Швейцарияда янги  масжид

Шу кунларда Швейцарияда янги масжид қурилишига киришилди. Уч қаватли бу муҳташам иншоат атрофида яна бошқа бинолар – йиғилишлар хонаси, дўконлар ва катта боғ барпо қилиш кўзда тутилган. Швейцария Ислом кенгаши ушбу қурилишга яқин 21 миллион доллар кетишини маълум қилди. Кенгаш президенти Николас Бланчонинг сўзига қараганда мазкур масжид асосан ҳашар йўли билан қурилади, аммо бу хайрли ишга Форс кўрфази мамлакатлари сармоядорлари ва бошқа саховатли инсонлар ҳам ҳисса қўшишлари мумкин.

 

Дунёдаги энг катта Қуръон

Афғонистонда дунёдаги энг катта Қуръон қўлёзмаси тақдимоти бўлиб ўтди. Қўлёзманинг бўйи 228, эни эса 155 сантиметр бўлиб, 218 саҳифадан иборат. Ҳаким Носир Қусрав Балхий бошчилигидаги хаттотлар гуруҳи 2004 йилдан бошлаб, етти йил орасида шу ишни амалга оширдилар. Қуръони каримнинг ҳар бир пораси ўзгача услуб ва кўринишга эга бўлди.

 

Ҳаж ҳақидаги фильм "Оскар" мукофотига номзод

Бадиий фильм "Абу, одам ўғли" деб номланди. Ҳинд киноижодкорлари суратга олган бу филм ҳаж қилишни орзу этиб, ниҳоят ниятига ҳалол меҳнат эвазига эришган ва Ислом дини асл моҳиятини тушуниб етган солиҳ киши ҳақида. Ҳиндистонда ўтган 42-Халқаро кинофестивалда ушбу филм энг юқори совринли ўринни эгаллади. "Энг яхши филм", "Энг моҳир актёр", "Операторлик маҳорати" ва "Энг яхши мусиқа фони" ютуқларини ҳам қўлга киритди.

 

Торонто шаҳрида исломий кутубхона

Канада мамлакатида илк исломий кутубхона қурилди. Уни Канада Ислом ташкилоти тиклади. Кутубхонада минг­дан ортиқ адабиёт бор. Қуръони карим, ҳадислар тўп­лами, тафсирлар, фиқҳ ва бош­қа йўналишларга тегишли китоб­лар тўпланган. Бу ерга хоҳлаган одам кириб фойдаланиши мумкин. Келажакда кутубхона қошида диний ўқув курс­лари ташкил этиш ҳам режалаштирилган.