Қаҳва ичасизми?

Айримлар нонуштада чойдан кўра, қаҳва ичишни маъқул кўради. Кўпчилик эса уни зарарли дея умуман истеъмол қилмайди.
Олимларнинг фик­рича, бир кунда олти финжон қаҳва ичиш инсонда хотира қувватнинг сусайиш жараёнини секинлаштиради. Шу боис шифокорлар касалликнинг олдини олиш мақсадида кўпроқ қаҳва ичишни тавсия этмоқда. Қаҳва таркибидаги кофеин моддаси айнан склероз ривожланишининг олдини олиш хусусиятига эга. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, сўнгги йилларда мунтазам равишда кунига беш-олти финжон қаҳва ичадиган кишиларда паришонхотирликнинг ривожланиш даражаси мазкур ичимликни умуман ичмайдиганларга нисбатан 28–30 фоизга камдир.

Кундузи кўп ухлаш зарарли

Токио университети олимлари кундузи мизғиб олишни соғлиқ учун хавфли, деб айтишмоқда. Олимлар ўз тадқиқотларини Диабетни ўрганиш бўйича Европа уюшмасининг Мюньхендаги анъанавий учрашувида тақдим этди. Чала уйқу холати иккинчи турдаги қандли диабет юзага келиши хавфини ўртача 45 фоизга оширади. Бунинг учун сутканинг кундузги қисмида бир соатча мизғиб олиш етарли.
Аммо ундан зиёд давом этадиган чала уйқу хавфлидир. Бунга сабаб – одам бу муддатдан кейин уйқу вазифасига секин киради.

Яхшилик умрни узайтиради

Руҳиятшунослар тадқиқотлари натижасига кўра, кўпроқ сахийлик ва яхшилик қилиш соғлиқ учун фойдали экан. Айниқса, ушбу хусусиятга эга кишилар бошқаларга қараганда кўпроқ яшаши аниқланган. Тадқиқот атрофдагиларга кўмаклашиш, энг аввал, инсоннинг ўзи учун жуда фойдали бўлиши, саховат ва меҳр асабийликни йўқотиб, узоқ умр кўришга сабаб бўлиши каби ҳаётий ҳақиқатларни исботлаб берди.

Телефон қувватланаётган хонада ухламанг

Испаниянинг Гранада университети олимлари тунда планшет ва мобил телефонлар қув­ват­лантириладиган хонада ухлаш одамда ортиқча вазн тўпланишига сабаб бўлишини исботлашди. Олимларнинг қайд этишича, барча ускуналарни қоронғи хонада қувватлантириш жараёнида ҳосил бўладиган кўк нурлар соғлиқ учун зарарлидир. Бу жараён тунги ҳордиқ ва туш кўришнинг бузилишига сабаб бўлади. Бундай нурланиш инсон кайфиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

“Ақлли” камера

Бугунги кунда кўплаб одамлар шахсий турар жой биноларини қўриқлаш мақсадида ўзига хос ҳимоя воситалари — кузатув камераларидан кенг фойдаланмоқда.  
Яқинда “smanos UFO” фирмаси “Smart Home Camera” (уй учун “ақлли” камера) номли янги кузатув ускунасини фойдаланувчилар эътиборига ҳавола этди. Мазкур ном ускунага шунчаки қўйилмади. Биринчидан, унинг ташқи кўриниши “ўзга сайёраликлар тарелкасига” ўхшайди. Иккинчидан, бу XXI аср “ақлли” қурилмасининг ўзига хослиги шундаки, унинг ёрдамида тўрт томонни бемалол кузатиш мумкин.
Шунингдек, камера тунда ҳам махсус ёритиш воситалари орқали хонани назорат қилиб тура олади. “Ақлли” қурилма уй эгасининг смартфон ёки планшетига тасвирни узатиб туриш имконига ҳам эга.