Симферопол анжумани

 

Симферопол шаҳрида катта илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманни "Раид" уюшмаси, "Амал" ташкилоти ва "Шарқшунослик" маркази ташкил этди. Тадбирда шариат асослари, Ислом ҳуқуқи, араб тили грамматикаси, фиқҳ ва тарих каби фанларни олийгоҳларда замонавий услубда ўргатиш ҳақида сўз юритилди.

 

Дунёдаги энг мўъжаз кутубхона

Уяли телефонлар оммалашиб кетгач, Британиянинг қизил рангли телефон будкаларидан ҳеч ким фойдаланмай қўйди. "British Telecom" алоқа ширкати бу буткаларни истаган кишиларга сотяпти. Уэстбери Мэндип шаҳарчаси аҳолиси шундай телефон буткасини сотиб олиб, унда кутубхона ташкил этди. Одамлар бу мўъжаз кутубхонани уйдан олиб келинган китоблар билан тўлдиришади.

 

Янги бино лойиҳаси

Бирлашган Араб Амирликларида йилдан-йилга янги бинолар қад кўтариб, шаҳарлар кўркига кўрк қўшмоқда. Савдо маркази, спорт иншооти, масжид, ўқув юрти, ширкат офиси ёки ташкилот биноси бўлишидан қатъи назар қурилишдан олдин лойиҳа ҳукумат томонидан тасдиқланиши лозим. Шаҳар архитектура маъмурияти бунёд этилажак мажмуа лойиҳасининг бежиримлиги, замонавийлиги ва ўзига хос услубига катта аҳамият беряпти. Шундай иншоотлардан бири – жоме масжид лойиҳасини Ҳусн университети талабаси Суҳайл Муҳаммад тақдим этди. Мамлакат пойтахти Абу Даби шаҳрида барпо этилиши кўзда тутилган ушбу янги масжид лойиҳасини мутахассислар ҳа­қиқатан ҳам ноёб дизайн асосида ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлашди.

 

"Рамазон – 2012"

Оврупа мамлакатларида муборак Рамазон ойида "Рамазон фестивали" ўтказиш анъанага айланган. 2005 йилдан бери бу каби тадбирлар Голландия, Швейцария, Белгия ва Норвегия мамлакатларида бўлиб ўтаётган эди. Энди бундай тадбирни Буюк Британия Ислом уюшмаси, Англия мусулмонлар кенгаши ва Оврупа "Cedar Network" халқаро тармоғи ҳам ҳамкорликда ташкил қилди. Тадбир доирасида турли йиғилиш ва жонли мулоқотлар, кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш каби хайрия ишлари уюштирилди. "Рамазон фестивали" Ислом динининг тинчлик ва тотувлик дини эканини барчага намоён қилиш ҳамда мамлакатда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари бир-бирлари билан дўстлик ришталарини мустаҳкам боғлашлари учун хизмат қилади.

 

Хитой мусулмонлари

Хитой Халқ Республикасида йигирма икки миллион нафар мусулмон бўлиб, улар асосан Синцзян, Нинся, Гансу ва Цинхай вилоятларида истиқомат қилишади. Бошқа дин вакиллари сингари мусулмонлар ҳам ҳозир ривожланиб бораётган ишлаб чиқариш корхоналари ва турли ширкатларда самарали фаолият олиб боришяпти.

 

Ислом институти

Американинг Хюстон шаҳрида янги Ислом институти ташкил қилинди. Олийгоҳни очишдан мақсад испан тилида сўзлаша оладиган имом-хатибларни тайёрлашдир. Америкада испанзабон кишилар орасида Ислом динига эътиқод қилувчилар сони тобора ортаётгани бунга асосий сабаб бўлди. Ҳозир лотин америкалик мусулмонларнинг кўпи Атланта, Лос-Анжелес, Чикаго ва Бронкс ҳудудларида яшашяпти. Америкадаги уч миллионга яқин мусулмонларнинг беш фоизи ана шу Лотин Америкасидан келиб бу ерда вақтинчалик ёки доимий фаолият юритаётганлардир. Уларнинг баъзиси чет элдан келган муҳожирлар, баъзиси мусулмон билан турмуш қурганлар ва баъзиси ёши улғайиб ўзига руҳий озуқа истаб Ислом динини танлаган инсонлардир. Энди уларнинг ичида диний саволлар туғилиши табиий. Бундай турли саволларга саводли равишда жавоб берадиган, масалаларга осон ечим топадиган ва муаммоларни атрофлича ҳал қила оладиган дунёқараши кенг имом-хатибларга талаб ортмоқда.

 

Масжиди Набавий кенгайтирилмоқда

Саудия қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидларини кенгайтириш лойиҳасини тасдиқлади.

Саудия молия вазири айтишича, ушбу лойиҳа уч бос­қичда амалга оширилади. Биринчи босқич тугашида масжид қўшимча саккиз юз минг нафар намозхонни сиғдириш имконига эга бўлади. Иккинчи ва учинчи босқичда эса ғарбий ва шарқий ҳудудларда қурилиш ишлари олиб борилиб, яна саккиз юз минг нафар мусулмон ибодат қилиши учун янги жойлар ҳозирланади.