Шароит яхшиланмоқда

Ҳиндистон ҳукумати сўнгги йилларда ҳожилар, умрачилар учун қулай шароитлар яратиб беряпти. Ҳар йили бир юз йигирма беш минг нафардан ортиқ киши муборак зиёратни адо этиш бахтига эришяпти. Мусулмонлар мамлакат ҳаж қўмитасига берган аризалари асосида навбат билан ҳаж ё умрага бориб келишади. Улар учун самолёт чипталари нархи арзонлаштирилган.

 

“Ал-Жазира” француз тилида

Қатарнинг “ал-Жазира” телеканали француз тилидаги дастурлар устида иш олиб боряпти. Ҳадемай инглиз, серб ва бошқа тиллардаги кўрсатувларга француз тилидагиси ҳам қўшилади. Лойиҳа бош қароргоҳи Сенегал пойтахти Дакарда жойлашади. Мутахассислар янги кўрсатувлар Франция телевидениясида юқори кўрсаткичга эга «France 24» кўрсатуви билан беллаша оладиган дастур бўлишига ишонч билдиришяпти.

 

Жамғарма фаолияти

Жаҳондаги Ислом банк ва ширкатларининг пул айланмаси бир триллион икки юз миллиард еврони ташкил қилади. Бу борада Малайзия кенг кўламли иш олиб боряпти. Соҳани ривожлантириш учун Малайзияда «CIMB-Principal» махсус молия гуруҳи тузилган. У турли мамлакатларда бўлинмалар очиш билан шуғулланади. Гуруҳ Олмония бозорида ҳам Ислом жамғармаларини кўпайтириш ҳаракатида. Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда гуруҳ раҳбари Норипах Камсо шу ҳақда гапириб ўтди. Ҳозир Олмонияда биттагина шундай сармоя жамғармаси бор. Мамлакатда яшовчи тўрт миллион мусулмоннинг йигирма уч фоизи жамғармага аъзо. Жамғарма хизматларини янада қулайлаштириб, бошқа динлар вакилларини ҳам жалб қилиш ниятида. Куала Лумпур халқаро Ислом молия университети раҳбари Довуд Абдуллоҳ шу ҳақда маълум қилди.

 

Янги вазирлар

Франция президенти Франсуа Олланд янги вазирлар кенгаши таркибини эълон қилди. Маросимда ўттиз тўрт нафар вазир билан таништирди. Улардан уч нафари мусулмон. Асли марокашлик Нажот Валло Билқосим аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш вазири этиб тайинланди. Францияда аввал бундай вазирлик йўқ эди. Ямина Бенгиги Ташқи ишлар вазири лавозимига лойиқ топилди. У иш излаб келувчилар ҳақидаги филми ва мақолалари билан танилган. Қодир Ориф мудофаа вазири ўринбосари бўлди.

 

Британия мусулмонлари

Буюк Британияда мусулмонлар ҳар йили беш минг нафарга ортяпти. Уларнинг етмиш фоизи зиёли ва ўртаҳол инглиз аёллари, ўттиз фоизи эса худди шу тоифадаги эркаклардир. Оврупаликлар Ислом динида аёл қадри юксаклиги ва оилада эрнинг мавқеи, масъулияти билан кўпроқ қизиқишяпти. Мусулмонлар сони ортган сайин масжидларга эҳтиёж кўпайиши табиий. “Масжидлар, диний билим юртларини кўпайтириш, Ислом динини пухта тушунадиган ва халқнинг диний эҳтиёжларини қондириб, саволларига тўғри жавоб бера оладиган малакали имомларни етиштириш ҳозирги кун талабидир”, дейди англиялик мухбир Кристиан Бэккер.

 

Эшиклар очиқ бўлсин

Туркиядаги жоме масжидлари беш маҳал намоз вақтидагина очилиб, жамоат тарқалиши билан яна ёпиб қўйилар, бу ҳол намозхонларга ноқулайлик туғдирарди. Шу хусусда мамлакат Дин ишлари вазири Маҳмуд Гурмез фикр ва мулоҳазаларини билдирди: “Бундай ҳолат дунёнинг ҳеч бир жойида йўқ. Мусулмонлар учун масжид эшиклари беш маҳал намоз оралиғида доим очиқ туриши керак. Қайси масжид бўлишидан қатъи назар, хуфтондан бомдодгача ёпиқ бўлиши кифоя. Чунки масжид атрофидаги аҳолидан ташқари ибодатхонага йўловчилар ҳам кириб-чиқишини ҳисобга олиш зарур.

 

Тозаликка эътибор

Шу йил 17–18 май кунлари Қозоғистон Остона шаҳрида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (ISESCO)нинг V анжумани ўтказилди. “Яшил кўприк” шиори остида бўлиб ўтган ушбу тадбир табиатни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига қаратилди. Унда эллик етти мамлакатдан икки юз нафардан ортиқ олим, халқаро ташкилотлардан йигирма беш вакил иштирок этди. Қатнашчилар тозаликка, хусусан, табиатни муҳофаза қилишга Ислом динида доимо катта эътибор берилишини таъкидлашди. Зеро, Пайғамбаримизнинг ҳам бу ҳақда бир неча муборак ҳадислари бор.

 

Имом-хатиблар керак

Олмония аҳолисининг беш фоизи мусулмонлардир. Уларнинг диний эҳтиёжини қондириш учун фақат икки минг нафар имом-хатиб озлик қиляпти. Бу имомларнинг кўпи немис тилини яхши билмайдиган Туркия ёки араб мамлакатларидан маълум муддатга келганлардир. Қисқа муддатли тил ўрганиш курсидан уларнинг ўттиз нафари ўтди, холос. Оснабрюк университети Ислом кафедраси профессори бундай дейди: “Имомнинг фақатгина жума намозини ўқиб бериши кифоя қилмайди. У маҳаллий халқ маданияти ва урф-одатлари билан боғлаган ҳолда қизиқарли мавъиза қилиши лозим. Бундан ташқари у ёшларга маслаҳатчи, ташкилотчи, тарбиячи бўлиши, замон билан ҳамнафас иш олиб бориши керак”. Ҳозир Франкфурт, Нюрнберг каби немис шаҳарлари институтлари қошида Ислом маданият марказлари, жоме масжидлар қуриш ва турли ўқув курсларини очиш ва моддий таъминлаш учун давлат беш йилга йигирма миллион евро маблағ ажратди. Бу тадбирлар, албатта, мевасини бериши, асли немис миллатига мансуб кўплаб имомлар етишиб чиқиши табиийдир.

 

Сайёҳларга қулайлик

Ҳозир кўп мамлакатлар, жумладан, Туркияда мусулмонларга мўлжалланган дам олиш масканлари барпо этиляпти. Уларнинг бошқаларидан фарқи спиртли ичимликлар сотилмаслиги, ҳалол гўшт маҳсулотларидан овқат тайёрланиши, эркак ва аёллар чўмилишлари учун алоҳида сув ҳавзалари ва спорт заллари ташкил қилинганидир. Мамлакат мусулмонлари Алания, Олтинўлук, Дидим, Чашма ва Қорабурун ҳудудларидаги ана шундай оромгоҳларда дам олишяпти. Жамиятшунос олим, турк сайёҳлик уюшмаси раҳбари Маҳмуд Аласали шундай фикр билдирди: “Маҳаллий аҳоли учун ўз ватанларида даволанишлари қулай ва арзон. Чет элга бориш эса ҳужжат расмийлаштириш, суғурта қилиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва божхона тўловлари каби ортиқча оворагарчиликлар ва чиқимлар туғдиради. Мижозларнинг урф-одатлари ҳамда эътиқодларига қараб, қулай шароит яратиш бизнинг вазифамиздир”.

 

Дўстона алоқалар

Теҳрон шаҳрида Эрон Ислом Республикасининг маданият ва Ислом ишлари вазири Саид Муҳаммад Ҳусайн Туниснинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Хасаирий билан учрашди. Суҳбат чоғида томонлар халқлар ўртасида қадимдан кўп соҳаларда мустаҳкам алоқалар борлигини айтиб, бундан кейин ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни таъкидлашди. Вазир Тунисда анча йиллардан бери эронликлар аҳил яшаётгани бунинг далили эканини айтди. Элчи июл ойида Тунис маданият вазирининг Эронга расмий ташрифи ҳақида эслатиб ўтди. Ўз навбатида вазир яқинда Эронда ўтказиладиган кўргазмага Тунис санъаткорлари ва рассомларини таклиф этди.

 

ИҲТ анжумани

Боку шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг “Ёшлар – 2012” анжумани ўтказилди. Унда Озарбайжон президенти маъмуриятининг сиёсий тафтиш ва ахборот таъминоти бошлиғи Элнур Аслонов, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Оллоҳшукур Пошшозода, мамлакатдаги элчихоналар вакиллари ва бошқа олимлар қатнашишди. Тадбир иштирокчилари ушбу лойиҳа ҳақида фикр билдириб, маърузалар ўқишди. Дин, таълим, спорт ва тадбиркорлик соҳаларида қобилиятини намоён этган ёшларга мақтов ёрлиқлари берилди. Оллоҳшукур Пошшозода ушбу лойиҳа ҳақида: “Бугун ёшларнинг мана шундай кенг қамровли, зукко, замон талабларига жавоб берадиган ва соҳасига масъулият билан ёндашадиган бўлиб етишаётганлари бизни қувонтиради. Келажакда бу ёшлар янада юксалишига ишонаман”.

 

Соғломлаштириш мажмуаси

Ҳиндистоннинг Тамилнаду вилоятидаги Ченнаи шаҳри “Умумсаломатлик” марказий касалхонаси мусулмонлар энг кўп даволанадиган маскандир. Шифохона минг нафар касалга мўлжалланган бўлиб, ишлатилаётган дорилар, даволаш усули ва шароити ўзига хос. Аёллар муолажани юқори малакали аёл шифокорлардан олишади. Даволаниш маркази енгил ва оғир касалларни ҳам даволайдиган моҳир мутахассисларга эга. Талаб ортаётгани боис касалхона маъмурияти ўринларни янада кўпайтириш ҳаракатида.

 

Дубай савдо кўргазмаси

Бирлашган Араб амирлигининг Дубай шаҳридаги жаҳон савдо марказида кўргазма-савдо ташкил қилинадиган бўлди. Тадбирни муборак Рамазон ойида, 10-19 август кунлари ўтказиш режаланган. Мижозларга бутун дунёдан келтирилган кийим-кечак, пардоз-андоз буюмлари, мебел, автомашина, тиббий жиҳозлар ва турли хил маиший техника арзон нархларда таклиф этилади. Кўргазмага йигирма мингдан ортиқ мижоз ташриф буюриши кутиляпти. Араб мамлакатларидаги одатларга кўра, тадбирни ифторликдан саҳарликкача ўтказиш кўзда тутилган.

 

Мукофот эгаси

4 июн куни Доғистон университети академияси талабалари орасида муборак ҳаж сафарига бепул йўлланма олиш учун қуръа ташланди. Ютуқ университетнинг ҳуқуқ факултети учинчи курс талабаси Руслан Ҳасановга насиб этди. Ўқув юрти ректори Шаган Боймирзаев тадбирда сўзга чиқиб: “Мукофот эгасини табриклаймиз. Албатта, бу мукофот унинг келажакда билим доирасини янада кенгайтиришига далда бўлади. Ташкилотчиларга эса алоҳида миннатдорлик билдирамиз”. Ҳаж сафарига бу йил республиканинг диний ва дунёвий илм масканларида таҳсил олаётган юз нафар талаба бепул йўл олади. Ушбу лойиҳани “Сулаймон Каримов” хайрия жамғармаси маблағ билан таъминламоқда.