Қуръони карим таржималари

Ҳозирча Қуръони карим маънолари дунёнинг бир юз қирқ саккиз тилига таржима қилинган. Яқин йиллларда яна қирқ тилга таржима қилиниши кутиляпти. Эрон Ислом Республикасининг маданият ва ахборот вазири ўринбосари Ҳамид Муҳаммадий 11 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда баёнот берди. У вазирлик кўмагида Қуръони карим уч миллион нусхада чоп этилишини таъкидлади. Шунингдек, Хитойдан ҳам Қуръони карим нусхаларини олиб келиш кўзда тутилганини айтди. Шу йил 15 июл – 14 август кунлари Теҳрон шаҳрида XX халқаро Қуръони карим кўргазмаси ўтказилди. Кўргазмада турли мамлакатлардан бир юз элликдан ортиқ нашриёт вакиллари иштирок этишди.

 

Намунали аёл

Миср Араб Республикасининг янги президенти Муҳаммад Мурсий Нил бўйидаги Адва қишлоғидан. Умр йўлдоши Ноқила оддий хизматчилар хонадони фарзанди. Уларнинг икки ўғил ва уч қизи бор. Муҳаммад Мурсий аввал Қоҳира университетида таҳсил олган. Сўнг Лос Анжелесда аспирантурани битирди. Ноқила Али Маҳмуд инглиз тилини ўзлаштириб, аёлларга Ислом одоби ва араб тилидан дарс берди. Ҳозир эса Ноқила мамлакатда биринчи даражали аёл ҳисобланади. Ноқила ватандошлари “Умму Аҳмад” деб, яъни тўнғич фарзандининг исми билан мурожаат қилишларини ёқтиради. Мухбирлар билан суҳбатида Ноқила Али Маҳмуд бундай дейди: “Мен эримнинг президент бўлишини ўзимга юксак масъулият билан қабул қилдим. Барча мисрлик аёлларга намуна бўлиш учун бор куч-ғайратимни аямайман”.

 

Аёллар мулоқот маркази

Австралияда мусулмонлар икки юз йилдан бери ҳаёт кечириб, турли соҳаларда илғор фаолият олиб боришяпти. Улар йигирма миллион аҳолининг икки фоизини ташкил қилишади. Мамлакатнинг Виктория штати мусулмонлари кенгаши тузилганига қирқ йил тўлди. Ушбу кенгаш қошида аёллар учун халқаро мулоқот маркази очилди. Марказ очилишини аёллар иштиёқ билан қарши олишди. Янги марказ раҳбари бу хусусда: “Марказ мусулмон аёлларнинг жамиятда тутган ўрнини намоён этади, уларнинг ўзларига ишончини мустаҳкамлайди. Ўзаро мулоқотда улар қийинчиликларни биргаликда бартараф этиш, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишади, янгилик ва ўзгаришлардан вақтида хабар топиб, дунёқарашлари ҳам кенгаяди”, деб таъкидлади.

 

Самолётда борадиган бўлишди

Озарбайжон мусулмонлари ҳар йили ҳажга автобусларда боришар, йўлда кўп қийналишарди. Бу йилдан улар автобусларда эмас, фақат самолётларда борадиган бўлишди. Бу мамлакатдан ҳажга икки минг олти юз нафар киши отланиб турибди. Сафар харажатлари ҳар бир ҳожига уч минг саккиз юз эллик манатни ташкил қилди.

 

Қадимий иншоот

Эрон Ислом Республикасининг Исфахон шаҳридаги жоме масжид ЮНЕСКОнинг қадимий осори атиқалар рўйхатига киритилди. Исфахон шаҳрининг эски шаҳар қисмида жойлашган бу жоме милодий саккиз юз қирқ биринчи йили бунёд этилган. Майдони йигирма минг квадрат метрдан иборат. Ўша пайтда барпо этилган иншоотлардан ўзига хос архитектура санъати билан фарқ қилади. Сосонийлар даври ҳамда XII аср бинолари тимсоли бўлган мазкур мажмуанинг тўртта ички ҳовлиси бор. Унинг қовурғасимон икки қобиқли гумбази олислардан кўзга ташланиб, ўзгача руҳий илҳом бахш этади. Деворларидаги ажойиб безаклар бундан минг йиллар олдинги Ислом маданияти тимсолларидир.

 

Каъбани тавоф қилди

Миср президенти Муҳаммад Мурсий расмий ташриф билан Саудия Арабистонига келди. Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз билан учрашувда у миллий урф-одати ва анъанаси бир-бирига яқин икки халқ ўртасида азалдан дўстона ришталар борлигини айтиб, келажакда турли соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ниятида эканини айтди. Икки давлатнинг иқтисод ва молия вазирлари шартномалар имзолашди. “Ислом янгиликлари” ахборот агентлиги хабар беришича, ташриф чоғида Муҳаммад Мурсий Каъбани тавоф қилди ва умра амалини бажарди.

 

Ўтганларни ёд этиб

Пайғамбаримиз даврларида бир қанча саҳоба Макка мушриклари зулмидан қочиб Хабашистон (Эфиопия)га борган, Хабашистоннинг одил подшоҳи ҳимоясида яшаган эди. Улардан ўн икки нафари Эфиопиянинг Микел шаҳридаги қабристонга дафн этилган. Яқинда Туркия Бош вазири ўринбосари Бекир Боздаг Эфиопияга қилган сафари чоғида Пайғамбаримизнинг саҳобалари қабристонини зиёрат қилди. Сўнг оммавий ахборот воситаларига берган суҳбатида шундай буюк инсонлар руҳларини шод этиб, Қуръони карим тиловат қилиб туриш, қадамжоларини асраб-авайлаш мусулмонларнинг муҳим вазифаси эканини таъкидлади. Туркия ушбу мақбараларни таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашини билдирди.

 

Мавсум шукуҳи

Шу йил 21 июл – 19 август кунлари “Бирлашган Араб Амирликларида Рамазон мавсуми” шиори остида халқаро анжуман ташкил қилинди. Анжуманда Ислом дини асослари ва Қуръон илмлари ҳақида маърузалар тингланди. Шунингдек, тўқсон минг рўзадорга мўлжалланган хайрия ифтори ташкил қилинди. 22 августда “Модхеш дунёси” номли болалар истироҳат боғи ишга туширилди. Барча савдо марказлари ва йирик дўконлар байрамона безатилган ва нархлар ҳам арзонлаштирилган. “Арт тур” сайёҳлик бўлими раҳбари Анна Арутюнова Арабистондаги муҳитни шундай тавсифлайди: “Рамазон ойида, айниқса, бошқа дин вакиллари бу ерда ажойиб туйғуни ҳис этишади. Шаҳарнинг кўркига кўрк қўшилиб, кўчалар файз ва барокатга тўлади, аҳоли янада ҳалим ва хушмуомала бўлади”.

 

Масжидлар қад кўтаряпти

Францияда масжидлар ўзгача услубда қурилган, кўпчилиги тор ва кичкинадир. Бу диёрда 1924 йили Жазоир ҳукумати ташаббуси билан бунёд этилган тарихий мажмуа ҳануз энг йирик ва минорали ягона жоме ҳисобланади. Мамлакатдаги масжидлар сони икки мингга яқин бўлиб, уларнинг умумий майдони уч юз минг квадрат метрни ташкил этади. Ҳар бир мусулмонга бир квадрат метрдан озроқ жой тўғри келади.

Францияда Ислом динига эътиқод қилувчилар сони тобора ортаётгани боис масжидларга талаб кучаймоқда. Ислом олами уюшмаси, мусулмон давлатларида фаолият юритаётган жамғарма ва ташкилотлар бирлашиб, янги масжидлар қуриш ва эскиларини таъмирлаб, кенгайтириш ҳаракатига тушишди. Ҳозир мамлакатнинг турли ҳудудларида икки юзта янги масжид қад кўтармоқда.

 

Саёҳатлар таҳлили

Дунёда мусулмон аҳоли сони ортиб, турмуш даражаси ҳам яхшиланяпти. Американинг “DinarStandard” ширкати 2020 йилга бориб дунё сайёҳларининг ярмидан кўпини мусулмонлар ташкил қилишини маълум қилди. Уларнинг кўпи нефт захираларига эга мамлакатларнинг ўзига тўқ аҳолисидир. 2005–2010 йилларда Саудия Арабистони Қироллиги, Эрон Ислом Республикаси, Нигерия, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Малайзия мамлакатлари фуқаролари сайёҳликда юқори кўрсаткичларга эришишди. Биргина Эронда сайёҳлар сони беш йил мобайнида икки юз саксон фоизга ортган. Шунинг учун ҳам саёҳатчиларни қабул қилаётган давлатлардаги меҳмонхона, дам олиш оромгоҳлари ва сиҳатгоҳлар мусулмон мижозларга алоҳида эътибор беришяпти. Эмин-эркин ибодат қилишлари учун ҳар бир хонага жойнамоз, Қуръони карим қўйилиши, ҳалол маҳсулотлардан таомлар тортиқ қилиш шулар жумласидандир.

 

Анқара кўргазмаси

Туркия пойтахти Анқара шаҳрида 29 июлдан 1 августга қадар ифтор дастурхонлари фотокўргазмаси ўтказилди. Кўпгина мамлакатлардан келган турли миллат вакиллари ўзларининг ифтор дастурхонларини намойиш қилишди. Тадбирда ҳар бир юртнинг дастурхони ўзгача кўрк ва услубга эга бўлишидан қатъи назар, безашнинг одоби, қоидалари ва маданияти борлиги таъкидланди. Шунингдек, мезбон ва меҳмоннинг ўзини қандай тутиши кераклиги ҳам уқтирилди. “Таҳрир” маданият институти ташкил этган тадбирда Қуръони каримнинг қўлёзма нусхалари ва қирқ бешдан ортиқ миллий урф-одат кўринишлар ҳам кўргазмага қўйилди.

 

 

ИҲТ йиғини

Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз ташаббуси билан Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо эллик етти давлат раҳбарлари иштирокида ташкилотларнинг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди. Август ойи охирида Маккаи мукаррамада бўлиб ўтадиган ушбу анжуманда ҳозир араб мамлакатлари, хусусан, Баҳрайн ва Сурияда юз бераётган нохушликларга барҳам беришга асосий эътибор қаратилган. Йиғилиш қатнашчилари мусулмонлар орасида фитна қўзғалишига йўл қўймаслик энг муҳим вазифа эканини таъкидлашди.

 

Мансурнинг ихтироси

Фаластиннинг Ғазо минтақасида яшовчи Мансур Қассос электр қуввати билан юрадиган автомашина ихтиро қилди. Яшил майдонда секин юрадиган қурилмага ўхшаш автоуловни Қассос олтмиш кун мобайнида турли эҳтиёт қисмлардан йиққан. Ушбу автомашина жуда қулай ва тежамкор. Асосийси, ҳозирги кунда ёқилғи шохобчасида километрлаб чўзилган навбатда туришга эҳтиёж йўқ. Муҳандис келгусида электр қуввати ҳам танқислашиб, нархи ошишини эътиборга олиб, энди қуёш нури билан ҳаракатланадиган автоулов ясашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

 

Динлараро анжуман

4 август куни Ставропол ўлкаси мусулмон-православ ёшлари бешинчи анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Ставропол губернатори Валерий Зеренков, муфтий Муҳаммад Раҳимов, митрополит Кирилл ва ёшлар уюшмаси аъзолари иштирок этишди. Анъанага айланиб қолган йиғилишда виждон эркинлиги, бағрикенглик ва диндорлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ҳақида маърузалар тингланди.

 

Баҳрайн кўргазмаси

Санкт-Петербург давлат эрмитажида жорий йилнинг 22 июл куни Баҳрайн миллий экспонатлар кўргазмаси очилди. Кўргазмада қадимий анжом, безак, лампа ва турли қадимий топилмалар намойиш этилди. Оммавий ахборот воситалари хабар беришича, бу ашёлар орасида икки минг йиллик тарихга эга бўлганлари ҳам бор. Баҳрайн ерларида ҳукм сурган қадимий Тилос қабиласи вафот этганларни тириклигида ишлатган нарсалари билан бирга дафн этишган. Шу боис намойиш этилган икки юз элликта нодир экспонатнинг кўпи турли қабристонлардан қазиб олинган.

 

Янги меҳмонхона

Қатар пойтахти Доха шаҳрида янги “Radisson Blu” меҳмонхонаси очилди. Шаҳар марказида, аэропортдан тўрт километр узоқликда жойлашган ушбу бинода беш юз саксон учта хона бор. Уларнинг ҳар бири юқори тезликдаги интернет тармоғи, битта Қуръони карим ва жойнамозлар билан таъминланган. Барча замонавий қулайликларга эга ушбу мажмуада бир кеча-кундуз туриш икки юз ўттиз уч долларга тушади.

 

Миср тарихига доир

Халқаро маънавий бойликларни сақлаш ташкилотининг Женевадаги қароргоҳида 10–20 июл кунлари Миср Араб Республикаси тарихи ва маданиятига доир манбалар видеотасмаси намойиш этилди. Кўргазма бир вақтнинг ўзида Женева қатори Турин, Франкфурт ва бошқа шаҳарлар томоша залларида ҳам ўтказилгани аҳамиятлидир. Зиёратчилар жозибали томоша кўришиб, мозийга саёҳат қилгандек бўлишди.

Қадимий Мисрнинг эрамиздан олдинги, ҳозирги даврини акс эттирган ушбу ғаройиб томоша кўпчиликка манзур бўлди.

 

Энг ажойиб бинолар

Осмонўпар бинолар бўйича халқаро кенгаш (Council on Tall Buildings and Urban Habitat) ер юзидаги бешта энг пухта ва чиройли қурилган иншоотни аниқлади. Оврупадан Милан шаҳридаги (Италия) олд қисми тўлқинсимон ишланган баландлиги бир юз олтмиш бир метрлик “Palazzo Lombardia” биноси, Америкадан Торонто (Канада) штати Миссикор шаҳарчасидаги “Absolute Towers” мажмуаси, (баландлиги бир юз етмиш тўққиз ярим ва бир юз эллик саккиз метр бўлиб, букма шаклдаги деворлари туфайли уни “Мерилин Монро” деб ҳам аташади) ғолиб деб топилди. Осиё ва Австралияда эса Сидней шаҳридаги “1 Bligh Street” иншооти ҳаммани ҳайратга солди. Томи боғ қилинган бинода ҳавони табиий тозалаб турадиган янгича мослама бор. Бундан ташқари газдан гибрид усулда фойдаланилиб, иситиш ва совутиш тизими қувватни қуёшдан олади. Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги икки юз ўттиз сакказ метрлик цилиндр кўринишидаги “Doha Tower” биноси Яқин Шарқ ва Африканинг энг зўр иншооти деб топилди. Араб миллий кўринишидаги бу қурилма нимаси биландир Барселонадаги “Акбар” биносини ҳам эслатиб туради. Мутахассислар Абу Зобидаги “Bahar Towers” эгизак биносига алоҳида “Ажойиб” деб номланган совринни ҳадя этишди. Бир юз қирқ беш метрли ушбу иншоот, турган жойида қуёш ҳаракатига қараб айланиши боис хоналар электр чироғисиз ёритилади. Халқаро кенгаш юқорида айтиб ўтилган қурилмаларнинг фақатгина баландлиги учун эмас, балки лойиҳага экология, дизайн ва дид билан ижодий ёндашилганига кўра баҳо беришди. Улар сўнгги пайтларда Америка ва Оврупадан кўра Осиё ва Яқин Шарқда бундай бинолар сонининг ортиб бораётганини таъкидлашди. Жорий йил охиригача бу қитъада баландлиги икки юз метрдан ошадиган иншоотларнинг яна тўқсон олтитаси қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.