Украинага ташриф

 

Украинага иорданиялик олим Муҳаммад Нуҳ Ҳуда ташриф буюрди. Ташриф жума кунига тўғри келгани боис шайх жума намозида иштирок этиб, нутқ сўзлади: "Биз мусулмонлар тенглик ва бирдамликни сақлаган ҳолда чиройли сифатларга эга бўлишимиз керак. Мусулмон эзгу ниятлилилиги, ҳаққонийлиги ва ҳалимлиги билан ажралиб туриши ҳамда бошқаларга ўрнак бўлиши лозим".

Шайх Муҳаммад Ҳуда Ислом оламида оилавий муносабат ва фиқҳ масалалари бўйича ёзган китоблари ҳамда бир қатор илмий ишлари билан машҳурдир. Бу унинг Украинага қилган иккинчи ташрифи эди. Аллома "Раид" уюшмасининг Киевдаги Ислом маданияти марказини зиёрат қилди. Сўнг меҳмон Украина мусулмонлари идораси раиси, муфтий Аҳмад Тамим билан учрашди. Украинадан кейин бош­қа Оврупа давлатларини ҳам зиёрат қилиш ниятида эканини маълум қилди.

 

Малакали кадрлар

 

Олмониянинг табиий ва гуманитар фанлар бўйича илмий йиғини ишлаб чиққан махсус ўқув дастури бўйича бир қатор имомлар малака оширишяпти. Немис тили ва урф-одатларини тушунадиган, малакали кадр­лар озлиги боис бу ишга икки йил аввал қўл урилган эди. Мамлакатда мусулмонлар эллик йилдан бери истиқомат қилишади. Ҳозирга келиб уларнинг сони тўрт миллион нафарга етди. Олмония масжидларида мингдан ортиқ имом-хатиб фаолият юритяпти. Мусулмонлар талабини қондириш ва уларни қизиқтирган саволларга имомлар юқори савияда жавоб бера олиши учун ушбу ўқув курслар ташкил этилди. Ҳозирги кунда тўртта немис олийгоҳида Ислом асослари факултети очилган. Унда талабалар Ислом фиқҳи, адабиёти, тарихи ва араб тили грамматикасини замонавий технология асосида ўрганишяпти.

 

Куала Лумпур анжумани

 

Малайзияда 30 июн куни мусулмон аёллар ҳуқуқини муҳофаза қилиш бўйича анжуман бўлиб ўтди. Тадбир "Mercy Mission" уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилди. Мажлисда таниқли олимлар, дин ва давлат арбоблари сўзга чиқишди. Улар аёлларнинг кундалик турмушдаги маиший қийинчиликларни енгиш билан бир қаторда жамиятда ўз ўринларини топиши, таълим олиши ҳамда тенгҳуқуқли экани ҳақида маърузалар қилишди. Шунинг­дек, ишбилармон ва тадбиркор аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда янги ғояларни илгари суриш тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Қонун ижросига юз йил тўлди

 

Жорий йилнинг июл ойида Австрия давлати Ислом динини расмий тан олганига юз йил тўлди. Бу ҳақда 1912 йили император Франс Йозеф томонидан қонун қабул қилинган. Мамлакатда диний бағрикенглик соясида истиқомат қилувчи католик, лютеран, ҳиндулик ва буддийлик вакиллари каби мусулмонлар ҳам тенгҳуқуқлидир. Вена шаҳрида юз йиллик тўйга бағишланган анжуманда Авс­трия Ислом уюшмаси раҳбари Фуад Санак сўзга чиқиб илиқ сўзларни айтди: "Ушбу қонуннинг юз йиллик юбилейини нишонлар эканмиз, бу бошқа Оврупа мамлакатларига ўрнак экани, Австрияда Ислом дини руҳият ва маданият бойлиги сифатида тушунилишини таъкидлаш ўринли. Бу юрт Исломга эҳтиром кўрсатганидек, мусулмонлар ҳам унинг ички қонун ва қоидаларига масъулият билан ёндошишади". Ҳозир мамлакат аҳолисининг олти фоизи, яъни беш юз минг нафари мусулмондир. Пойтахтда эса бу кўрсаткич католик насронийларидан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

 

Дўстона алоқа

 

Бирлашган Араб Амирликларининг ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ ибн Зайд Ноҳиён Миср Араб Республикаси билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш ниятида эканини таъкидлади. Вазир ўз баёнотида Миср­нинг янги президенти Муҳаммад Мурсий даврида икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши ҳамда турли соҳаларда ижобий натижага эришишга ишонч билдирди. Бу мамлакат билан бир неча йиллик тарихга эга алоқалар ўрнатилганлигини айтди.

 

Энг юқори натижа

 

Ҳиндистоннинг Махараштра штатидаги Аҳмаднагар шаҳрида истиқомат қилувчи ўн икки ёшли ўқувчи Ҳафиз Муҳаммад Ҳабибуллоҳ энг юқори натижага эришди. У эрталаб саккиздан кечқурунги саккизгача Қуръони каримни ёддан ўқиб улгурди. Мактаб директори ва ўқитувчилар ўн икки соат давомида Ҳафиз Муҳаммаднинг бирон марта ҳам луқма олмагани ва тажвид қоидаларига тўлиқ риоя қилганини таъкидлашди. Мураттаб қорининг айтишича, бутун Қуръони каримни саккиз ойда ёдлаб бўлган экан. Шаҳар маъмурияти Ҳафизни мақтов ёрлиғи ва пул мукофоти билан тақдирлади.

 

Жамғарма ташкил қилинади

 

Австралия Ислом шариати қоидаларига асосланган банк тизимини йўлга қўювчи "Crescent Wealth" жамғармаси ташкил қилишни декабр ойи­га мўлжаллаяпти. Мамлакат жамғармалар бош­қар­маси­нинг ижрочи директори Талала Ёсиннинг айтишича ҳозирча Австралияда бундай тизимда иш юритувчи бирорта ҳам ширкат йўқ. Агар бу жам­ғарма очилиб йўлга қўйилса, беш йилдан ке­йин Австралия­даги Ислом капиталининг маблағи тахминан олти миллиард долларга етиши мумкин. Мижозлардан тушадиган маблағнинг кўпи кўчмас мулк, савдо-сотиқ ва ишлаб чиқариш каби қадрини йўқотмайдиган соҳаларга қўйилади. Шу боис бу кўпгина бошқа дин вакилларини ҳам қизиқтирмоқда. Ҳозир дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатларида бу тизимда фаолият олиб бораётган ширкат мавжуд.

 

Ёши энг улуғ аёл

 

Дунёда ёши энг улуғ аёл Ўзбекистон Республикаси фуқароси Тўти Юсуповадир. Тўтихон ая 1880 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида туғилган. Бир юз ўттиз икки ёшни қаршилаган нуроний онахон ҳали тетик. У ўн етти ёшида турмушга чиқиб, икки фар­занд­ни воя­га етказган. 1940 йилда турмуш ўртоғи, кейинчалик эса ўғли вафот этди. Ҳозир юз ёшга кирган қизи ҳаёт. Маҳалланинг кўпчилиги шу сулола авлодлари – узоқ умр кўрувчилардир. Тўтихон ая бир неча невара, эвара, чевараларнинг бувиси бўлиш ҳамда уч асрни кўриш бахтига муяссар бўлди.