Янги президент

10 сентябр куни Сомали парламенти депутатлари томонидан миллий университетнинг собиқ ўқитувчиси Ҳасан Шайх Муҳаммад мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди. Мамлакат раҳбарлигига давогар Шайх Шариф Аҳмадга эса бир юз тўқсон нафар депутатдан етмиш тўққиз нафаригина овоз берган эди. Давлатнинг янги раҳбари Могадишо университетини битириб, Ҳиндистоннинг Бхопал университетида магис­трликни ҳимоя қилган. Кўп йил университет талабаларига ўз соҳаси бўйича дарс бериб келган. 2010 йилдан бошлаб "Ривожланиш" партиясида иш юритган.

 

Халқаро анжуман

Хитойнинг Нинся Хуэй автоном вилояти пойтахти Инчуан шаҳрида сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва савдосини ривожлантириш бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтди. Уч кун давом этган мазкур тадбирда турли мамлакатлардан келган беш юздан ортиқ халқаро ширкат ва институт вакиллари иштирок этишди. Араб мамлакатлари, Малайзия ва Индонезия каби мамлакатлардан ташриф буюрган қатнашчилар бу соҳадаги ютуқлари билан фикр алмашишди. Ҳозир Хитойда Ислом динига эътиқод қилувчи йигирма уч миллион аҳолининг икки миллион бир юз етмиш минг нафари Нинся Хуэй автоном вилоятида истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти ана шундай покиза маҳсулотларни хуш кўриб истеъмол қилишларини таъкидлашяпти.

 

Давра суҳбати

Қозон шаҳридаги Ислом университетида 6 сентябр куни диний ташкилотлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Анжуман "Экстремизмга қарши кураш" мавзуига бағишланди. Тадбир қатнашчилари долзарб мавзуга доир маърузалар билан чиқишди. Турли конфессия вакиллари ўз фикрларини изҳор этишар экан, бузғунчилик дунёдаги барча дин вакилларига ёт эканини таъкидлашди. Унинг олдини олиш учун эса диний ташкилот вакиллари орқали халқ­қа тушунтириш олиб бориш кераклиги қайд қилинди.

 

Инсонпарварлик ёрдами

Эфиопия, Сомали, Кения, Эритрия ва Жибути каби Африка давлатларида иқлимнинг кескин ўзгариши деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачиликка салбий таъсир кўрсатди. Ҳаддан зиёд исиш сўнгги олтмиш йил ичида энди кузатилди. Бунинг натижасида ўн бир миллионга яқин африкаликлар қурғоқчиликка юз тутиб, озиқ-овқат ва дори-дармонсиз қолишди. Ислом ҳамкорлик ташкилотининг охирги ўтказган анжуманида шу масала кўтарилган эди. Бу борада амалий ишларни бажариш бошлаб юборилди. ИҲТнинг Могадишо шаҳридаги ваколатхонаси орқали гуманитар ёрдам берил­япти. ИҲТга аъзо давлатлардан Саудия Арабистони олтмиш миллион, Қувайт ўн миллион ва Судан юз минг доллар миқдорида озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий ёрдам кўрсатишди. Ташкилотга аъзо бошқа мамлакатлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишни режалаштиришяпти.

 

Янги музей

22 ноябр куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ислом санъати музейи зиёратчилар учун ўз эшикларини очади. Санъат саройи тўқсон бир ёшни қаршилаган машҳур меъмор чизмаси билан барпо этилмоқда. Америкалик асли хитой миллати вакилининг ҳисобида "Лувр"­нинг ойнаванд пирамидаси, "Raffles City" мажмуаси ва Хитойдаги "Suzhou" музейи бор. Ишга киришишдан олдин у Мисрдаги "Ибн Тулун" ва Испаниядаги "Қамбра" қадимий масжидларининг қурилишини ўрганиб ундан андоза олган. Мажмуа битмасдан мутахассислар уни Қатар ифтихори сифатида эътироф этишмоқда. Бинонинг олд томони араб маданиятига хос шишали тўртбурчак ойнаклардан ишланган. Кўргазмалар залида VIII–XIX асрларга оид қўлёзмалар, кулолчилик, тўқимачилик, темирдан ишланган санъат асарлари намойиш этилади. Музей ҳозирдан Британия, Нюйоркдаги "Метрополитен", "Лувр", Марокашнинг "Қироллик" тўплами, Мисрнинг "Ислом маданият саройи" ва Франциядаги "Каритиер" каби машҳур музейлар билан тажриба алмашиш ҳақидаги беш йиллик шартномани имзолади.

 

Рассомлар беллашуви

Маккаи мукаррамада жаҳон рассомлари иштирокида Ислом санъати ва маданияти мусобақаси ўтказилади. Тадбир саудиялик Юсуф Жамил исмли санъат арбоби ташаббуси билан ташкиллаштириляпти. "Маккага муҳаббат" номли тадбирда дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган санъат усталари маҳоратларини намойиш этишади. Турли миллат вакиллари ўз анъаналарига хос услубда шаҳар деворларини безашади. Беллашув шаҳарнинг йигирмадан ортиқ кўчаларида бўлиб ўтади. Жамил кўргазмадаги ноёб дурдоналарни сақлаб қолиш ва бу билан Ислом санъати, маърифати ҳамда маданияти тўпламини бойитиш мақсадида махсус тармоқ тузишни ҳам режалаштирган. Лойиҳага кўра бундан кейинги анжуманларда намойиш этиладиган барча расмларни тармоққа йиғиш ва уни бутун оммага интернет орқали намо­йиш этиш кўзда тутилган.

 

Танлов

Сентябр ойи бошида Қозоғистоннинг Кокшетау шаҳрида қиёфаси ва меъморий жиҳатидан ўзига хос янги масжиднинг қурилиш лойиҳаси бўйича тендер ўтказилди. Танловда "Қарағанда" масжидини безаган "Kagan Engineering" уюшмаси ғолиб чиқди. Лойиҳага кўра масжиднинг олд қисмига девор бўйлаб Аллоҳнинг тўқсон тўққизта гўзал исмлари туширилади. Жоменинг ички қисмини безашда суюқ тилла ишлатилиши кўзда тутилган. Жоменинг ажойиб услубдаги ўн икки метрлик қуббаси, ундаги етти метрлик қандил, юмалоқ мармар устунлар ва фируза рангли деворлар мажмуани бетакрор меъморчилик санъати маҳсули даражасига кўтаради.

 

Келажак сари

Саудия Арабистони дунёда энг кўп нефт ишлаб чиқарадиган давлатлардан биридир. Мамлакат бу бойликдан унумли фойдаланмоқда. "Citigroup" таҳлил ширкати мутахассислари бу ҳақда ўз фикрларини изҳор этдилар. Мамлакат хазинасидаги газ ва нефт маҳсулотларининг юз фоизини мунтазам ишлатиб келяпти. Ҳисобга кўра ўз аҳолиси учун ёқилғининг тўртдан бир қисми кифоя экан. Нефтдан кенг кўламда фойдаланиш ва уни тўхтовсиз чет элга чиқариш 2030 йилга келиб салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли йўқ эмас. Ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёж ҳаддан зиёд кўплиги ва йил сайин нархи ортиши табиий. Яна йигирма йилдан сўнг мамлакат ўз эҳтиёжи учун худди шу нарсани камида икки баробар қимматга сотиб олиши мутахассислар томонидан таъкидланмоқда.

 

Қарор кучга киради

Қувайт вазирлар маҳкамаси янги қарор қабул қилди. Қарор хориждан келган хизматчиларга яхши шароит туғдириш ва уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган. Ислом динига эътиқод қилувчи барча ишчиларга моддий ва маънавий ёрдам бериш ҳақидаги қонун барча мусулмонларни қувонтирди. Давлат палатаси чет элдан келган мусулмонлар маҳаллий аҳолининг оғирини енгил қилаётгани ва уларга катта кўмак бераётганини ҳисобга олиб ушбу қонунни маъқуллади. Лойиҳада хориждан келган ишчиларга визаларини бепул расмийлаштириш ва маошидан ташқари маблағ ажратиш ҳам кўзда тутилган.