Бобом билан боғлиқ бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. У киши қишлоқда оилавий ажримларнинг олдини олишда фаол эди.

Бир куни уйимизга юз-кўзлари шишган, кўкарган ёш жувон эридан шикоят қилиб келди. Эри билан ажрашишга қаттиқ аҳд қилган экан. Бувим шўрпахта билан жувоннинг жароҳатларини авайлаб артар, аҳён-аҳёнда бошини силаб: “Сабрли бўлинг, болам, сабр таги роҳат”, дерди тинмай. Бобом унга панду насиҳатлар қилди. Хуллас, чолу кампир аёлни аҳдидан қайтарди. У миннатдор бўлиб уйига кетди. Кечга яқин, бобом жувоннинг эрини чақиртирди. Узоқ гаплашишди. Орадан бир ҳафта ўтиб-ўтмай, иккови хурсанд бўлиб, уйимизга келишди. Бобом уларни дуо қилди. Самимийлик билан айтилган сўз кучи нималарга қодирлигини ўшанда билганман...

Оила маънавиятини юксалтиришда биринчи навбатда қадриятларимизни, анъаналаримизни ҳурмат қилишимиз зарур. Бу борада, аввало, ота-оналар ёши улуғ бобо ва бувиларни болаларига ибрат қилиб кўрсатишлари керак. Биз катталар ёши улуғларни тез-тез зиёрат қилишимиз ёки меҳмонга чақириб туришимиз керак. Зеро, улар билан кечган мазмунли суҳбатлар, вақтида айтилган ўринли насиҳатлар фақат ёшларнинг эмас, катталарнинг ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.

 

Маъмура АБДУРАҲИМОВА,

Фарғона вилояти