Соғинаман сени, мадрасам...

 

Нетай қалбда ихлос, интилиш бўлса,

Нетайин юрагим ҳаприқиб урса?

Қалб сўзимни тингла, илмга коним,

Мен сени севаман, мадрасам, жоним.

 

Илк бор қучоғингга қадам қўйган кун,

Эслайман – ўша илк ажойиб суҳбат...

Сенга шунчакимас, илмга чанқоқ

Бутун борлиғим-ла қўйдим муҳаббат.

 

Ҳар доим бағрингга югуриб келдим,

Кутиб олдинг нурли табассум билан.

Илму одоб бериб, учирма қилдинг,

Розиман қолмоққа доим сен билан.

 

Устозлар чарчамас, илм ўргатар,

Шогирдлар тиришқоқ – елиб-югурар.

Сен доим қалбимда, юрагимдасан,

Ҳаёт боғим, умр йўлагимдасан...

 

Илм деб тинмайман, майли, чарчасам,

Доим соғинаман сени, мадрасам!

 

 

* * *

 

Кимларнидир қилдим иззат,

Кимлардандир аядим уни.

Иззат қилган топаркан ҳурмат,

Билиб олдим ниҳоят шуни.

 

Бу ҳаётнинг қонунлари кўп,

Ўзи бир-бир ўргатар аста.

Синовларга десам: “шукр, хўп”,

Муаммо ҳал бўлар бирпасда...

 

Ҳилола УМАРАЛИЕВА,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар Ислом ўрта-махсус билим юрти талабаси