Тошқўрғон қишлоғида ўн мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу жой азалдан илм-маърифатли кишилар юрти. Бухоро амирлиги даврида тошқўрғонлик кўп йигитлар “Ислом динининг қуввати” саналган Бухорода таҳсил кўришган. Кексалар айтишича, “Амирнинг даҳяги”ни (стипендияси) олиб ўқиган талабалар ичида қишлоқдошларимиз кўп бўлган. Ҳатто уларнинг бири ҳақида “Бухоронинг жами илмини олиб кетди” деган нақл ҳам тарқалган экан.

Советлар даврида ана шундай алломалардан мулла Эсон, мулло Исматулло, мулло Абдураҳмон каби бир қанча зиёлилар қатағон қилинган. Одамлар юрагида қўрқув уйғотиш учун уларни қишлоқда, одамларнинг кўзи олдида хўрлаб, отувга ҳукм қилишган экан.

Мустақиллик шарофати билан динимизга кенг йўл очилди, қадриятлар қайта тикланди. Аждодлар удумига қатъий амал қилган қишлоқдошлар илм аҳлини қаттиқ қадрлайди, давраларининг тўрига ўтказади.

Бундан бир неча йиллар олдин “Ҳидоят” журналида Ҳаким Сатторийнинг “Истиғфор” номли мақоласи давомли эълон қилинган эди. Қишлоғимизда бир пайтлар ўқитувчилик қилган Ҳаким Сатторийнинг рўзани қандай қабул қилгани ҳақидаги кечинмалари биз қишлоқдошларни бефарқ қолдирмади. Журналнинг ҳар бир сонини интизорлик билан кутиб, қизиқиш билан ўқидик. Эндиликда бу нашр бизнинг яқин қадрдонимизга айланди. Унинг тахламларини озода, кўринарли жойда заха етказмай сақлаб борамиз. Чунки “Ҳидоят”даги мақолалар ҳеч қачон эскирмайди.

Бу йил ҳам ўттиздан ортиқ қишлоқдошлар журналга обуна бўлишди. Унда мавзулар кенглиги, динимиз ҳукмлари осон тушунтирилиши ва ижтимоий мақолалар бериб борилиши бизга жуда маъқул.

 

Чори БЕГИМҚУЛОВ,

Касби туманидаги “Раҳматуллоҳ Суяр ўғли” жомеи имом ноиби