Маҳалла қассобига набирамни чиқарардим, бир кило гўшт, ярим кило ёғ олиб келарди. Негадир бу гал келтиргани кўпга ўхшади. Чиқиб, қас­собга тахминимни айтдим.

– Отахон, адашганим йўқ. Фақат... фақат шу пайтгача алдаб келардим. Буниси алдамай сотганим...

Тушунолмай унга­ ти­­килиб қол­дим...

– Ишим юришмаган кезлар эди. Кун­лик ту­­шумдан қилган сарфим қўп бў­лаверди. Нафс қурғур тарози тошларининг тагини тешиб, енгилроқ қилиб қўйишга буюрди. Шундай қилдим. Аммо фойда эмас, зарар кўра бошладим. Қарзга ботдим. Охири бир дўстимга ҳолимни айтдим. У ҳам савдо аҳлидан эди, мени дарров тушунди.  У: “Бировнинг ҳақи бировга буюрмайди. Яратганнинг қаҳрига қоласана... Тошларни тўғрилаб қўй, одамларнинг кўнглига қараб савдо қил. Шунда Аллоҳ ишингга барака беради”, деди. Дўстим тўғри айтган экан... фойда кўра бошладим. Қинғир йўл билан фойда кўрмоқчи эдим. Лекин...

Қассоб уятдан қизариб, бошини эгиб турар, кечирим сўрарди.

– Барака ҳалолликда, ўғлим, – дедим-да, хурсанд бўлиб уйга қайтдим...

Исмоилжон ТЎХТАЕВ,

Андижон