Талабалик йилларим эди. Дарслар ичида тафсир фанини кўпроқ севардим. Чунки меҳрибон ва раҳмли Зотнинг бандаларига эслатмаларини шу фандан топардим ва топганларимдан ҳузурланардим. Гоҳида билмаганларимни билганимда хатоларимдан надомат чекардим.

Бир куни устоз уй вазифаларини сўраб бўлгач, янги дарсда Нур сурасини оятма-оят ўқиб мазмунини шарҳлай бошлади: "Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз" (27-оят).

Ўйланиб қолдим: "Ахир мен ҳам бирда-ярим шунақа қилиб турардим - эшикни тақиллатгач чиқаверишмаса, ичкарига кириб чақирардим. "Ўртоғимнинг уйи", "Ён қўшним-ку!" дея бостириб кираверардим. Бировникига киришнинг бунақа одоблари ҳам борлигидан хабарсиз эдим... Ўртоқларим, ҳатто яқинларим ҳам шундай қилганларининг гувоҳи бўлганман. Улар ҳам мен каби билмай хато қилишган экан-да?! Оятда "эслатма олинг" деб таъкидландими?! Демак, бу ҳақида яқинларимни ҳам огоҳлантиришим керак..."

"Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча, уларга кирмангиз! Агар сизларга "қайтингиз" дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир) Аллоҳ қилаётган амалларингизни билгувчидир" (28-оят).

Эй Аллоҳ, кичик санаб, эътибор қилмаган бундай хатти-ҳаракатларимиз учун бизни афв эт!

Абдуллоҳ МУХТОРОВ,

Тошкент