Киевга ташриф

Шу йил 16 сентябр куни Малайзиянинг Перлис штати амири Саид Файзуддин Путра Украина мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонга Малайзиянинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Чуа Теонг Бан ҳамроҳлик қилди. Муфтий Аҳмад Тамим мамлакатда диний таълим ривожи, турли конфессиялар билан дўстона алоқалар ҳақида сўзлаб берди. Саид Файзуддин Путра қабул учун миннатдорлик билдирди. Учрашувда Малайзия халқаро Ислом университети мударрис ва талабалари билан тажриба алмашиш масаласи муҳокама этилди.

 

Эксперт гуруҳи тузилди

Ислом молия ташкилотлари ҳамда банклари фаолиятини назорат қилувчи янги уюшма тузилди. Иброҳим Десаи бошлиқ Жанубий Африка Ислом уламоларидан иборат эксперт гуруҳи молия ташкилотлари қонунларга қандай риоя этаётганини кузатиб боради. Олимлар кўпроқ мижозлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Мутахассислар бундай амалиёт корхоналарда қатъий интизом ўрнатилиши самарадорлик ортишига сабаб бўлади, дейишмоқда.

 

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларида янги филм

Қатар киноижодкорлари Муҳаммад пайғамбаримиз ҳақларида янги, юксак даражада сифатли филм суратга олишни режалаштиришди. Қувайт ахборот агентлиги хабар беришича, уч қисмдан иборат филмни суратга олиш жараёнида тўрт юз эллик миллион доллар сарфланади. Филм ноёб санъат асари бўлиши ҳамда Пайғамбаримиз ҳақида бугунга қадар ишланган филмлардан яхши чиқиши кўзда тутилган. Иложи борича кўпроқ томошабин жалб этиш мақсадида филм инглиз тилида олинади. Ижодкорлар барча техника ва сценарий тайёр эканини билдиришди.

 

Кўргазма бўлиб ўтади

Фаластинда қадим қўлёзмалар ва ноёб буюмлар кўргазмаси бўлади. Мамлакат саёҳат ва қадимий ёдгорликларни сақлаш вазирлиги ушбу тадбирни миллий тарих музейида ўтказади. Бу диёрда қадимда муомалада бўлган тангалар, усмонлилар салтанати тамғалари намойиш этилади. Шунингдек, қадимий ҳужжатлар, Қуръони карим нусхалари ва ўймакорлик санъати дурдоналари ҳам ушбу кўргазмадан ўрин олади. Ташкилотчилардан Аҳмад Парч ёшларнинг тарихни яхши билиши ва миллий маданият ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлишида кўргазма жуда муҳимлигини таъкидлади.

 

Расмий ташриф

Миср Араб Республикас Бош вазири Хишом Қандил шу йил 19–20 сентябр кунлари Суданга расмий ташриф буюрди. У мезбон мамлакат Бош вазири билан учрашиб, Миср ва Судан ўртасидаги дўстона алоқаларни тиклаш ва ривожлантириш ҳақида музокаралар олиб борди. Шунингдек, Хартум шаҳрида Мисрнинг “Аҳлий” банки бўлимини очиш ҳақида ҳам гаплашиб олди. Банкнинг расмий очилиш маросимида икки мамлакат раҳбарлари иштирок этиши таъкидланди.

 

Ҳаж вазири баёноти

Ҳажга борувчилар ададини кўпайтиришни сўраб қирқдан ортиқ давлат Саудия Арабистони Ҳаж вазирлигига мурожаат қилди. Ҳаж вазири Бандар Хожар Масжидул Ҳаромда кенг кўламли таъмир ишлари олиб борилаётгани боис ушбу сўровларга рад жавоб берди. У Саудия Арабистонининг яқин беш йил мобайнида эски режа бўйича ҳожилар қабул қилишини айтди. Ҳозир атрофдаги кўпгина бинолар бузилиб, Ҳарам ҳудудига қўшиляпти. Шу боис меҳмонхоналар етишмаслиги қийинчилик туғдириши мумкинлиги айтилди. Ўн бир миллион долларли лойиҳа бўйича бу ерда ҳали анча иш амалга оширилиши керак.

 

Ҳайдовчига мақтов ёрлиғи

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри полицияси йигирма олти ёшли покистонлик ҳайдовчи Умар Ажмалга олийжаноблиги учун мақтов ёрлиғи топширди. Ҳайдовчи ишдан уйга қайтаётганида такси орқа ўриндиғида чарм дипломатни кўриб қолади. Уни очиб ҳам кўрмай, шаҳар назорат идорасига топширади. Нозирлар эса унинг эгаси Саудия Арабистонидан келган ишбилармон эканини аниқлашади. Дипломатни эгасига қайтаргач, унда бир юз йигирма беш минг риёл пул ва қимматбаҳо буюмлар борлиги маълум бўлди. Саудиялик ишбилармон камтарин мусулмоннинг имон-эътиқодига қойил қолиб, унга каттагина суюнчи берди.

 

Энг ёш вазир

Йигирма тўққиз ёшли Ҳадя Тоиқ Норвегия маданият вазири этиб тайинланди. Ушбу мусулмон аёл мамлакат тарихида энг ёш вазирдир. У келгусидаги ишлари режаси ҳақида оммавий ахборот воситаларига баёнот берди. Янги вазир маданият мамлакатнинг кундалик ҳаёти ажралмас қисмига айланиши зарурлигини, Норвегияда истиқомат қилувчи ҳар бир шахснинг қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, ўз санъати ва маданиятини эркин намоён этиш ҳуқуқи борлигини таъкидлади.

БМТ йиғини

Миср Араб Республикаси президенти Муҳаммад Мурсий Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг олтмиш еттинчи йиғинида иштирок этиш учун Америка Қўшма Штатларига ташриф буюрди. Анжумандан олдин у “CBS” телеканалига суҳбат берди. Шунингдек, ташкилот Бош директори Пан Ги Мун билан ҳам суҳбат қурди. Миср раҳбари ушбу йиғин дунёда тинчликни сақлаш ва мамлакатлараро дўстона муносабатларни тиклашда муҳим омил бўлиши зарурлигини таъкидлади.

 

Анжуман ўтказилди

Гонгконгда Ислом олами уюшмасининг йиғилиши ўтказилди. Анжуманда ҳозир ушбу мамлакатда яшовчи Африка мамлакатлари, Бангладеш ва Индонезия каби давлатлар вакиллари иштирок этишди. Иш ахтариб ёки бошқа юмуш билан келган мусулмонлар яхши шароит яратиб берилаётгани учун ташаккур айтишди. Ҳозир оролда яшаётган икки юз эллик мингга яқин мусулмоннинг юз минг нафари четдан келганлардир. Қатнашчилар бу ерда масжидлар саноқли бўлса-да, эмин-эркин ибодат қилиш мумкинлигини таъкидлашди.

 

Қатар сармояси Бразилияда

Қатарнинг “Barwa Bank” Ислом банки Америка Қўшма Штатлари ва Бирлашган Араб Амирликларида қарзлар бўйича иш олиб борар эди. У фаолият доирасини кенгайтириб, Бразилия бозорига ҳам кирди. Маълумотларга кўра, ҳозир Бразилия ривожланиш бўйича Хитой, Ҳиндистон ва Россия каби йирик мамлакатлар қаторига қўшилиш арафасида. Бу юртнинг араб мамлакатлари билан бир йиллик савдо-сотиғи миқдори саккиз миллиард доллардан ошди. Мутахассислар бундай мамлакатда иш олиб бориш яхши фойда беришига ишонч билдиришмоқда. Бундан ташқари, футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионати, 2016 йилги Олимпия ўйинлари ҳам Бразилияда ўтади.

 

Мамлакатни тиклаш йўлида

Америка Қўшма Штатлари Афғонистоннинг Шибирғон вилоятида нефт қувурларини қазиб олиш учун бир юз йигирма миллион доллар ажратди. Американинг Афғонистондаги доимий вакили Кейт Майнц айтишича, ушбу лойиҳага ҳаммаси бўлиб беш юз миллион доллар кетади. Қолган маблағни эса Осиё тараққиёт банки беради. Кейинчалик АҚШ Балхдаги қурилиш ишлари учун яна бир юз олтмиш миллион доллар моддий ёрдам кўрсатишини маълум қилган.

 

Экологияли масжид

Буюк Британиядаги мусулмонлар уюшмаси қошида ташкил этилган махсус жамғарма Кэмбриж шаҳрида экологияли масжид барпо қилиш ҳаракатида. Ушбу жоме бошқалардан тубдан фарқ қилади. Масалан, хонақоҳ табиий шамоллатиш йўли билан совутилади. Унинг теварак-атрофида боғ яратишни машҳур лойиҳачи Эмма Кларк зиммасига олган. Шунингдек, масжид томи ҳам бўш қолмай, қушлар ин қуришлари учун махсус ўт-ўлан ўстирилади. Кэмбрижда ҳозир турли мамлакатлардан келган минглаб мусулмон талабалар яшайди. Уюшма уларга шароит яратиш билан бирга атроф-муҳит тозалигига ҳам ҳисса қўшмоқда.

 

Диндорларга ёрдам

Туркия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Диёнат ишлари вазирлиги, хайрия жамғармалари ва “Қизил яримой” жамиятлари биргаликда олтмиш миллион доллардан кўпроқ маблағ йиғишди. Бу пуллар Бирманинг Аракан вилояти мусулмонларига беғараз ёрдам сифатида юборилди. Шу йил ёзда Мянма мусулмонлари бошига тушган кулфатдан камида юз минг мусулмон зарар кўрган. Бундай ёрдам уларга моддий ва маънавий жиҳатдан далда бўлиши турган гап.

 

Янги музей очилди

Қуддус шаҳри мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар учун ҳам ўзига хос тарихий ва муқаддас жой саналади. Мана шу гўзал маконда Аманда Вейс «Bible Lands Museum» музейини ташкил қилди. Аманда ушбу музейга турли тарихга эга, лекин уч динга ҳам оид нодир қўлёзмалар, ноёб буюмлар ва қадимий санъат намуналарини йиғди. Бу ерга ҳар куни турли дин вакиллари келиб, бир-бирлари билан фикр алмашишяпти. Музей асосчиси турли дин вакилларини бир жойда жам қилиш ва улар ўртасида яхши алоқаларни мустаҳкамлаш учун ажойиб макон пайдо бўлганини таъкидламоқда.

 

Англия ва ИҲТ

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Буюк Британия ўртасида алоқаларни ривожлантириш бўйича шартнома имзоланди. Бирлашган Қиролликнинг Ташқи ишлар баронессаси Саида Варсий ва ИҲТ Бош котиби Акмалуддин Эҳсонўғли ўртасида имзоланган битимда хавфсизлик, маданият, фан, таълим, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва динлараро мулоқот каби соҳалар қамраб олинди.

 

Дубай академияси

Испаниянинг “Реал Мадрид” футбол клуби Дубай шаҳрида футбол академиясини ташкил қилиш режасини тузяпти. Академияда етти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган ўспиринларга юқори малакали мутахассислар футбол сирларини ўргатишади. Назарий машқлар Абу Зобининг Брайтон коллежида ўтказилади. Клуб учун Рас Хайма туманида 2015 йили битказилиши мўлжалланган дам олиш маскани ҳам шу лойиҳага киритилган. Мажмуани барпо қилиш учун бир миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган.