2017 ЙИЛ “ХАЙРИЯ ЙИЛИ”
 
Бирлашган Араб Амирликлари раҳбари Шайх Халифа ибн Зоид Ол Наҳаён 2017 йилни “Хайрия йили” деб эълон қилди. 
“Жорий йилнинг бундай номланиши ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каби эзгу қадрият­ларимизнинг амалий ифодасидир”, деди мамлакат раҳбари. 
Ушбу йил давомида муҳтожларга кўнгилли ёрдам берувчилар ҳаракатини ташкил этиш, ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида юртга хизмат тушунчасини кенг тарғиб қилиш асосий мақсад этиб қўйилган. 
 
КОИНОТГА ИЛК МУСУЛМОН ПАРВОЗИ
 
Мунаввар Ҳусайн британиялик мусулмонлар орасида биринчилардан бўлиб коинотга учиш имконига эга бўлди. У Лондондаги “Истеъдод агентлиги”нинг хусусий космик компания билан ҳамкорликда ўтказган “Порлаётган юлдуз” номли танловида ғолиб чиқиб, шундай шарафни қўлга киритди.
25 ёшли Мунаввар Ҳусайн Буюк Британиянинг Илфорд шаҳрида яшайди.
 
МАСЖИД ЭШИКЛАРИ ОЧИҚ
 
Канаданинг Ванкувер шаҳридаги энг кўҳна “Ал-Жамиа” масжиди қишнинг қаҳратонида бошпанасиз қолганлар учун эшикларини очди. Шаҳарда қиш кунлари ҳаво ҳарорати ҳатто минус 45 даражага етади. Шу боис, масжид  уйсизлар учун бошпана бермоқда. Масжид ташқарисига: “Кечки соат еттидан бошлаб ёрдам сўраганлар учун масжид эшиклари очиқ”, деган эълон осиб қўйилган.
Шунингдек, кўнгилли мусулмонлар муҳтожларга таом, ёпинчиқ ва бошқа керакли нарсалар билан ёрдам бермоқдалар.
 
ШАКАРСИЗ 30 КУН
 
Бирлашган Араб Амирликларида Дубай Соғлиқни сақлаш қўмитаси томонидан мамлакат аҳолиси учун “Шакарсиз 30 кун” номли саломатлик ойлиги эълон қилинди. Унга кўра, фуқаролар 30 кун мобайнида таркибида рафинадланган қанд мавжуд бўлган ширинлик, газли ичимлик ва шу каби маҳсулотларни емай туришлари тавсия қилинган.
Соғлиқни сақлаш қўмитасининг тўғри овқатланиш бўлими раҳбари, доктор Вафо Айёш сўзига кўра, “Инсон саломатлиги учун таркибида табиий шакар бўлган маҳсулотлардан истеъмол қилиши лозим. Рафинадланган қанднинг озуқавий қиймати оз бўлиб, у қандли диабет, семизлик ва юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқаради”.
 
БОЛГАРИЯ МУСУЛМОНЛАРИНИНГ БАЙРАМЛАРИ
 
Болгарияда мусулмонларнинг диний байрамлари расман давлат байрами сифатида нишонланиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, эндиликда давлат миқёсида Рамазон, Қурбон ҳайитлари ва Мавлид ойи расман нишонланади. Бироқ ҳайитлар дам олиш кунлари ҳисобланмайди.
 
НОБЕЛЬ МУКОФОТИ СОВРИНДОРЛАРИДАН ОЧИҚ ХАТ
 
Нобель мукофоти совриндорлари Мьянмадаги мусулмонларга нисбатан содир этилаётган қирғин юзасидан БМТнинг Хавфсизлик кенгашига очиқ хат йўлладилар. Унда, жумладан: “Мьянмада минглаб мусулмонлар қирғинга учрамоқда. Биз инсониятга қарши қаратилган бундай жиноятларга индамай томошабин бўлиб туролмаймиз”, деб ёзилган.
Мьянманинг шимоли-ғарбидаги Ракхайн штатидаги мусулмон-рохиньяларга қарши содир этилаётган тазйиқ ҳамда зўравонликлар ҳануз давом этмоқда.
 
ЧЕЧЕНИСТОНДА САЙЁҲЛАР КЎПАЙМОҚДА
 
“Чеченистон Республикасига ташриф буюрувчиларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда. Жорий йилда 100 мингдан ортиқ туристларнинг келиши режалаштирилган”, деди мамлакат раҳбари Рамзон Қодиров. Тоғ этагида отда юриш, чанғида учиш инсон кайфиятини кўтаради, дея қўшимча қилди мамлакат раҳбари. 
Ўтган 2016 йил давомида Чеченистонга 80 мингдан зиёд хорижлик меҳмонлар келди. Мамлакатнинг Грозний, Аргун, Гудермес, Шара ва Ведучи каби диққатга сазовор жойлари ҳар йили минглаб сайёҳларни жалб қилмоқда.
 
САУДИЯ АРАБИСТОНИ ҚИРОЛЛИГИ ҚАРОРИ
 
Саудия Арабистони Қироллиги ҳажга келувчилар учун бу йилги квотани ошириши тўғрисида маълум қилди. Ушбу ташаббус Ҳаж ишлари бўйича олий қўмита раиси, валиаҳд Муҳаммад ибн Наиф томонидан илгари сурилгани ҳақида Saudi Gazette (Сауди Газетте) нашри хабар берди. 2017 йил ҳаж мавсумида 2,5 миллион нафар ҳожи ташрифи кутилмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилдагидан 800 мингга ортиқдир. Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Солиҳ ибн Тоҳир Бинтан масъул ташкилотларга бу йилги ҳаж мавсуми учун ҳожиларни қўшимча қабул қилишга доир чора-тадбирлар кўриш юзасидан кўрсатмалар берди.
 
ИСТИСҚО НАМОЗИ
 
Бирлашган Араб Амирликлари раҳбари Шайх Халифа ибн Зоид Ол Наҳаён фуқароларни дуо қилиб Аллоҳдан ёмғир сўрашга чақирди. Шу боис мамлакатдаги барча
масжидларда истисқо намози адо этилиши маълум қилинди. Шайх Халифа ибн Зоид Ол Наҳаённинг ўзи Абу Дабидаги “Шайх Зайд” жоме масжидида истисқо намозида иштирок этади. 
Мамлакатда ҳукм сураётган қурғоқ­чилик деҳқонларнинг ғалла экиш ишларида қийинчилик туғдиради. Мамлакат метеорология ва сейсмология миллий маркази 2017 йилда об-ҳаво ўтган йилларга қараганда анча қуруқ ва иссиқ бўлишини маълум қилган.