Тил ўзи кичик бўлса-да, итоати туфайли топадиган савоби, итоатсизлиги сабаб содир этадиган гуноҳи жуда катта. Чунки имон ҳам, куфр ҳам фақат тил гувоҳлигида аён бўлади.

Тил сабаб кишига жуда катта xатарлар етади. Сақланишнинг ягона йўли камроқ гапириб, кўпроқ эшитишдир. Пайғамбаримиз : “Жим юрган киши нажот топади”, деганлар (Имом Термизий). Абдуллоҳ Сақофий айтади: «Расули акрамдан: “Мен учун нимадан кўпроқ xавфланасиз?” деб сўрасам, у зот тилларини кўрсатиб: “Мана бундан”, дедилар».

Тил билан бировни ғийбат қилиш динимизда ҳаром амал саналади. Чунки ғийбат кишининг нуқсонини, агар ўзи эшитса, xафа бўладиган бирор камчилигини ўзгага билдиришдир. Ҳасан Басрий: “Аллоҳга қасам, ғийбат мўмин кишининг динига заҳар жасадга етганидан ҳам тезроқ таъсир қилади”, деганлар. 

Агар журму гуноҳ бўлсин десанг оз,

Тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз.

Маърифатпарвар шоир Абдулла Авлоний ёзганидек, тилни ёмон сўзлардан, ғийбатдан сақласак, бошимизга тушажак ташвишлардан, танамизга етадиган дардлардан қутуламиз. Аллоҳ таолонинг зикрини маҳкам тутсак, иншааллоҳ, дунё ва охиратимизга фойдаси тегадиган яхшиликлар қиламиз.

 

Муҳаммадқуддус АБДУҲАЛИМОВ,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ­Ислом ўрта махсус билим юрти