Биз, катта ёшлилар, мактабда тарих фани дарсларида, турли китоблар, газета-журналлардан ўтмишимиз ҳақида кўп ўқиганмиз. Бироқ бизнинг болалигимизда чоп этилган китобларда юртимиз тарихи етарлича ёритилмаган, тарихий ҳақиқатлар ўзгартирилган. Бунинг учун дарслик ва китобларда, вақтли матбуотда Амир Темур ёки Бобур тўғрисида қандай фикрлар, маълумотлар ёзилганини эслаш етарли. Истиқлол йилларида тарихимиз ва қадимий ёдгорликларга муносабат тубдан ўзгарди. Ҳар бир воқеа-ҳодисалар ўз номи билан айтиладиган бўлди.

Яқинда юртимизнинг тарихий гўшаларига саёҳат қилдик, ундан олган олам-олам таассуротларимиз ҳақида сўз юритмоқчиман. Бир йил олдин қишлоқдошимиз Озодахон опа Юсупова Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари зиёратида бўлиб, таассуротларини завқ-шавқ билан гапириб берганди. Ўшанда бир гуруҳ қишлоқдошлар, насиб этса, келаси йили биз ҳам зиёратга борамиз, деб ният қилгандик.

Жуда узоқ чўзилгандай туюлган бир йил ҳам ўтди. Сафарга тайёргарлик кўраётган пайтимиз бир яхши гап эшитдик. Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси туман бўлимида фахрий отахон ва онахонларнинг зиёрат жойларига бориб-келишига кўмаклашувчи махсус сафар гуруҳи етти-саккиз йилдан буён фаолият олиб борар экан. Унинг таркибидаги ҳайдовчилар ва ҳамшира зиёратчиларнинг саломатлиги, кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун масъул. Йўлкира ҳам арзон. Сафар олдидан “Нуроний” жамғармаси туман бўлими бошлиғи Ҳошимжон Расулов зиёрат тартиби, қонун-қоидаларини тушунтириб берди. Шундай қилиб, йўлга тушдик.

Биринчи бўлиб Самарқанднинг Хартанг қишлоғига бордик, буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий мақбараларини зиёрат қилдик. Бу обод ва нурли гўшада кўнглимиз ҳам ободлашгандай, нурга тўлгандай бўлди. Эртасига Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд, у кишининг оналари ётган мақбараларга бордик. Бу ерда ҳам, бошқа зиёратгоҳларда ҳам бир нарса диққатимизни тортди: махсус устунларга ёки мармартошларга зиёрат одоблари битиб қўйилибди. Бу нарса кишиларда зиёрат одобини шакллантиришга катта ёрдам беради. Гуруҳ раҳбаримиз ҳам ҳар бир қадамжонинг тарихи ҳақида сўзлаб, ибратли ривоятлардан айтиб берди. Биз шу кунгача бу тарихий ёдгорликларни фақат телевизор орқали кўргандик, улар ҳақида газета-журналларда ўқигандик. Лекин ўз кўзинг билан кўрган бошқа экан. Шонли тарихимиз, юксак маданиятимиз билан юзма-юз тургандек бўлдик, кўнглимизда фахр уйғонди. Шу дамларда бундай қутлуғ масканларга тез-тез келиб туриш керак экан, деган гап ўтди хаёлдан.

Бухоро шаҳрида Лаби Ҳовуз, Минораи Калон ва бошқа тарихий ёдгорликларда, музейларда бўлдик. Кейин яна Самарқандга қайтиб, Регистон, Гўри Амир, Шоҳи Зинда билан танишдик. Сўнг Тошкентга, Зангиота зиёратгоҳига, бу файзли маскандан чиқиб, шаҳарга – Ҳастимом мажмуасига бордик. Шу билан сафаримиз ниҳоясига етди, довон ошиб Фарғонага ошиқдик.

Қаерга бормайлик, ободончиликнинг гувоҳи бўлдик, нурли масканларнинг файзини ҳис этдик. Дуои фотиҳа қилиб, шукр намозларини ўқидик. Руҳимиз енгиллашди, кўнглимиз равшан тортди.

Мен бутун сафар давомида кўрган-кечирганларимизни, таассуротларимни қоғозга тушириб бордим. Бу туйғулар, таассуротлар ҳали юракларимизда узоқ сақланади, оила аъзоларимизга, яқинларимизга қайта-қайта сўзлаб берамиз. Менимча, фарзандларимизни ҳам олиб боришимиз зарур. Шунда уларнинг онгида Ватан ва унинг ўтмиши, бугуни ҳақида жонли таассурот пайдо бўлади, қалбларида аждодларга муносиб авлод бўлиш орзуси, масъулияти мустаҳкам бўлади.

 

Роҳатой Каримова,

Учкўприк тумани Бойтуман қишлоғи