Момом келар эди тоғдан:

– Болам, кетдик, юр қишлоққа.

Қўй боқасан, сут ичасан,

Не етсин адир-ўтлоққа...

 

Ёш боламан, чопдим дарров,

Гўё қушман шўх парвозда.

Йўлда мақтаб кетар момом:

– Яйраб қолгин уч ой ёзда...

 

Бўлам билан чўмиламиз,

Сигир-қўйни боқиб келиб.

Иссиқ нону қаймоқ билан

Тўйиб-тўйиб тушлик қилиб.

 

Момом, бобом суҳбатида

Тоғ-тошларнинг салобати.

Юрагида дарё оқар,

Ундан тошқин муҳаббати.

 

Болаликнинг кўчаси кенг

Қишлоғимнинг адиридан.

Раҳмат топди момом, бобом,

Гуллар ўсибди қабридан.

 

Гоҳо боқиб қир-адирга

Кўнгил жавоб излар сирга:

Наҳот кетди беғуборлик

Момогинам билан бирга?..

 

Бориб тураман баъзида

Қўй боққаним ўша уйга.

Эски хотирот эргашар

Кўнглимдаги ҳазин куйга...

 

Тўлқин АЗИМОВ,

Қашқадарё