Дўстимни кўргани бордим. Отаси вафотидан сўнг сал ўзини олдириб қўйибди. Яхши хотираларни эслашиб, анча суҳбатлашдик.

– Отам раҳматли охирги йиллар тинмай томоқ қирадиган бўлиб қолувдилар. Тўғриси, малол олиб, қаттиқроқ гапирган, ҳатто дўстлар, қўни-қўшнилардан ҳижолат тортиб, танбеҳ берган пайтларим ҳам бўлган. Отам эса... катта бошини эгиб: “Атайлаб қилмаяпман, болам, қаричилик...” дердилар... Ўшанда кўнгилларидан  нималар  ўтган экан-а?! Озор берганларимни эсласам...

Унинг дарди, соғинч кўзёшлари кўнглимни эзди –бир шаҳарда турсак-да, кўришмаганим акамни ўйлай бошладим. Тезроқ ёнига боришга ошиқдим...

Саидкомил АБДУЛЛАЕВ,

Сирдарё