Қизиқтирувчи ўйинлар оқибати

Халқаро Ислом кенгаши турли хил совринлар учун уяли телефонда хат жўнатиб ўйналадиган турли тадбирларда иштирок этиш тақиқланиши ҳақида фатво чиқарди. “Ҳар хил ширкатлар тақдим этаётган қизиқтирувчи ўйинлар Исломда қораланган. Бундай ўйинлар мусулмонларни жалб қилиб, унга муккадан кетишларига сабаб бўляпти. Бошқаларнинг омадсизлиги эвазига ютуққа эришиш ҳамда вақтни бекор ўтказиш мусулмончиликка умуман тўғри келмайди,” дейди кенгаш аъзоси Салмон Авдех.

 

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг IX йиғилиши

Ислом ҳамкорлик ташкилоти 19 – 20 апрел кунлари Ғабон Республикаси пойтахти Либревил шаҳрида аъзо мамлакатлар ахборот вазирларининг IX халқаро анжуманини ўтказди. Йиғилиш тинчлик ва тараққиёт йўлида оммавий ахборот воситаларининг ҳозирги кундаги аҳамиятига бағишланди. Унда Ислом дини, мусулмонлар ҳаёти ва турмуш тарзининг хориждаги оммавий ахборот воситаларида ёритилиши масаласи кўрилди. Шунингдек, анжуман иштирокчилари баъзи аъзо давлатларда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг матбуот шўъбаларини очиш, уларни жаҳон талабларига мос барча замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш зарурлигини айтишди.

Берлинда исломий анжуман

Берлин шаҳрида Олмониядаги мусулмон жамоалари вакиллари анжумани бўлиб ўтди. Ушбу анжуман мамлакат Ички ишлар вазири Ганс Питер Фридрих бошчилигида ташкил этилди. Унда мамлакатнинг ўн етти федерал вакиллигидан мусулмон жамоалари аъзолари иштирок этди. Анжуманда Олмонияда истиқомат қилаётган мусулмонлар ҳаёти ва уларнинг турли муаммолари кўриб чиқилди. Ушбу анъанавий тадбир 2006 йилдан бери мунтазам ўтказиб келинади.

 

Ақсо масжидига ташриф

Миср Араб Республикаси муфтийи Али Жума 18 апрел куни Фаластиннинг Қуддус шаҳридаги “ал-Ақсо” масжидини зиёрат қилди. Мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжидида у икки ракат намоз ўқиб, икки халқ дўстлиги равнақини тилаб, дуолар қилди. “ал-Масрий ал-Явм” газетасига берган суҳбатида ушбу ташрифни мамлакатлараро дўстлик ва бирдамлик рамзи сифатида баҳолашини таъкидлади. Икки соат ташриф давомида Али Жумага Ўрдун шаҳзодаси Ғози ибн Муҳаммад ибн Талол, Қуддуси шариф муфтийи, “ал-Ақсо” масжиди имом-хатиби Муҳаммад Аҳмад Ҳусайн, Қуддус Ислом вақфи бошқармаси раиси Абдулазим Сахлаб ва Қуддус хайрия жамғармаси директори Аъзам Хатиб ҳамроҳлик қилишди.

Сайёҳлик ривожи учун

Мутахассислар маълум қилишича, ҳозир Малайзия энг кўп мусулмон сайёҳлар дам оладиган мамлакатдир. 2011 йили Малайзияга келган мусулмон сайёҳлар етти миллион саксон олти минг нафарга етди. Халқаро сайёҳлик маркази бош директори Абдурраҳмон Шаърий мижозларнинг тобора ортиб бориши соҳа вакилларига катта масъулият юклашини айтди. Демак, Ислом динига эътиқод қилувчи барча сайёҳлар учун янада қулайликлар яратиш устида тинмай иш олиб бориш ва мижозлар талабига биноан янги хизматлар кўрсатиш, саёҳат турларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

 

Шри Ланкада анжуман

26–28 апрел кунлари Эрон Ислом Республикасининг Шри Ланкадаги элчихонасида Ислом дини мазҳабларини уйғунлаштириш мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Уч кун давом этган тадбирда мусулмонларни бирдамликка ундаш, сунний ва шиа мазҳаби вакиллари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўрилди. Ўша кунлари Шри Ланка миллий кутубхонасида Эрон маданияти кўргазмаси намойиш этилди.

 

Динлараро мулоқот

Шу йил 25 апрел куни Киев шаҳрида динлараро мулоқот анжумани ўтказилди. Уни Александр Фелдман жамғармаси ва жаҳон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институти ташкил этди. Анжуманда Қуддус Патриархи Феофил III, Россия мусулмонлари идораси раиси Нафиғулла Аширов , Дониед-Лама, Оврупа кенгашининг собиқ бош котиби Валтер Швиммер , Иззи Лемберг , турли диний ташкилотлар вакиллари, журналист ва санъаткорлар иштирок этди. Йиғилишда турли динлар, конфессиялар вакилларининг тотувлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик асосида дўстона алоқаларини тиклаш масалалари илгари сурилди.

 

Тадбиркор ҳиммати

“Эбнер ва Шпигел” босмахонасида чоп этилган ўн тўрт минг нусха Қуръони карим Швейцариянинг Аарау, Базел, Винтертур, Санкт Галлен ва Цюрих каби шаҳарлари жоме масжидларига тарқатилди. Бундай хайрия тадбири Олмониянинг ўттиз бешдан ортиқ шаҳарларидаги жомеларда ҳам ўтказилган эди. Бу иш фаластинлик тадбиркор, Олмония фуқароси ҳиммати билан амалга оширилди .

 

Насронийлар ва мусулмонлар

Покистонда “Мусулмонлар ва насронийлар бирдамлик йўлида” мавзуида халқаро анжуман ўтказилди. Уни Лаҳор шаҳридаги “Бодомий” жоме масжиди имом-хатиби Саид Муҳаммад Абдулкабир Озод ташкил қилди. Йиғилишда беш юз нафардан кўп турли дин вакиллари иштирок этди. Покистон католиклар жамияти раҳбари Франциск Надим анжуманни юқори баҳолаб, икки динга эътиқод қилувчи инсонларнинг ўзаро алоқаларини янада ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди. Бир неча йиллардан бери мамлакатда мусулмонларга раҳнамолик қилиб келаётган Абдулкабир Озод католик Шоҳбоз Бхатти ҳамда бошқа дин вакиллари билан аҳил ва иноқ бўлиб келганини ҳам таъкидлади.

 

Озодаликка эътибор

Маккаи мукаррамага ҳаж ва умра ибодатини адо этишиш учун йилига миллионлаб мусулмон ташриф боради. Улар ўзлари билан ҳар хил озиқ-овқат маҳсулотлари ва бир марта фойдаланадиган идишлар олиб келади. Уларнинг қолдиқлари эса шаҳар кўркини бузиши мумкин. Саудия Арабистони ҳукумати Макка шаҳрини ободонлаштириш ва турли касалликлар олдини олиш мақсадида янги лойиҳа ишлаб чиқди. Янги технологияда ясалган, олти юз килограммгача оғирликни кўтара оладиган уч юзта улкан чиқинди контейнерлари шаҳарнинг турли туманларига жойлаштирилди. Чиқиндилар махсус қувурлар орқали тўғри шаҳар ташқарисидаги алоҳида майдонга чиқариб ташланадиган бўлди. Лойиҳани молиялаш учун эллик миллион евро маблағ сарфланди.

 

Жайпур анжумани

Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида 5 – 6 май кунлари IX Ислом халқаро анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакат Бош вазири Раджастхана Ашок Гехлот, Конгресс бош котиби Дигвиджей Сингх, Соғлиқни сақлаш вазири А.Кхани ва Таълим вазири Кишор Шарма қатнашдилар. Иштирокчилар диний таълим соҳасини ривожлантириш, талабаларни дарсликлар билан таъминлаш ва бошқа масалаларни кўриб чиқишди.

 

Ичкиликка қарши

“Софий хоутелс” ширкати Туркиянинг Мардина шаҳрида юз хоналик янги меҳмонхона барпо этди. Унинг ўзига хос томонларидан бири меҳмонхона ҳудудига спиртли ичимликлар умуман киритилмаслигидир. Бундай маскан тинч шароитда дам олишни истаганлар учун жуда қулай. Турли адабиётларга бой кутубхона ишлаб турибди. Ширкат июн ойидан бошлаб Истанбул, Денизли, Измир каби йирик шаҳарларда йигирмадан ортиқ шундай меҳмонхона қуриш ниятида.

 

Малака ошириш курси

Қозоғистон мусулмонлари идораси мамлакат чекка туманлари масжидларининг имом-хатиблари учун бир ойлик малака ошириш курслари ташкил этди. Имом-хатиблар Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва Ислом тарихидан маърузалар тинглашади. Уларга қавм олдида ўзларини муносиб тутиш, турли бузғунчи оқимларга қарши кураш сирлари ўргатилади.

 

Ногиронлар мусобақаси

Маккаи мукаррамада ногирон болалар ўртасида Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди. Ушбу хайрия мусобақасини Саудия Арабистони сайёҳлик ва тарихий ёдгорликлар бўйича қўмитаси, ногирон болалар уюшмаси ташкил этди. Уюшма раҳбари Султон ибн Солмон “Араб янгиликлари” мухбирига берган суҳбатида бундай деди: “Ногирон болалар ҳам бошқалар сингари турли мусобақаларда қатнашишлари ва ундан завқ олишларига шароит беришимиз керак. Улар орасида соғлом тенгдошларига ўрнак бўларли даражада қобилиятлилари ҳам бор. Бу хислатларини муносиб баҳолаш бизнинг бурчимиз”.

 

Диний-маърифий тадбир

Америка мусулмонлари Миссури штатидаги “Жефферсон Сити” маданият марказида 2 май куни диний-маърифий тадбир ўтказишди. Анжуманда давлат арбоблари, бошқа динлар вакиллари ҳам иштирок этди. Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад Исломнинг тинчлик ва бағрикенглик дини экани ва бошқа дин вакиллари каби осуда ҳаёт кечириш тарафдори эканини намоён этишдир. Анжуман иштирокчиларидан бири Файзан Саид бундай деб таъкидлади: “Дунё мудҳиш жиноятлар қилаётган қабиҳ кимсаларнинг айби деб Ислом динини қоралашига барҳам бериш ва кенг омма унинг асл моҳиятини тўғри англашига эриш лозим”.