Ҳар йил ҳайит яқинлашаверса, болалигимда бўлган бир воқеа эсимга тушади...

Ўша вақтларда Мозортаги қишлоғидаги мактаб орқасида харобага айланган, лекин ички ва тепа безаклари жилосини йўқотмаган масжид биноси мунғайиб турарди. Биз қулфланган безакдор эшик тирқишидан хонақоҳ ичини томоша қилардик. Уни обод қилишга ҳам ҳеч ким ботина олмасди. Намозхонлар эса қабристон четига қурилган кичик хонақоҳда тўпланишар, ҳайит намозлари ҳам шу ердаги супада ўқилар эди. Маҳалла аҳли ясаниб, томошага чиқарди.

Етмишинчи йилларнинг боши... Комфирқа одамлари ҳайит намозини масжидда ҳам ўқитишмайди. Намозга тўпланган жамоа нима қиларини билмай қолади. Шунда дадам: “Юринг­лар, ҳайит намозини ўқийдиган жой бор”, дейдилар. Одамлар дадамга эргашишади.

...Эндигина кўча эшик олдини супуриб бўлган онам дадамнинг эрта қайтганидан ажаб­ланди. Дадам шошилиб, қибла томонга шолча тўшади. Бир зумда ҳовли одамга тўлди. Биров қўйнидан жойнамоз олди, биров белбоғини ечиб ерга солди. Намоз ўқилди. Кишилар дуо қилиб тарқалишди. Дадам одамларни кузатгач, бизга ҳайитлик бердилар. Биз хурсанд, аммо онам... Ота-онам тортишуви анча давом этди. Уларнинг гапидан уқдим, ҳайит намози ўқилмасин деб шўро ташкилотидан вакиллар келган, хонақоҳга ҳеч кимни киритмай, ҳаммани тарқалишга буюришган экан.

Бу воқеадан сўнг онам анча вақтгача дадамдан хавотирга тушиб, сал кеч қолсалар, илҳақ бўлиб, бизни хабар олишга жўнатардилар. Бу хавотирларининг сабабини кейинроқ тушундим...

Алҳамдулиллаҳ, ҳозир туманимизда саккизта жоме масжиди ишлаб турибди. Мозортаги қишлоғидаги эски масжид ўрнига ҳам муҳташам жоме қурилган. Жума ва ҳайит кунлари эмин-эркин ибодат қилиб, яқинларига ҳайитликлар улашаётган отахонларни кўриб, кўнглим қувнайди.

Ўғилчахон ҚУРБОНОВА,

Қува тумани