Жаҳонгир ФОЗИЛ

 

* * *
Тил улуғ неъматдир, инъомдир, бироқ,
Эй инсон, фикр қил, теран ўйлаб боқ.
Ўзгалар ғийбатин қилгандан кўра,
Тил-жағсиз яшаган эрур яхшироқ.
* * *
Номим қолсин  десанг абадиятга,
Юрагингни тўлдир яхши ниятга.
Сўнгра ҳар лаҳзада, ҳар сонияда
Фойданг тегиб турсин одамиятга.
* * *
Мангулик қўшиғи – имон, маърифат,
Дунёнинг бешиги – имон, маърифат.
Бир ҳикматни асло унутма, инсон,
Жаннатнинг эшиги – имон, маърифат.
* * *
Инсон манмансираб дунёда нетар,
Нари борса тоғ ҳам булутга етар.
Боши кўкка етган баланд чўққи ҳам
Кун келиб тупроққа айланиб кетар.
* * *
Охират деб бу дунёни унутма,
Фақат дунё билан кўнглинг овутма.
Ҳар иккисин ғами бўлсин жамулжам,
Тўғри йўл шу, ўзга йўлларга ўтма.
* * *
Аввало инсонда ният пок бўлсин,
Мақсад холис бўлсин Аллоҳ йўлида.
Яхшиликка хизмат қилади тиғ ҳам –
Ҳаётинг асрайди жарроҳ қўлида.