Спортга қизиқиш

Дунёда баскетбол ўйинига қизиқиш тобора кучайиб бормоқда. Айниқса, Американинг деярли барча масжидлари ёнида баскетбол майдончалари бор. Ишқибозлардан бири Мусъаб Абдуалим бундай дейди: “Маҳаллий мусулмонлар бу ўйин билан мунтазам шуғулланишади. Ўйин туфайли улар бир-бирлари билан яқин, ака-укадек бўлиб кетишган. Машҳур спортчилар орасида ҳам мусулмонлар талайгина. Хусусан, машҳур “НБА” жамоаси етакчиларидан Карим Абдулжаббор ва Ҳаким Олаживон ўйини бизга ишонч ва илҳом бахш этади”.

 

Масжид юз ёшда

Севастопол шаҳрида илк масжид қурилганига юз йил тўлиши муносабати билан халқаро анжуман ўтказилди. Тантанада турли мамлакатлардан келган олим, диний арбоб, иқтисодчи, банкчилар ва бошқа дин вакиллари ҳам иштирок этишди. Анжуманнинг биринчи куни “Севастополда динлараро уйғунлик” мавзуида кўргазма бўлиб ўтди. Иккинчи куни Оврупа ва Ўрта Осиёда банк тизимини такомиллаштириш ва ўзаро ҳамкорлик бўйича йиғилиш ўтказилди. Учинчи куни эса Севастопол мусулмонлари маданият марказининг очилиш маросими бўлди. Унда иштирокчилар кейинчалик бу ерда халқаро маданият университети барпо этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлашди. Қатнашчилар жанубий соҳилбўйи масжидларини ҳам зиёрат қилишди.

 

Кийиниш одоби

“Gulf News” газетаси ёзишича, Бирлашган Араб Амирликларида мамлакатга кирувчилар учун кийиниш маданияти қонуни ишлаб чиқилди. Сайёҳлар, чет элдан келган ишчи ва талабалар жуда очиқ ва тор кийиниши бу ҳол ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани шундай қонун чиқарилишига сабаб бўлди. “Хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шу мамлакатда қанча муддат яшашларидан қатъи назар, унинг миллий урф-одатларини ва диний қадриятларини ҳурмат қилиши ҳамда ёшларга яхши намунада бўлишлари лозим”, дейди Дубай ҳокимияти вакили Ҳамад Аҳмад Раҳумий. Энди Бирлашган Амирликлари аэропортларидан киришда ҳар бир кишига кийиниш одоби баён этилган махсус қўлланма тарқатилади.

 

Рамазонда олимпиада

27 июлдан 12 августгача Лондонда олимпиада ўйинлари бўлади. Бу воқеа муборак Рамазон ойига тўғри келгани боис Ислом маданият маркази шаҳар масжидлари билан ҳамкорликда спортчилар ва мухлислар учун ифторликлар уюштиришни режалаштирган. Машҳур хоккейчи Даррен Чисмен бундай дейди: “Олимпиада билан бирга Рамазон кунлари ҳам кенг нишонланадиган бўлди. Бу кунларда турли дин вакиллари меҳмон бўлиб, мусулмон маданияти билан яқиндан танишишади”. Икки ярим миллиондан ортиқ маҳаллий мусулмонлар Рамазонни шод-хуррам кутиб олишди.

 

Саломатлик тиласанг

Мутахассислар чўчқа гўшти еган инсонларнинг аста-секин турли касалликларга чалинаётганини аниқлашди. Шу боис Оврупа мамлакатлари кўпчилик ўқув юртларида унинг савдосини чеклашни маъқуллашяпти. Олдин ҳам маҳаллий мусулмонларга ҳурмат юзасидан баъзи ўқув даргоҳларининг ошхоналарида чўчқа гўшти сотишмаётан эди. Энди эса олимлар унинг зарарли таъсирларини аниқлашгач, бу кўрсаткич янада ортди. Хусусан, Нюхэм шаҳридаги барча, Тауэр Хэмлетсда эса тўқсонтадан саксон бешта ўқув даргоҳида чўчқа гўштидан тайёрланган маҳсулотлар сотилмаяпти.

 

Қуръони карим кўргазмаси

Муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан 20 июл куни Эрон Ислом Республикаси миллий кутубхонасида Қуръони каримнинг қўлёзма нусхалари кўргазмаси бўлиб ўтди. Анжуманда кутубхона билан ўзаро алоқада бўлган уюшма ва кутубхоналарнинг ҳамда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти вакиллари қатнашишди. Кўргазмада Қуръони каримнинг турли ҳажмда гўзал санъат услубларида кўчирилган нодир қўлёзма нусхалари намойиш этилди.

 

Гиёҳвандликка қарши кураш

Малайзиядаги “Роҳман” жоме масжиди ёнида гиёҳвандликни даволаш шифохонаси иш бошлади. Бундай касалхона очилишида Куала Лумпур университети қошидаги ушбу иллатга мойилликни ўрганувчи марказ директори доктор Муҳаммад Ҳусайн Хабил ташаббус кўрсатди. Ҳозир мамлакатда уч юз эллик мингдан ортиқ даволанишга муҳтож касал бор.

Бемор даволаниш билан бир қаторда масжиддан таралаётган Қуръони карим тиловати, азон чақириғи ва имом мавъизаларидан руҳий баҳра олиб, ҳаёти ҳақида мулоҳаза юритади.

 

Боку Ислом университети

Боку Ислом университети (Озарбайжон) 2009 йили иш бошлаган. Унда мамлакатнинг энг кучли мутахассислари дарс беришади. Шунингдек, хориждан ҳам профессор-ўқитувчилар таклиф қилинган. Шу вақтгача олий ўқув даргоҳини икки минг икки юз ўттиз беш нафар талаба битирди. Университетнинг исломшунослик ва шариат факултетларида “Шариат ва Ислом асослари”, “Умумий фанлар” ҳамда “Тиллар” кафедралари бор. Талабалар диний таълим билан бир қаторда дунёвий фанлардан ҳам сабоқ олишади.

 

Луврда Ислом бўлими

Франция пойтахти Париждаги Лувр музейида сентябр ойида Ислом санъати ва маданияти бўлими очилиши режаланган. Кўргазма Луврнинг уч минг квадрат метрдан иборат Висконти залига жойлаштирилади. Музейга илк бор исломий экспонатлар 1922 йили олиб келинган. Янги лойиҳа бўйича кўргазмага VII–XIX асрларга оид ноёб санъат намуналари киритилади. Луврда шу пайтгача Ислом маданиятининг ўн олти мингдан ортиқ осори атиқаларидан атиги икки минг уч юзтаси кўргазмага қўйилган эди. Энди эса бой меросни тўлалигича намойиш этиш мумкин. Оммага қизиқарли ва тушунарли бўлиши учун янги майдон даврлар бўйича тўрт қисмга бўлинади. Ҳар бир экспонат остига қисқа сатрларда изоҳ берилади.

 

Уй кутубхонаси

Бирлашган Араб Амирликларининг “Knowledge Without Borders” халқаро ташкилоти вакиллари мамлакатдаги шахсий кутубхоналарнинг энг бой ва ажойибини аниқлаш мақсадида танлов эълон қилди. Энг зўр уй кутубхонаси мусобақаси Шаржа матбуот маркази ва шаҳар амирлиги билан ҳамкорликда уюштириляпти. Бу беллашувни ўтказишдан мақсад мамлакат ёшларининг китобга муҳаббатларини ошириш, уй шароитидаги кутубхоналарни бойитиш ва уларни рағбатлантиришдир. Шаржа амирлик кенгаши аъзоси шайх Султон ибн Муҳаммад Қосимий тадбир ҳақида бундай деди: “Уй кутубхоналари жамият маданияти, илм савияси ва даражасини акс эттиради. Бу танлов 2014 йили шаҳримизни “Ислом маданияти пойтахти” унвонига етакловчи муҳим омилдир”.

 

Улкан жоме қурилади

Истанбул шаҳрининг Жамлижа туманида улкан жоме қурилиши режаланди. Масжидга ўн беш минг квадрат метр майдон ажратилиб, у шаҳарнинг хоҳлаган жойидан кўриниб турадиган бўлиши кўзда тутилган. Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон айтишича, янги масжид ажойиб ва ўзига хос кўринишга эга бўлади. Ушбу муҳташам мажмуа хонақоҳ, меҳмонхона, кутубхона ва мажлислар залларини ўз ичига олади. Қурилиш ишлари кузда бошланади. Ҳозирча Туркиядаги энг катта жоме Усмонлилар даврининг буюк меъмори Синон бунёд этган “Сулаймоний” масжидидир.

 

Етимлар бошини силаш

Покистон Ислом ташкилоти табиий офатлар натижасида жабрланганларни бошпана билан таъминлаш ва етим қолганларга ёрдам бериш дастури бўйича иш бошлади. Уюшма раҳбари Хизмат Иззатуллоҳ OnIslam.net. порталига берган суҳбатида бундай деди: “Аллоҳ таоло бизга ота-онасиз қолган жабрдийдаларга ёрдам бериш имконини берди”. Ушбу хайрия дастури 2005–2011 йилларда юз берган зилзила ва тошқинлар боис бошпанасиз қолган болаларни боқиш, уй билан таъминлаш ва уларга таълим беришни кўзда тутади. Бу ишларга икки миллиард Покистон рупийи, яъни 22 миллион доллар сарфланади.

 

Қулай ва ишончли

Жанубий Африка Республикасида Ислом банки тизими хизматларидан фойдаланувчилар юз минг нафарга етди. “Ширкат катта, ўрта ёки кичик бўлишидан қатъи назар бу тизимда ишлаш жуда қулай ва ишончлидир. Чунки айланмадаги пул дўкон очиш, маиший ускуналар ишлаб чиқариш каби барқарор соҳаларда қўлланилади. Мамлакат молия вазирлигининг биринчи навбатда Исломий қимматбаҳо қоғозларни сотувга чиқишини режалаштираётгани ҳам бежиз эмас”, дейди ABSA банки чакана савдо бўлими бошлиғи Арри Раутенбах.