Шаҳардан туғилган гўшам сари борарканман, ҳар хил одамлар билан суҳбатдош бўламан, гапларидан ҳикмат қидираман. Жўшқин, интилувчан инсонлар нигоҳларида эзгулик ва муҳаббатни ўқийман. Баъзан эса...

Олд ўриндиқда ўтирган киши йўл бўйи кимлар биландир телефонда гаплашиб кетди. Бир машинада бўлганимиз сабаб сўзларидан «баҳраманд» бўлмасликнинг иложи йўқ эди: «Ака, аҳволларингиз қандай?» «Опажон, соғлигингиз яхшими, ўзингизни эҳтиёт қилинг». «Мендан нима ёрдам керак, синг­лим, тортинмай айтаверинг…»

Бу каби кўнгилни кўтарувчи сўзлар кимга ёқмайди дейсиз? Шу пайт унга яна кимдир қўнғироқ қилди.

– Ҳаа, – деди у зарда билан. – Тирикман, келяпман. Ишдаман, шанғилламай гапир. Нега телефон қиляпсан? Ишларингни қил, болаларга яхши қара. Кечроқ бораман, – телефонини ўчирди-да, – бу хотинларга яхши гапириш керак эмас, шопир ака, – деди нописандлик билан.

Дилим оғриди. Тилида ширин сўзлари турнақатор бу кимса уларни кимга улашмоқда? Шунча яхши сўзнинг ўндан бирини аёлига айтса, нимаси ёмон? Фарзандларини тарбия­лаётган она наҳотки бир оғиз ширин сўзга лойиқ бўлмаса? Яхши-ёмон кунида унга елкадош аёлининг кўнглини чилпарчин қилиш шунчалар осонми?! Ўзгаларга улашаётган меҳримизни яқинларимизга раво кўрмасак, инсонлигимиз, мусулмонлигимизга путур етмайдими?..

 

Жумагул ҚЎЧҚОРОВА,

Фарғона Давлат ­университети талабаси