Масжидларимизда жума намозидан олдин насиҳатлар қилинади. Имом-хатибларимизнинг нутқ маҳорати ва фасоҳати ила ўқилган тиловату ваъзлар қалбимизни маънан озиқлантиради. Адовату ҳирсга тўлган қалблар юмшаб, меҳр кўрсатишга интилади; хатоларни тузатишга, савоб ишларга шошилиб қоламиз. Аммо баъзан уйга қайтгач, юмуш ва ташвишларимизни ёхуд вақт тиғизлигини баҳона қилиб, оила даврасида фарзандларимиз билан суҳбатлашмаймиз, мавъизалардан олган сабоқларимиз билан ўртоқлашмаймиз. Қалбимизни яхшиликка буриб қўйган ибратли ривояту ҳикоятларни сўзлаб бермаймиз. Ўз оиламизга бундай бефарқлигимиз ёмон иллат ҳисобланади.

Ахир яхши фазилатлар, чиройли одоб-ахлоқ оилада шаклланади! Оила тинч-тотувлиги жамиятимиз, қолаверса, Ватанимиз тинч-тотувлиги ҳамдир.

 

Абдухолиқ ХОЛМАТОВ,

Андижон