Маълумотларга кўра, ҳозир сайёрамизда 34,2 миллион инсон ОИТС (Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми)га чалинган. Бу бедаво дардни келтириб чиқарувчи энг асосий омил зинодир. Аллоҳ таолонинг “Зинога яқинлашманглар, чунки у бузуқлик ва ёмон йўлдир” (Ал-Исро, 32) деган огоҳлантиришларига қулоқ тутмай, ўз билганини қилганларга ота-боболаримиз кўрмаган бу балони юборди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни ё тасдиқлайди, ё ёлғончига чиқаради”, деганлар (Бухорий ривояти). Эркаклар номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги керак. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй Али, назарни назарга эргаштирма, биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир”, деганлар. Шунинг учун биринчи назар тушиш мубоҳ бўлса, кейингиси ҳаром бўлади.

Дарҳақиқат, аждодларимиз ҳалол никоҳга, никоҳдан олдин соғлиққа эътибор қаратишган. Зеро, наслларининг покизалиги, соғломлиги шу икки жиҳатга боғлиқ деб билишган. Никоҳланаётган ёш келин-куёвларнинг тиббий кўриклардан ўтмай ёхуд кўрикда ОИВ инфекцияси аниқланган бўлса-да, турмуш қураётгани ачинарли ҳол. Нафс қутқуси наслларимизни қирқади, эртамизни барбод қилади. Аммо ноумид шайтон, Аллоҳ таоло: “Ким нафсига хилоф иш қилса, унинг ўрни жаннатдир”, деган.

 

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,

Андижон шаҳар “Хонақоҳ” масжиди имом-хатиби