Қонун барчага баробар

Кўплаб нигериялик хотин-қизлар Саудия Арабистонининг Жидда аэропортидан зиёратларини адо этолмай ватанларига қайтишга мажбур бўлмоқдалар. Чунки улар маҳрамсиз муборак сафарга отланган ёш аёл-қизлардир. Саудия Арабис­тонининг Ислом ва Вақф ишлари вазирлиги барча мамлакат ҳожилари учун фатво чиқарган. Унга кўра фақат қирқ беш ёшдан ошган аёлларгина ёлғиз сафарга келишларига ижозат берилган.

 

Брюсселда тадбир

Брюссел мусулмонлар уюшмаси илк бора Ислом маданияти кўргазмасини ташкил қилди. Икки ҳафта давом этган кўргазмада мамлакатда фаолият юритаётган ширкатларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари намойиш қилинди. Унда икки юз эллик минг нафар мусулмондан ташқари бошқа дин вакиллари ҳам иштирок этишди.

 

Зиёратчилар сони ортмоқда

Шу йил октябр ойидан Лувр музейининг Ислом санъати кўргазмаси янги иш бошлади. Ислом маданияти дурдоналари оммада катта қизиқиш уйғотгани боис кириш чиптасининг нархи тенг баробар ошса ҳам зиёратчилар етмиш беш фоизга ортди. Йилига тўққиз миллионга яқин зиёратчилар орасида ногирон, ўн саккиз ёшга тўлмаганлар ҳамда Оврупа таълим муассасалари талабалари учун кириш бепул. Кўргазмада намойиш этилаётган Қуръони каримнинг аслий нусхалари ва қадимда қўлланилган нодир буюмлар барчани ўзига ром этмоқда.

 

Америкада Ислом маркази очилди

Миссури штатининг Ролла шаҳрида очилган Ислом марказида масжид, дарсхоналар ва болалар ўйнаш майдончаси бор. Бу ерда мусулмонлар оилалари билан эмин-эркин ибодат қилишлари ва диний билим олишлари мумкин.

 

Халқаро анжуман

Донецк шаҳрида "Исломшунослик" мавзуида II халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда давлат ва дин арбоблари ҳамда мамлакатдаги халқаро ташкилот вакиллари иштирок этдилар. Анжумандан кейин Молдова мусулмонлар уюшмаси ва Украина мусулмонлари идораси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Битим икки халқ ўртасида минг йиллик тарихга эга дўстлик ришталарини уйғунлаштириш, тажриба алмашиш ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш каби омилларни ўз ичига олган.

 

Қуръони карим имо-ишора тилида

Иорданиядаги Қуръони каримни сақлаш жамияти биринчи бора қулоғи карлар учун Қуръони карим DVD-диски чиқарди. Ушбу диск имо-ишора ёрдамида Мусҳафни ёритиб беради. "Диск ёзиш учун беш йил сарфладик, - дейди лойиҳа иш бошқарувчиси Аҳмад Алайид. - Қуръон шарҳларини ўрганиб чиқиб, энг содда шаклини олдик. Ўттиз пора олтмишта диск­ка сиғди. Бундай дискларни ҳадя сифатида тарқатишни режалаштиряпмиз".

 

Чита тарихий масжиди

Бойқолорти ўлкаси жоме масжиди қурилганига бир юз беш йил бўлди. XIX аср бошида бунёд этилган тарихий обида бир неча йиллар омборхона вазифасини ўтаган. 1993 йилдагина масжид сифатида фойдаланиш йўлга қўйилди. Ҳозирда уни таъмирлаб, яна қўшимча бир хонақоҳ барпо этишга бел боғланди.

 

Бир тонналик китоб

Дубайда Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари ҳақидаги китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб катталиги ва оғирлиги жиҳатидан Гиннес рекорд­лар китобига киритилди. Бўйи беш метр, эни тўрт метр ва оғирлиги эса бир тонна бўлган ушбу қўлёзмани Дубай шаҳри амири ўринбосари, молия вазири Хамдон ибн Рашид Мактум тақдим этди. Ҳозирда ушбу асарнинг эллик дона нусхасини тайёрлашга киришилди. Мақсад уни дунёнинг турли диний ташкилотларига совға қилишдир.