Юзта  саволга  жавоб

Америкада "Ислом ҳақидаги юз саволга юз жавоб" мавзуида интернет тармоғи орқали мусобақа ўтказилди. Қайси динга мансуб бўлишидан қатъи назар мамлакатдаги барча олий ўқув юртлари талабалари бу мусобақада иштирок этдилар. Улар саволларга мақола кўринишида жавоб бердилар. Мусобақада "Хиюстон-Виктория" университети талабаси Челси Оливер "Ислом бизга бегона эмас" сарлавҳали мақоласи билан биринчи ўринни қўлга киритди.

 

Хайрхоҳ  мэр

Англиянинг лейбористлар партияси раҳбари Кен Ливингстон Лондон шаҳри мэрлигига учинчи бор номзодини қўйди. У 2000-2008 йиллари ичида барча дин вакиллари, хусусан, мусулмонларга кўп қулайликлар яратиб берган эди.

Кен Ливингстон яна қайта сайланса, мусулмонларга янада яхши шароитлар яратиб беришни ваъда қилмоқда. Албатта, бундай ваъдадан кейин икки ярим миллионга яқин англиялик мусулмон унга овоз бериши табиий.

 

Ислом молиясига  қизиқиш

Италия мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда Ислом молиявий тармоғини татбиқ этишни мўлжалламоқда. Италиялик мутахассислар бу борада Буюк Британия, Малта ва Люксембургнинг Ислом банки тизимида кенг кўламда иш олиб бориб, иқтисодий соҳада эришаётган муваффақиятларидан ўрнак ахтаришяпти.

 

Тинчлик  ва бағрикенглик  дини

Мавританиянинг Нуадибу шаҳрида "Бағрикенглик" мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Унда юзга яқин олим ва диний ташкилот вакиллари иштирок этди. Анжуманда Ислом дини қўпорувчилик, зулм ва бузғунчи оқимларга мутлақо қарши экани ҳақида гапирилди. Шунинг­дек, Мавританиядаги саккиз мингга яқин масжид имомлари бу ҳақида одамларга кўпроқ тушунтириш ишлари олиб боришлари зарурлиги таъкидланди.

 

Қишлоқда  янги  масжид

Краснодар ўлкасининг Куйбишев қишлоғида қирқ кишига мўлжалланган "Агуй Шапсуг" масжиди қурилиши бошланди. Қирим татар, ўзбек, дунган каби турли миллат вакилларидан иборат қишлоқ мусулмонлари ибодатларига қулай шароит яратилаётганидан хурсанд бўлишмоқда.

 

Иқтисодни  ривожлантириш мақсадида

Марокаш ҳукумати мамлакат иқтисодини ривожлантиришда қўшни давлатлардан андаза олиб, Ислом банки очишни режалаштирмоқда. Лойиҳа парламент томонидан тасдиқланганидан сўнг банк ишга тушиши кўзда тутиляпти.

 

Уюшқоқлик  меваси

Нигерияда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари ўзаро дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқдалар. Мамлакатдаги мусулмонлар уюшмаси билан католик уюшмаси аъзолари биргаликда иш олиб боришга келишиб олишди. Улар камтаъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишяпти.