Яқин келажакда Бирлашган Араб Амир­ликлари кўчалари бўйлаб мактаб ўқувчи­лари учун мўлжалланган “ақлли” автобуслар қатнови йўлга қўйилади. Автобуснинг ичкари қисми электрон кузатув ва назорат тизимлари билан жиҳозланиши режалаштирилган. Жумладан, ўқувчиларнинг чиқиб жойлашгани ҳамда манзилга етиб боргани тўғрисида хабар бериб турувчи 14 та кузатув мосламаси ўрнатилади. Автобус ҳаракатини ота-оналар мобиль илова орқали кузатиб туриш имкониятига эга бўлишади.

Энг муҳими, мазкур уловлар экологик жиҳатдан хавфсиз бўлиб, двигателлари электрон батареялардан қувват олади.

ДУБАЙ БИРИНЧИ ЎРИНДА

Бутун жаҳон иқтисодиёти форумида сайёҳлар энг кўп ташриф буюрувчи шаҳарлар орасида Дубай биринчи ўринда экани эълон қилинди. Жорий йилда Дубайга жами 15 миллион 270 минг саёҳатчи келди. Ушбу кўрсаткич билан шаҳар Токио, Гонконг, Нью-Йорк каби йирик шаҳарларни ортда қолдирди. Уларга 12 миллион.дан ортиқ зиёратчилар ташриф буюрган.

Амирликда бунёд этилаётган ҳашаматли бинолар сайёҳлар сони янада ортишига хизмат қилиши кутилмоқда.

МУСУЛМОНЛАР – ҚОНУНГА ИТОАТГЎЙ

Буюк Британия аҳолиси ўртасида сўров­нома ўтказилди. Сўровнома натижалари кўпчиликни ҳайратга солди. Боиси, мамлакат фуқаролари ичида ватанпарвар ҳамда қонунга итоатгўй фуқаролар айнан мусулмонлар эканлиги яна бир бор тасдиқланди. Сўровда иштирок этганларнинг 89 фоизи дин ниқоби остида фаолият юритаётган оқимларнинг мақсади сиёсий мақсад эканлигини бир овоздан эътироф этдилар. Шунингдек, террорчи гуруҳ ҳамда ўзга динларни камситишга қарши ўзларининг кескин фикрларини келтириб ўтдилар.

“Бугун жамиятимиз тинчлиги учун энг катта хавф солаётган муаммолардан бири бу диний бағрикенгликка амал қилмасликдир. Тан олиш керакки, мамлакатимиз мусулмонлари юртимизнинг энг ватанпарвар фуқаролари ҳисобланади”, деди Буюк Британия парламенти депутати, сўровнома ташкилотчиларидан бири Холид Маҳмуд.

ОЧЛИК ВА СЕМИЗЛИК МУАММОСИ

Италия пойтахти Римда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан икки кунлик халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда бугун жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган очлик, нотўғри овқатланиш, ёшларнинг носоғлом улғайиши каби масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, дунё бўйлаб 800 миллион киши очликдан, 1,9 млрд семизликдан азият чекаётгани, 5 ёшгача бўлган 150 млн болалар нотўғри овқатланиши оқибатида ёшига нисбатан ортда қолаётгани таъкидланди.

“Озиқ-овқат масаласи жамиятнинг бош муаммоси ҳисобланади. Шу боис, бу масала ҳамиша давлат ҳимояси ва назорати остида бўлиши керак”, деди анжуман очилишида нутқ сўзлаган БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари Жозе Гратциануда Силва.

134 ЁШЛИ ҚАРИЯ

Эронда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида 134 ёшли фуқаро борлиги маълум бўлди. У Аҳмад Сўфи исмли қария бўлиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатда 1882 йилда туғилгани ёзилган. Отахон ёши улуғ бўлишига қарамай соғлиғидан ҳеч қандай шикояти йўқлигини таъкидлади. “Аҳмад бобо жуда раҳмдил, ҳамиша одамларга ёрдам беришга интилади”, дейди унинг яқинларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмад Сўфи дунёда ёши улуғлиги бўйича иккинчи ўринни қўлга киритди. Биринчи ўринда яқинда 145 ёшга тўлган индонезиялик Содимежо исмли қария туради.

ИНСОНИЯТГА ҚАРШИ ЖИНОЯТ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Мьянмада истиқомат қилаётган мусулмонларга қарши содир этилаётган зўравонликларни инсониятга қарши жиноят сифатида баҳолади. Бу ҳақда ташкилотнинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий бошқаруви” маълум қилди.

Шунингдек, БМТ бу ўлка фуқаролари дун­ёда энг кўп зулм кўраётган, таҳқирланаётган миллат эканлигини таъкидлади. Боиси, 2012 йилдан бери мьянмалик мусулмонларнинг 120 мингдан ортиғи турар жойи, мамлакатини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Улар ҳозирда бошпанасиз, тиббий ёрдамга муҳтож ҳолда турли лагерларда жон сақламоқда.

ГУМБАЗЛИ, МИНОРАЛИ ИЛК МАСЖИД

Италиядаги Милан шаҳрининг Сесто туманида илк бор гумбазли ва минорали масжид қуришга ҳукуматдан расмий рухсат олинди. Масжид уч қаватдан иборат бўлиб, биринчи қавати мингга яқин намозхонга мўлжалланган. Иккинчи қаватни ёшлар учун дарсхона, энг юқори қаватни эса аёлларга намозхона қилиш режалаштирилган.
“Охирги йилларда италияликлар орасида Исломга қизиқиш ортаётганини эъти­борга олиб, динимиз манбаларини италян тилига таржима қилиш ишлари қизғин кетмоқда”, деб хабар беради Ислом маданият маркази мудири Даҳмон Абдуллоҳ Шина.

САУДИЯДА МАВЛИДИ ШАРИФ

Саудия Арабистонида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг таваллудлари муносабати билан илк бор мавлиди шариф нишонланди.

Мавлид бир қатор мусулмон мамлакатларида кенг нишонланадиган исломий байрам ҳисобланади. Бироқ Саудия Арабистонида буни бидъат деб билишар ва уни ўтказиш тақиқланган эди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Адам Муслимов: «Субҳаналлоҳ! Саудия Арабистонида, Уҳуд тоғининг этагида биринчи марта ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг таваллуд кунлари нишонланадиган бўлди!» деб ёзган.

Эслатиб ўтамиз, жумҳур уламоларнинг ижмосига кўра, мавлиди шариф рабиул аввал ойининг ўн иккинчи кунидир.