Кишини бир кўришда билиб бўлмайди, дейишади катталар. Бу фикр тўғрилигини ҳаётдан сабоқ чиқариб, тасдиқлаяпман. Унгача кўп янглишдим. Кўрганларимга ишонавериб, кўп марта панд едим. Олдинда нималар борлигини билмаймиз. Эртамиздан бехабар, яшашда давом этамиз.

 Тақдирлар турли чорраҳаларда кесишади. Вақт ва макон бизга боғлиқ бўлмаган ҳолда бир-бирларимизни топамиз ёки йўқотамиз. “Сен қаерда эдинг-у мен қаерда эдим? Бир-биримизни учратишимиз учун шу-у-унча йўл босиб ўтишимиз керак экан”, дейди бир қадрдоним. Ҳақиқатан ҳам ҳаёт қизиқ. Кўришни орзу қилиб юрган одамларинг бир кун келиб, деярли доим кўрадиган оддий ҳамроҳга айланади.

“Сен ҳақингда хотира ёзаман”, дедим эфиопиялик занжи қиз Фотимага. Самимий табассуми билан миннатдорлигини изҳор қилган бу қизни жуда яхши кўриб қолган эдим...

Ётоқхона маъмури бизларни юқорига йўллаб, бўш ётоғи бор исталган хонада қолишимизни айтди. Бир-бир эшикларини тақиллатиб, ҳамроҳим билан хоналарга қарай бошладик. Ҳар эшикдан узр сўраб, ичкарига мўралардик. Бир ёруғ ва шинам хонада бизни занжи қиз кулиб қаршилади. Бу ерда жой кўп эди... Қолишни ўйладик, аммо занжи қизни ҳеч бир сабабсиз ёқтирмадим. Ҳамроҳимга бу ерда қолмаслигимни айтдим. Яна бошқа хоналарни кўрдик. Аммо ҳеч бири занжи қиз жойлашган хона каби кўнглимизга ўтирмади. Ўша хона эшигини қайта тақиллатдик. Яна самимий қаршилаган қиз билан яхшироқ сўрашдик-да, ётоғимизни танладик. Сўнг нарсаларимизни жойлаштира бошладик.

Ўзини “Фотима Умар” деб таништирган қизга бот-бот қараб қўяман, хатти-ҳаракатларини кузатаман. Негадир у эътиборимни тортаверарди. Бир-биримизнинг тилимизни қийналиброқ тушунардик, аммо илк фурсатларданоқ дилларимиз бир-бирини яхшироқ англаётганини ҳис қилдим. Унинг мўминалиги, муслималиги ўзига маҳлиё қилар, самимийлигидан кўнглим тўларди. Шундай пайтларда Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадис ёдимга келарди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ таоло сизларнинг ташқи кўринишингиз ва молларингизга қарамайди, балки қалбларингизга ва амалларингизга қарайди”». Унинг сувратини безаган чиройли хулқи, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг яхшиларингиз хулқи яхши бўлганларингиз”, деган сўзларининг кўз ўнгимдаги исботи эди.

Фотима исмимни қийналиброқ ўрганди-ю, аммо ёдлаб олганидан кейин ширин талаффуз билан чақирадиган бўлди. Миллатдош дугоналаримдан кўра у билан яхшироқ тиллашардим. Қалб қалб билан англашса, диллар дўстлашса, инсоннинг тили, миллати, ҳусни, либосининг аҳамияти ўз-ўзидан йўқолиб борар экан. Қанийди, атрофимдаги барча инсонлар ана шундай хулқи билан чиройли кўринса!

Зебунисо Ҳусайн