Канадада мусулмонлар қабристони

Торонто шаҳрида мусулмонлар қабристони учун ер ажратилди. Мозор қирқ минг маййитни кўмишга мўлжалланган. Энди бу ерда дунёдан ўтган мусулмонлар диний тартибга кўра дафн этилади. Ажратилган ер баҳоси олти миллион саккиз юз минг долларга тенг. Маблағ “Торонто мусулмонлар уюшмаси” томонидан ўн йил мобайнида қопланади. Яқинда Оттава шаҳрида ҳам мусулмонлар қабристони очилиши кутилмоқда.

 

Янги уюшма тузилди

Тунис ички ишлар вазири Эннах Али Ларейда фармойиши билан “Яхшиликка чақириш” уюшмаси тузилди. Уюшманинг шариат, диний фанлар ва адлия масалалари бўйича қўмиталари бор. Уюшма фуқаролар ва сайёҳларнинг шариат қонунларига амал қилишларини назорат қилиб боради. Саудия Арабистонида бу иш 1940 йилдан йўлга қўйилган.

 

“Мусулмон олами – 2012” анжумани

15 март куни Перм шаҳрида “Мусулмон олами – 2012” номли анжуман бўлиб ўтди. Перм ўлкаси муфтийи Муҳаммадали Хузин анжуман ташаббускори, ташкилотчиси бўлди. Унда Россия Федерацияси депутатлари, олимлар ва Ислом маданияти маркази вакиллари иштирок этишди. Тадбирдан кўзланган мақсад замонавий минтақада Ислом маданияти тарихини ўрганиш, маҳаллий аҳолига янада қулай шароитлар яратиш ва мамлакатдаги диний идораларнинг дўстона алоқаларини мустаҳкамлашдир.

 

Украинага ташриф

Украина мусулмонлари идорасига Ироқдан келган бир гуруҳ меҳмонлар ташриф буюришди. Уларга Ироқнинг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шураш Холид ҳамроҳлик қилди. Меҳмонлар Киев шаҳридаги “Роҳма” жоме масжидини зиёрат қилиб, Украина муфтийи Аҳмад Тамим билан учрашдилар. Муфтий меҳмонларни Киев шаҳрида бунёд этилган биринчи масжид ва диний идора фаолияти билан таништирди. Меҳмонлар Украинада диний соҳада эришилган ютуқларни юқори баҳолади.

 

Олисни кўзлаб

Қатарнинг саксон беш миллиард доллар сармояси бўлган жамғармаси Франциядаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ҳашаматли қасрлар ва меҳмонхоналарни сотиб оляпти. Яқинда у “Пари Сен Жермен” клубини ҳам сотиб олди. Мамлакат Амири келажакда фақат ўз юртининг ерости бойликларига суяниб қолмасликни кўзда тутмоқда.

 

“Катта йигирмалик” йиғини

24–27 феврал кунлари Саудия пойтахти Риёз шаҳрида “Катта йигирмалик” мамлакатлари палатаси аъзоларининг учинчи йиғини бўлиб ўтди. Австралия, Бразилия, Ҳиндистон, Индонезия, Хитой ва Жанубий Африка каби улкан салоҳиятга эга мамлакатлар вакиллари йиғинда иштирок этди. Улар дин, маданият, иқтисодий масалалар, хоссатан, энергетика тармоғи бўйича ҳамкорлик юзасидан музокара олиб боришди.

Канадалик профессор

Саудия Арабистонининг Қирол Абдулазиз номидаги университети инглиз тили ўқитувчиси, канадалик профессор Довуд Рой Волке Ислом динини қабул қилди. Олимнинг Қуръони каримни Инжил билан яхшилаб солиштириб, чуқур ўргангани шундай қарорга келишига сабаб бўлди. “Саудия Арабистонига келганимда Ислом дўстлик ва аҳиллик дини эканини тушуниб етдим. Менга Аллоҳ тўғри йўлни кўрсатди”, деди у.

 

Қадимий осори атиқалар

Грузиядаги уч юзга яқин масжиддан ўн саккизтасининг қарийб беш юз йиллик тарихи бор. Мамлакат Маданият вазири Николоза Руруа саъй-ҳаракатлари билан ушбу жомеларга қадимий ёдгорлик мақоми берилди. Бу масжидларнинг кўпи озарбойжонлар яшайдиган Квемо Картли, Марнеули ва Дманиси туманларида. Ҳозир уларнинг айримларида таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Беш юз мингга яқин гуржистонлик мусулмон бу ишдан жуда миннатдор.

 

Янги ўқув қўлланмаси

Москвада “Ўзбек тили дарслиги” ўқув қўлланмаси чоп этилди. Беш жилддан иборат дарсликдан ўзбекча-русча луғат ҳам ўрин олган. Асосий уч жилдда ўзбек халқи маданияти ва миллий урф-одатлари ўзига хос услубда ёритилган. Қўлланма Москва Давлат тилшунослик университети ҳамда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчилари ҳамкорлигида тайёрланди. Замонавий талаблар асосида ишланган дарслик фақат ўзбек тилини ўрганувчилар эмас, балки халқимиз санъати ва маданияти билан яқиндан танишиш истагида бўлганлар учун ҳам жуда қўл келади. Ҳозир “Ишбилармонлар учун ўзбек тили” дарслиги устида иш олиб борилмоқда.

 

“Қуръон ва шарқшунослар”

Шу йилнинг декабр ойида Эрон Ислом Республикаси Қум шаҳрида “Қуръон ва шарқшунослар” мавзусида анжуман ўтказилади. Йиғилишда таниқли шарқшунослар, дин билимдонлари маъруза қилишади. Унда Қуръони карим тили, тузилиши ва уни ўқитиш услублари устида иш олиб бораётган шарқшунос-олимлар фикр ва тажриба алмашадилар. “Мустафо” халқаро университети ташкиллаштираётган ушбу анжуман “Имом Ҳумайний” университетида бўлиб ўтади.

 

Фотосуратлар танлови

Олмонияда Ислом ва мусулмонлар ҳаётидан олинган фотосуратлар кўрик-танлови бўлиб ўтди. Интернет тармоғида ташкил этилган ушбу беллашувда бошқа дин вакиллари ҳам иштирок этди. Суратчилар мамлакат масжидлари, тарихий ёдгорликлар ва мусулмон оилалари суратларини юборишди. Ўзига хос услуби, диди ва чиройли бадиий ёндашувлари сабаб уч суратчи – Кай Лёффелбайн, Агата Жиманска-Мадина ва Фериэл Бенжама танлов ғолиблари деб топилди.

 

“Зайтуна” Ислом университети

Туниснинг минг йиллик тарихга эга “Зайтуна” Ислом университети салкам эллик йилдан сўнг қайтадан иш бошлади. У ўтмишда Миср Араб Республикасининг “Ал-Азҳар” халқаро Ислом университети даражасидаги билим ўчоғи эди. Бу даргоҳда Ислом тарихи, фиқҳ, ақоид, тафсир, араб тили грамматикаси ва тиббиёт фанларидан чуқур сабоқ берилган. Университет айрим сабабларга кўра, 1964 йили ёпилган эди.