ҚУЁШ ЭНЕРГИЯСИДА ИШЛАЙДИГАН МАСЖИД
Уммон султонлигида илк бор қуёш батареялари ёрдамида ёритилувчи масжид барпо этилмоқда. У бошқа масжидларга қараганда 60 фоизга яқин электр қувватини ва 40 фоизгача сувни тежайди. 
“Масжид қурилиши ниҳоясига етмоқда. Том қисмига қуёш батареяларини ўрнатиш қолди, холос”, деди масжид лойиҳаси муҳандиси Ҳадабий. 
Шунингдек, муҳандис масжидлардаги совуткичлар жуда катта миқдорда энергия сарфлашини  таъкидлаб, қуёш батареялари ушбу муаммога муносиб ечим эканини айтди.
 
ЎҚУВЧИЛАР МАЙИЗ ЕЙИШАДИ
2017 йилдан бошлаб Туркиядаги мактаб ўқувчилари ҳамда боғча тарбияланувчиларининг таомномасига майизни киритиш тўғрисида Туркия Таълим вазирлиги қарор қабул қилди. Эндиликда ўқувчилар ҳафтасига икки марта мазали ҳамда фойдали бўлган майиз истеъмол қиладилар. Ушбу қарор ёшларнинг соғлом ўсиши ва ривожланишига хизмат қилади.
Таълим муассасаларида ҳар бир ўқувчига 25 граммдан қадоқланган майизлар етказилади. Мамлакат қишлоқ хўжалиги мутасаддилари мактаб ҳамда боғчаларга майиз етказиб беришни ўз зиммасига олди.
 
НОГИРОН ЗИЁРАТЧИЛАР УЧУН ИМКОНИЯТЛАР
Имконияти чекланганларнинг ҳаж ибодатини адо этишлари учун Макка ва Мадина шаҳарларида бир қатор қулай шароитлар яратиш ҳақида “Ал-Арабия” нашри маълум қилди.
Ҳаж ишлари бўйича қўмита раиси Муҳам­мад Наиф Ҳаж ва умра вазирлигига бу борада тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Унда Макка ва Мадина шаҳарлари кўчаларида, бино ва меҳмонхоналарда ногиронлар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш, уларга ҳамроҳлик қилувчи ёрдамчилар ва махсус автобуслар жорий қилиш кўзда тутилган. Ушбу таклифлар Макка амири Холид Файсалга тақдим этилди. Бу янгилик Ҳаж ишлари бўйича қўмита томонидан тасдиқланиши билан кучга киради.
 
РОБОТ ХОДИМЛАР
Дубай дорихоналарида илк маротаба робот фармацевтлар фаолият юрита бошлади. Роботлар хотирасига 35 000 дан ортиқ дори номи жойлаштирилган бўлиб, улар штрих-код орқали бир дақиқада 12 та рецептдаги дорини топиб беришга қодир.
Амирлик Соғлиқни сақлаш қўмитаси мам­лакат­даги барча дори­хоналарда робот фар­мацевт­лар жорий этишни режа­лаш­тир­моқда.
Айни пайтда, мамлакатда аҳолига хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида роботлардан фойдаланилади. Хусусан, Дубай аэропортида йўловчиларни кутиб олиш, уларни белгиланган манзилга олиб боришда улардан кенг фойдаланилмоқда. Келажакда роботлар полиция ва ўт ўчириш ходимлари сифатида ҳам иш бошлайди.
 
БМТ БОШ КОТИБИНИНГ МУРОЖААТИ
Жорий йилнинг 17 январь куни БМТ Бош биносида мусулмонларга қарши содир этилаётган турли камситиш, тоқатсизликларни бартараф этиш бўйича тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган давлат раҳбар­лари, фуқаролик жамияти вакиллари муросасизлик, ирқчилик каби жиноятларга қарши янги ва самарали йўлларни ишлаб чиқиш бўйича таклифларини билдирдилар. Тадбир иштирокчиларига видео орқали мурожаат қилган БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш: “Этник ва маданий хилма-хиллик жамиятнинг ютуғи сифатида қаралиши лозим. Таҳдид сифатида эмас. Бинобарин, Қуръони каримда  халқлар ва қабилалар бир-бирлари билан танишишлари учун яратилгани таъкидланган”, деди.
Шунингдек, тадбир якунида бундан ке­йин БМТнинг одамларни ҳурмат қилиш, уларнинг хавфсизлик ҳамда қадр-қимматини таъминлашга қаратилган “Биргаликда барча учун” шиори остида фаолият олиб борилиши маълум қилинди.
 
Истанбуллик мусулмоннинг эҳсони
Социология фани ўқитувчиси Маҳмуд Қаҳрамон муҳтожларга иссиқ овқат улашиш ниятида микроавтобус сотиб олди. Эндиликда Маҳмуд ҳар тунда шаҳар айланиб, мингга яқин уйсиз, қочқин одамларга ўз маблағлари ҳисобидан таом улашмоқда. Унинг айтишича, Истанбулда камида ­5 минг­га яқин бошпанасиз, 10 мингдан ортиқ қочоқ кун кечиради. «Қўлимдан келганча ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиляпман, лекин ҳар доим ҳам бунга қодир бўлолмаяпман», дейди Маҳмуд Қаҳрамон.
Маҳмудга яқинлари ҳам кўмак­лашмоқдалар. Улар қийналган оилалар учун кийим-кечак ва бошқа буюмлар тўплашади. Шунингдек, Маҳмуд Қаҳрамон қочоқларга уй-рўзғор анжомлари тарқатади, ижарага арзон уй-жой топишда ёрдам беради.
 
Ислом дини ҳафталиги
2017 йил 30 январь – 3 февраль кунлари Канададаги Режина университетида “Ислом дини ҳафталиги” бўлиб ўтди. Ушбу ҳафталик доирасида ўтказилган тадбирларда Режина, Алберта ва Саскачуан университети талабалари ўз маърузалари билан иштирок этди.
“Ислом динининг мусаффолиги, дин ниқоби остида амалга оширилаётган бузғун­чиликларнинг моҳияти, хусусан, аҳоли онгида Ислом дини ҳақида шаклланиб қолган нотўғри тушунчаларга барҳам бериш – мазкур ҳафталикни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад”, деди тадбир ташкилотчиларидан бири Мунир Усмон.
 
Масжидимизга марҳабо
5 февраль куни Буюк Британия масжидларида «Масжидимизга марҳабо!» деган шиор остида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди. Унда Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландиядаги бир қатор масжидлар иштирок этди. Ушбу тадбир, Ислом маданияти, диний маросимлар, мусулмонлар турмуш тарзи билан яқиндан танишишни истаганларнинг таклифидан келиб чиқиб, Британия мусулмонлар кенгаши томонидан ташкил этилди. 
Минглаб британияликлар мамлакатдаги 150 дан ортиқ масжидни бориб кўришди. Ислом дини ҳақида ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олишди.