Москвада мусулмонлар учун махсус тайёрланган BQ-5071 Belief русумли смартфоннинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унинг асосий хислати дунёнинг исталган нуқтасида ўша жой учун аниқ намоз вақтларини кўрсатиб туриши ва ҳар намоз вақти кирганида азон айтишидир.

Бундан ташқари, смартфон интернетга уланса, эгасига яқин орада жойлашган масжидлар манзилини ҳам кўрсатиб туради. Шунингдек, смартфонга Қуръони каримнинг матни ҳамда тиловати жойланган бўлиб, исталган оятни электрон почта ёки Фейсбук ё Твиттер каби ижтимоий тармоқлар орқали дўстлар билан баҳам кўриш мумкин. Эътиборга лойиқ жиҳати шуки, смартфоннинг ички хотирасигина эмас, балки ташқи кўриниши ҳам мусулмонларга мосланган. Орқа қопқоғи арабча услубдаги нақшлар билан безатилган, экран учун танланган суратлар ҳам исломий мавзулардадир.
 

ХАЛҚАРО УЮШМА РАҲБАРИ


Математика фанини жаҳон миқёсида ривожлантириш билан шуғулланувчи Халқаро математика уюшмасига Саудия Арабистонида туғилиб ўсган Самира Азиз раҳбар этиб тайин­ланди. Самира хонимдан ташқари уюшма раҳбариятига АҚШ, Ҳиндистон ва Бангладеш вакиллари ҳам тайинланган. Самира Азиз турли мамлакатлардан вакил қилинган 158 номзод орасидан танлаб олинди. Самира хоним янги лавозимга тайинланиши муносабати билан бир қатор тадбир ва фестиваллар ўтказиш режалаштирилганини маълум қилди.

«Баъзи ижтимоий муаммолар бўлишига қарамай, саудиялик аёллар фуқаролик жамияти томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Саудия Арабистони ҳукумати уларга керакли ҳар қандай ёрдамни таклиф қилмоқда. Аёллар меҳнат қилиш ва муваффақият қозонишлари  учун чуқур билим ва юқори малакага эга бўлишлари керак», деди у.

ЎҚУВ ДАСТУРИГА КИРИТИЛДИ

Финляндия таълим муассасаларида Ислом дини тарихи дарслари ўқув дастурига киритилди. Эндиликда талабалар Ислом дини таълимоти ва унинг моҳияти ҳақида тўлиқ билимга эга бўлишлари мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ислом динини ўрганиш дарсларининг ўқув дастурига киритилиши мамлакатда экстремистик гуруҳлар пайдо бўлишини камайтиради, ёш авлоднинг бундай оқимларга қўшилиб кетишининг олдини олади.

МИНСКДА ЯНГИ ЖОМЕ ОЧИЛДИ

Белорусия пойтахти Минскда янги жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туркия Президенти Эрдўғон, Белорусия раҳбари Александр Лукашенко, Россия мусулмонлари муфтийси Равил Ғайнутдин ҳамда  диний соҳа ходимлари иштирок этди.

Ушбу масжид қурилиши 2004 йилнинг февраль ойида бошланганди. 2016 йилнинг 11 ноябрь куни илк жума намози адо этилди.  

Масжид 1,5 минг намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Шунингдек, таҳоратхона, кутубхона, турли маънавий-маърифий тадбир, учрашувларни ўтказиш учун мўлжалланган 250 кишилик зал ибодат этувчилар учун хизмат қилади.

ОИЛАВИЙ МОЖАРОЛАР БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЧИ

Брюссель (Белгия)да Европа исломий ташкилотлари бирлашмаси томонидан  “Оилавий можаролар бўйича маслаҳатчи” мутахассисларини тайёрлаш юзасидан ўқув курси ўтказилди. Унда Германия, Белгия, Франция, Швеция, Буюк Британия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган диний раҳбарлар, имоми-хатиб, маънавият соҳасида фаолият юритадиган ўқитувчи ҳамда бир гуруҳ фаол тарғиботчилар иштирок этди.

“Ўқув курси ёш оилаларнинг бузилиш сабаблари, можароларни ҳал қилиш йўллари, оила қурувчиларга билим ва кўникмалар беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди”, дейди исломий ташкилотлар бирлашмаси раиси Висам Али.  

 Тадбир иштирокчилари муҳокама этилган масалаларга доир маърузалар тўпланиб, китоб шаклида нашр этилиши ҳақида таклифлар киритишди.  

Интернет материаллари асосида тайёрланди.