Мусулмонлар сони  ортмоқда

Оврупа мамлакатларида Ислом динига эътиқод қилувчилар сони ортиб бормоқда. "Файи Марис" илмий текшириш институтининг олиб борган кузатув натижаларига кўра, ҳозир Италиядаги мусулмонлар сони бир миллион нафарга етган. Уларнинг саккиз юз эллик минг нафари чет элдан келган араб, турк, эрон ва бошқа миллат вакилларидир. Бир юз эллик минг­дан зиёди эса италия фуқароларидир.

 

Ғаройиб  бино

Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбида, Қизил де­нгиз ёқасида жойлашган Табук вилоятида сув устида масжид барпо этилди. 2011 йили қурилиши бошланган ушбу масжид "Тоҳид" деб номланди. Бино асоси ўн олти сантиметр ҳажмдаги қумга тўлдирилган қуврлар ёрдамида сув остига ўрнатилган.

 

Калифорния мусулмонлари

Американинг Калифорния штати пойтахти Сакраменто шаҳрида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда мамлакатдаги барча Ислом марказлари вакиллари иштирок этдилар. Улар Ислом динининг бу диёрда тарқалиши ва ҳозирги кунда мамлакат ҳаётида тутган ўрни хусусида сўз юритдилар. Шунингдек, хориждан келган мусулмонларга моддий ва маънавий ёрдам қўлини чўзиш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари ҳам кўрилди.

 

Марказ  тақдирланди

Оксфорддаги Ислом маданият маркази Буюк Британия қироличаси мукофотига сазовор бўлди. 1985 йили Ислом тадқиқот маркази сифатида иш бошлаган бу марказ йигирма етти йиллик фаолияти мобайнида халқаро илмий-текшириш институтлари, марказлар ва машҳур Ислом олимлари билан фаолият олиб борди. "Бу бизга катта масъулият юклайди, мукофот бизни яна ҳам ўз устимизда кўпроқ ишлашга ва тиришқоқлик билан ёндошишга ундайди", дейди марказ директори Фархон Низомий.

 

Қуръон  япон  тилида

Қуръони каримнинг япон тилидаги таржимаси тайёр бўлди. Таржима япон миллатига мансуб қирқ саккиз ёшлик Иброҳим Савада томонидан моҳирона амалга оширилган. Шу вақтга қадар Қуръони карим етти марта таржима қилинган. Лекин уларнинг матни эскича услубда ёзилган эди. Савада ўз шарҳида ёшлар осон тушунишлари ва ўзлаштиришлари учун аслини сақлаган ҳолда оддий сўзлардан фойдаланган. Ҳозир китоб "Таржима ваҳий" халқаро экспертиза институти олимлари текширувидан ўтди. Бу Япониядаги Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлар учун хушхабар бўлди.