Номзоднинг таклифи

Франция президентлигига номзод Эва Жюли Қурбон ҳайитини расмий дам олиш куни деб эълон қилишни так­лиф этяпти. Сиёсатчи фикрича, динларга тенг муносабатда бўлиш зарур. Бироқ унинг хулосасига кўпчилик сиёсатчилар қарши чиқишди. Жюли хоним эса динлараро тенглик француз маданиятининг муҳим бўғини эканини таъкидламоқда.

 

Қубо масжиди кенгайтирилади

Мадина шаҳри волийи Абдулазиз ибн Мажид Қубо масжиди ва қирол Абдулазиз номидаги маданият маркази кенгайтирилишини маълум қилди. Биринчи босқичда лойиҳани амалга ошириш учун керак бўладиган ер майдони тартибга келтирилади. Бу ишга 200 милён Саудия риёли (53 милён АҚШ дўллари) ажратилган.

Қубо Мадина шаҳри марказидан 5–6 чақирим жанубда жойлашган ҳудуд. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага киришдан олдин бир қанча вақт Қубода турганлар. Масжид номи Қуръони каримда ва бир қанча ҳадисларда тилга олинган.

Бу ердаги сўнгги қурилиш-тиклаш ишлари 1986 йили олиб борилган. Энди ушбу мажмуага маъмурий идора, турар-жой, кутубхона, тозалик ва хўжалик бўлимлари учун бинолар ҳам қўшилади.

 

Чилим чекиш ман этилиши мумкин

Чеченистон Рес­публикаси раҳбари Рамзан Қодиров жамоат жойларида чилим чекишни тақиқлашни таклиф этяпти. Бундан мақсад гиёҳ­вандликка қарши курашни янада кучай­тиришдир. “Ҳеч­ биримизга сир эмас, чилим ара­лашмаларида гиёҳванд моддалар бор. Ҳукумат гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши билан тинимсиз курашади. Қатъий чеклов одамларни ёмон одатларга ўрганишдан сақлайди. Жамоатчилик ичиш, чекиш каби иллатларга ҳамиша қарши бўлган, бу исломий қарашларга ҳам мос. Шу сабабли соғлом жамиятда бу каби турли иллатларга жой бўлиши мумкин эмас”, деди мамлакат раҳбари.

Аҳолини маънавий соғломлаштиришга қаратилган лойиҳа бир неча йил давомида амалга оширилади.

 

Лондонда кўргазма

Қуръони карим­нинг энг эски нус­халаридан бири, VIII асрда кў­чирилган қўл­ёз­ма январ ойида Лондондаги Британия музейида очиладиган “Ҳаж: Исломнинг юрагига саёҳат” номли кўргазмага қўйилади.

Кўргазмада қадимги осори атиқалар ва замонавий санъат намуналари намойиш этилади. Тадбирдан мақсад ҳажнинг моҳияти ва маънавий қимматини кўрсатишдир.

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.