Ёрдам қўлини чўзди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсонпарварлик ёрдами бўйича маслаҳатчиси Валерий Эймос Сурияга сафар қилди. У давлат раҳбари Башар Асад билан учрашиб, тинч аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳақида гаплашди. Куни кеча Саудия Арабистонида Ислом ҳамкорлик ташкилотиинг навбатдан ташқари ўтказилган йиғилишида ҳам шу масала кўрилди. БМТ бош котиби Пан Ги Мун Бирма ва Суриядаги оғир аҳволни тинч йўл билан ҳал қилиш ҳамда ташкилотга аъзо давлатлар бир ёқадан бош чиқариб, яхши ечим топиши зарурлигини таъкидлади. Касалларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва муҳтожларни озиқ-овқат билан таъминлаш кераклигини эслатди.

 

Қуръон ҳафталиги

Август ойи ўрталарида Остона шаҳридаги “Нур Остона” масжидида “Қуръони карим ҳафталиги” мавзуида анжуман ўтказилди. Қуръони каримнинг турли кўринишдаги безакли, ипак ва пахта қоғозларига кўчирилган қўлёзма ҳамда тошбосма нусхалари намойиш этилди. Тадбирни Эроннинг Қозоғистондаги элчихонаси маданият маркази ташкил қилди. Рамазон ойида ўтказилган тадбирда олимлар, ёзувчилар, халқаро ташкилот, институт ва мамлакатда фаолият юритаётган илмий-маданий марказлар вакиллари иштирок этишди.

 

Ногиронларга шароит

Ислом олами уюшмаси бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳага асосан ногиронларга енгиллик бўлсин деб масжидларга махсус мосламалар ўрнатилади. Жумладан, зинадан чиқишга қийналадиганлар учун эсколатор, карлар учун минораларга азонни англатувчи ўчиб-ёнар чироқлар ўрнатилиши, кўзи ожизлар учун деворларга тутқичлар ва махсус гиламлар тўшалиши кўзда тутилган. Бундай қулайликларни энг қадимий масжидлардан бошлаш режалаштирилган.

 

Ислом тинчлик дини

Покистон ахборот ва маданият вазири Саид Самсам Бухорий “Салом янгиликлар” халқаро телеканалига Ислом динининг дунё миқёсида тутган ўрни ҳақида суҳбат берди. Саид Бухорий дунёда мусулмон аҳолининг кўпайиши оврупаликларни тобора қизиқтираётгани эътиборга лойиқлигини айтди. Жаҳоннинг турли бурчакларида содир бўлган нохуш воқеаларнинг Ислом динига алоқаси йўқлигини қайд этди. Бузғунчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари эса динимизга буткул терс экани, Ислом тинчлик, тотувлик дини эканини Исломнинг асл моҳиятини Қуръони карим ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида баён қилинганидек соф ҳолда халққа етказиш, тушунтириш олимлар, дин арбобларининг муҳим вазифаси эканини таъкидлади.

 

Музей ишга тушди

Қоҳирадаги Ислом маданияти музейи саккиз йиллик таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди . Қадимий музейнинг йигирма бешта кўргазма залида юз мингдан ортиқ китоб, санъат асарлари ва турли ноёб буюмлар бор. Ушбу тарихий экспонатларнинг икки мингга яқини жуда қадимийдир. Кўргазмада намойиш этилаётган буюмлар турли – уммавийлар, аббосийлар, фотимийлар, мамлуклар ва усмонийлар даврига оид бўлиб, улар қадимий Андалус, Леванта, Туркия, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатлардан келтирилган.

 

Ёдгорлик ватанига қайтарилди

Туркия маданият ва саёҳат вазири Эртутрул Гунай ўн йил олдин изсиз йўқолган қадимий ёдгорлик топилганини маълум қилди. Изник шаҳри кулолларининг қўл меҳнати маҳсули бўлган ушбу махсус ойна 2001 йилгача Бурса шаҳридаги “Синан пошо” жомеига ўрнатилган эди. Сўнг номаълум шахслар томонидан Буюк Британияга олиб кетилган экан. Мутахассислар томонидан юқори баҳо берилган ушбу асар ўз ватанига қайтарилди. У сўнгги ўн йил ичида дунё саёҳатчилари орасида шуҳрат қозонган. Минг йиллик тарихга эга ушбу обида ўттиз тўртта ҳаво рангли ойна бўлакларидан иборат. Нақшин безакли бўлакларга хаттотлик санъати билан Қуръони каримнинг бир ояти ёзилган.

 

Марказ ишга тушди

Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг халқаро тадқиқот департаменти қошида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази очилди. Теҳрон шаҳридаги ушбу марказ Эрон ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий ташаббуси билан ташкил қилинди. Бир юз йигирмата давлат вакилларидан иборат ушбу институт аъзолик сони жиҳатидан Бирлашган миллатлар ташкилотидан кейинги ўринни эгаллади. Марказ уюшган ҳолда миллатлар ва маданиятларни яқинлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини кенг кўламда ҳимоя қилиш билан шуғулланади.