Мусулмонларга хизмат

Американинг Миссури штатида истиқомат қилувчи Одил Имдаднинг йигирма саккиз ёшли акаси тўсатдан вафот қилди. Мусулмонлар озчиликни ташкил қиладиган мамлакатларда маййитни Ислом дини одатларига биноан дафн этиш осон эмас. Имдад ана шу муаммога дуч келди. Шунда у мусулмонлар учун дафн этиш хизматини ташкиллаштиришга қарор қилди. "Ўлим ҳақ, ҳар бир оиланинг бошида бор, лекин кутилмаганда қазо қилган одамнинг яқинлари саросимага тушиб қолар экан. Мен буни акамни дафн этишда кўрдим" дейди Одил Имдад. Олдинлари бундай маросим маййит яқинларига камида етти минг долларга тушар эди. Ҳозир эса ҳашар йўли билан мувофиқлаштирилган марказ барча ишларни бажаряпти.

 

Ислом маданияти кўргазмаси

Таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) Рум шаҳрида 21–28 май кунлари кўргазма ўтказди. Италия палатаси биносида ўтказилган Ислом ­маданияти кўргазмасида қадимий қўлёзмалар, ҳаж ҳақидаги эски хариталар ва Жалолиддин Румий каби улуғ мутафаккирлар ижодидан намуналар намойиш этилди. Анжуманда Саудия Арабистони ва Марокашнинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчилари ҳамда Италия Ислом уюшмаси вакиллари иштирок этишди.

Мегабанк

Ислом тараққиёт банки янги мегабанк ташкил қилиш тараддудида. Бунинг учун июн ойига қадар бир миллиард доллар қийматга тенг "беш йиллик" қимматбаҳо қоғозлар ишлаб чиқяпти. Бу лойиҳага Бирлашган Араб амирликлари, Саудия Арабистони, Малайзия ва бошқа бир қатор давлатларда фаолият олиб бораётган ИТБ бўлимлари ҳамда Американинг йирик банклари ҳам жалб қилин­япти. "Бундай мегабанк очилиши муҳим воқеадир. Келажакда унинг баланси, молия­си, таъминоти, маблағи ва салоҳияти дунё миқёсида катта аҳамият касб этади. Яқин беш йилдан кейин билим юрти, кутубхона ва касалхоналарни барпо этиш йўлидаги йирик лойиҳаларни амалга оширишда жуда қўл келади", дейди ИТБнинг Дубай бўлими раҳбари Уфқхон.

 

Саёҳат мавсуми

Рамазон бу йили айни иссиқ, чилла пайтига тўғри келяпти. Шу боис халқаро сайёҳлик маркази барча туристик ширкатлар Рамазон ойида рўзадорларнинг ҳурматини жойига қўйиш ва керакли шарт-шароитлар яратиш савобли иш эканини алоҳида таъкидлаяпти.

 

Атроф-муҳитни сақлаш

Канада мусулмонлари уюшмаси навбатдаги ўттиз саккизинчи йиғилишини ўтказди. Миссасу шаҳрида бўлиб ўтган ушбу анжуман атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланди. Тадбирда мамлакатнинг кўзга кўринган диний уламолари қатнашдилар. Инсон учун оби ҳаёт бўлган сув мусаффолигини таъминлаш барчанинг бурчи экани, хусусан, мусулмонлар бу борада ўрнак бўлишлари зарурлиги ҳақидаги маърузалар тингланди. Мажлисда тозаликка риоя қилиш масалаларига ҳам тўхталинди. Анг­лиялик эколог Фазл Холид билим юртларида табиатни муҳофаза қилиш ва тозаликка эътибор бериш тўғрисида қўшимча дарслар ўтиш кўпроқ самара беришини таъкидлади.