Араб маданияти кунлари

Нидерландиянинг Ден Бош шаҳрида араб маданияти кунлари ўтказилди. Дастур доирасида араб адабиёти ва санъати ҳақидаги ҳужжатли филмлар намойиш этилди, тасвирий санъат кўргазмаси очилди.

Эътиборли томони, араб маданияти кунлари тадбирларида араблардан кўра голландлар фаол қатнашишди.

 

Радио ишга тушади

Тез фурсатда Грузияда янги радиоканал иш бошлайди. Кавказ мусулмонлари идораси Грузия бўлими раҳбари Али Алиевнинг сўзларига кўра, айни дамда радио хизматини ташкил этиш ва эшиттиришларнинг йўналишлари муҳокама этиляпти. “Радиони очишдан мақсад мамлакатда яшаётган мусулмонлар, айниқса, озарбайжонларнинг исломий билимларини оширишдир”, дея таъкидлади Алиев.

Мусулмонлар идораси турли илмий анжуманлар ташкил этиш, китоблар таржима қилиш каби режаларни ҳам амалга ошириш ниятида.

 

Веб-тармоқда нодир маълумотлар

Буюк Британия ҳукумати яқин вақтлар ичида интернетга Форс кўрфази мамлакатлари тарихига доир шу пайтгача эълон қилинмаган 500 мингдан ортиқ асарларни, йирик араб ва мусулмон олимларининг нодир қўлёзмаларини жойлаштирмоқчи. Мамлакат ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайти маълумотига кўра, “Форс кўрфази бўйича Британия манбалари” деб номланган ушбу лойиҳа қиймати 9 миллион фунт стерлинг (13 милён АҚШ доллар) дир.

Лойиҳани Буюк Британия миллий кутубхонаси ва Қатар фан, таълим ва ижтимоий тараққиёт жамғармаси биргаликда ташкил этяпти. Сайтга жойлаштириладиган бир ярим миллиондан ортиқ камёб тарихий ҳужжатлар билан истаган киши текин танишиши мумкин.

Машҳур китоблар орасида Абу Али Ибн Синонинг ҳижрий 1070 йили кўчирилган “Тиб қонунлари” китоби ҳам бор.

 

Янги вазир тайинланди

Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Аҳмад ибн Абдулазизни илтимосига биноан вазифасидан бўшатиш ва шаҳзода Муҳаммад ибн Ноифни унинг ўрнига мамлакат Ички ишлар вазири этиб тайинлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Шаҳзода Аҳмад ибн Абдулазиз ўтган йилнинг 18 июн ойида вазир лавозимига тайинланган эди. Ундан олдин бу вазифани қироллик тахтининг валиаҳди Ноиф ибн Абдулазиз бажарган.

 

Ҳамкорлик битими имзоланди

Уммоннинг “Al Madina Financial and Investment Services” ва Малайзиянинг “ACA Amanie” компаниялари исломий сармоялар соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бу тўғридаги шартнома Уммон султонлигининг Масқат шаҳрида ўтказилган Ислом банкинги халқаро форуми доирасида имзоланди.

“Насиб қилса, Масқатда тажрибаларимизни оширамиз ва етакчи саноат таҳлилчиларининг кучини бирлаштирамиз”, деди “Amanie” компанияси асосчиси доктор Муҳаммад Довуд Бакир.

 

Индонезияда янги масжид

Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида қурилиши мўлжалланган марказий масжид лойиҳаси тасдиқланди. Ушбу жоме дунёнинг энг йирик масжидлари сафини тўлдиради. Янги масжид майдони тўқсон беш минг квадрат метр, ўзига бир юзу йигирма минг намозхонни сиғдира оладиган ва миллий тимсолга айланган “Истиқлол” жомеидан кичик бўлмайди.

Жакарта ҳокими Жоко Видодо бундай қурилишлар шаҳар иқтисодиёти ривожланишининг рамзий белгиси эканини таъкидлади.

Гарчи лойиҳа ҳали режалаштириш босқичида бўлса-да, шаҳар маъмурияти 2013 йили қурилиши бошланадиган масжид учун қулай жойларни кўздан кечиришга киришди. Асосан Жакартанинг жанубий туманларига эътибор қаратиляпти.

 

Ғазо минтақасида спорт шаҳарчаси

Фаластин ҳукумати Ғазо минтақасида спорт шаҳарчасини қуриш бўйича тендер якунланишини эълон қилди. Ушбу қурилишни Қатар давлати молиялаштиряпти.

Фаластиннинг Ёшлар ва спорт масалалари бўйича вазири Муҳаммад Мадхун янги шаҳарча 127400 квадрат километр майдонга эга бўлиб, Ёсин деб аталишини, Қатар ҳукумати унга йигирма беш миллион доллар ажратганини маълум қилди. Бу ерда халқаро стадион, ўйин майдонлари, жамоалар учун меҳмонхоналар, сув спорти саройи, маъмурий бинолар ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади.

“Ёсин” спорт шаҳри барча фаластинликларга бирдай фойдали, юртимизнинг диққатга сазовор масканларидан бирига айланади”, дея ишонч билдирди вазир Муҳаммад Мадхун.

 

Ислом билан қўрқитишга қарши

Оврупада шу йилнинг ноябри “Исломофобияга қарши кураш ойи” деб эълон қилинди. Ой давомида мусулмонларга қарши нафрат уйғотишга хизмат қилаётган ахборотлар, масалалар ва уларнинг ечимларига қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказилди. Лондонда бошланган ушбу ҳаракат жуда кўп диний ва сиёсий ташкилотлар эътиборини тортди.

Тадбирларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, таълим ва қонунчилик соҳасининг кўзга кўринган вакиллари қатнашяпти. Лондондаги йиғинда сўз олган британиялик адвокат Имрон Хон оммавий ахборот воситаларида Исломни ёмонотлиқ қилиш билан мусулмонлар номидан турли жиноятларни ташкил этишнинг ўзаро боғлиқ эканини таъкидлади.

 

Олмонияда янги ўқув юрти

Олмониянинг Оснабрюк шаҳрида Ислом институти очилади. Ушбу илм маскани Мюнстердаги Ислом билим юрти қаторида мамлакатнинг йирик исломий таълим марказларидан бирига айланади.

2012–2013 ўқув йилининг қишки мавсумидан бошлаб Оснабрюк институтида 47 нафар талаба ўқий бошлайди. Ушбу илм даргоҳида 2010 йилдан бери имомларга олмон тилидан таълим бериб келинаётган эди. Мамлакат ҳукумати Ислом марказларига йигирма миллион евро маблағ ажратди. Оснабрюк ва Мюнстердагидан ташқари Тюбинген, Франкфурт Гиссен ва Эрланген Нюрнберг шаҳарларида ҳам Исломни ўрганиш марказлари бор.

Ҳозир Олмонияда тўрт миллиондан ортиқ мусулмон яшайди.

 

Интернет материаллари асосида тайёрланди.