлари билан ўзаро дўстона алоқаларни тиклаш ва ривожантириш ҳамда бир қатор мамлакатларда марказ очиш истаги билдирилди. Шунингдек, октябр ойида Риёз шаҳрида ўтказиладиган “Иқтисодий форум” ҳақида ҳам сўз юритилди.

 

Араб маркази очилиши

Мартнинг 2-куни Киев шаҳрида “Мадинаи мунаввара” номли халқаро араб маркази ташкил этилди. Тадбирда Украинадаги араб давлатлари элчилари ва уламолар иштирок этди. Ушбу марказ Яман Таълим вазири Абдураззоқ Ашвала ташаббуси билан ташкиллаштирилган. Маросимда марказ директори ўринбосари Маҳсин Мажид сўзга чиқиб, бундай марказнинг очилиши бевосита араб мамлакатлари билан дўстона алоқаларнинг янада уйғунлашишига ёрдам беришини таъкидлади.

 

Россияда хаттотлик танлови

Ханти-Манси мухтор ҳудудидаги Пит ях шаҳрида 18 март куни “Қуръон ва хаттотлик” мавзуида мусобақа ўтказилади. Танлов Қозонбосма Қуръоннинг чиқарилганига 225 йил тўлишига бағишланган. Беллашувда юзга яқин иштирокчи қатнашиб, кўфий, насталиқ, риқа каби турли хил услубда ёзилган хаттотлик намуналарини намойиш этади.