Раҳматли онажоним китоб ўқишни ёқтирар, китобни фарзандларига энг яхши совға деб биларди. Уйимизда ҳам бадиий, ҳам диний-маърифий китоблар кўп эди. Бир куни жавондан Турсуной Содиқованинг “Яшаш тилсими” китобини олдим. Унда онажонимнинг таниш хати билан бундай сўзлар ёзилган эди: “Қизим Нигорахон! Сизни севиб-ардоқлашим учун жисмимнинг бир бўлаги бўлган ўғлим Ферузжонни севиб, ҳурмат қилишни ҳеч қачон унутманг. Ферузжон, ўғлим, мен бахтли бўлишим учун сизлар бахтли бўлишингиз керак. Доим ёнингизда бўлмайман, чунки бу – ҳаёт. Мени мен ўқиган китобларда эслашингизни, излашингизни хоҳлайман. Онажонингиз”.

Ўша куни онажонимни, ўзлари айтганларидек, у киши ўқиган китобларда қайта топдим. Ҳаётнинг баъзан осон, баъзан қийин кунларида, синовли дамларида онажоним насиҳатларига муҳтож бўлсам, улардан мерос хазина – китоблар менга насиҳат қилади, дардимга шерик бўлади.

Онам вафотидан кейин ғамларимни енгиллатган, ҳаётни севишга ундаган, умр боқий дунёга тайёргарлик учун берилганини англатган ҳам онам ўқиган, бизга ҳам тавсия қилган ҳикматли китоблар бўлди.

Онажон, бебаҳо мерос учун сиздан чексиз миннатдорман, ҳаққингизга ҳамиша дуодаман.

Нафосат САФОЕВА,

Бухоро шаҳри