Бу воқеага ўттиз йил бўлди. Ёшим еттига яқинлашиб, мактабга бориш иштиёқида юрган кезларим. Худди кечагидай эсимда. Дадам ўзга хўжаликда ишлагани боис, уйга кам келар, онам ҳам кун бўйи мактабда болаларга дарс берарди.

Оқшом пайт ака-сингилларим билан дастурхон атрофида жамланиб, кечки овқатга ўтирардик. Ёш ва билимсиз бўлганим учун овқатланиш олдидан онамнинг айтадиган сўзларни тушунмасдим. Уй юмушларини бажараётганда ҳам ўша мен англолмаган сўзларни дам-бадам такрорларди. Кунларнинг бирида онамдан ўша сўзларнинг қандай маъно англатиши, нима учун уларни тез-тез такрорлашлари ҳақида болаларча сўрадим. Онам бир оз ўйланди-да, сўнг: «Ҳа, уми? “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, деб менга тушунарли қилиб айтди ва: “Ўғлим, ҳар доим овқатланишдан ёки бирор ишни бошлашдан олдин “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни, албатта, айт. Ана шунда барча ишинг яхши бўлади”» деб, насиҳат қилди.

Орадан йиллар ўтди. Униб-ўсиб, вояга етдим. Ўшанда онамнинг сўзларида қанчалик ҳикмат, яхшиликлар мужассам эканини китоблардан ва олимлар суҳбатларидан озми-кўпми билиб олдим. Бирор ҳаракат, иш ва амалларимизни Аллоҳ таолонинг номи билан бошласак, охири хайрли бўлиб тугашини англадим. Акс ҳолда, шайтон аралашиб, ишларимизнинг хайрли тугашига тўғаноқ бўлади.

Онам дунёдан ўтгунларига қадар менга кўп яхшиликларни ўргатдилар. Буларнинг қанчасини ўзлаштирганим, ёлғиз Аллоҳга аён. Лекин онамнинг ўша насиҳатини қалбимга жо қилганман.

Комил ҚАРШИБОЕВ,

Зомин тумани