Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Ярим аср дафтари” китобини зўр қизиқиш ва ўта қониқиш билан ўқиб чиқдим.

Китоб муаллифнинг ярим асрлик ижодий фаолияти ва 72 йиллик умрининг ўзига хос сарҳисоби бўлибди. Ундан ўрин олган ҳикоят, лавҳа, бадиа ва публицистик асарлар Ўткир акани нафақат атоқли адиб, балки қандай ШАХС бўлгани ҳақида ҳам тўлиқ тасаввур беради.

Аллоҳ таоло Ўзи мукаррам этиб яратган бандасига икки имкон туҳфа этади. Бири яхшилик, иккинчиси ёмонлик. Ўзи танласин дея инсонни ақл билан зийнатлайди. Ўткир Ҳошимов яхшилик йўлини танлади.

Атоқли адибимиз ҳақида ўйласам, биринчи навбатда “Шарқ юлдузи” журналида муқаддас Қуръони каримнинг маънолари таржимаси нашр этилиши билан боғлиқ жараёнлар ёдимга тушади. Ҳали мустабид тузум қиличини ўйнатиб турган бир пайтда бундай ишга қўл уриш кишидан катта жасорат талаб этарди. Ўткир Ҳошимов журнал раҳбари сифатида ҳар қандай қаршиликларга мардона туриб бердики, бундай хайрли ишнинг ажр-савоби адибимиз охиратига катта захира бўлгай, иншоаллоҳ!..

1980 йиллар. Ўша кезлари “Дунёнинг ишлари” қиссаси босилиб чиқди. Онам Иззатбиби шу йили вафот этган эди. Китобни мароқ билан ўқиб чиқдим. Мутолаадан сўнг онам билан расмга тушмаганимга ўкиниб, хўб йиғладим. (Ҳозир ҳам ушбу жумлаларни ёзяпману кўзларимдан армон томчилари томмоқда...) Она ҳақида ёзилган асарлар кўп, уларнинг ҳар бири эътиборга лойиқ, аммо бу асардай ўзгача муҳаббат ва меҳр билан тўлиб-тошиб ёзилгани йўқ, десам муболаға бўлмайди. “Дунёнинг ишлари” қиссаси ОНАларга сўздан ясалган нурли ҳайкалдир.

Ўткир ака майда тимсоллар билан ишлашда юксак маҳорат эгаси эди.

“Ярим аср дафтари” китоби 12 та бобга бўлинган. Ҳар бир бобга мавзуга қараб бош сарлавҳа қўйилган. Бу нарса китоб нашрида янгилик. Керакли ҳикоя ёки мақолани топиш учун қулайлик туғдиради. Яна бир янгилик шуки, Ўткир ака ижодига бўлган муносабат, ана шу муносабатни аниқ ифода этувчи ҳангомалар кишининг завқини оширади. Китобга ёзилган тақризлар, ёзувчи билан суҳбатлар, эътирофлар, адиб номига ёзилган катта-кичик хатлар тўпламнинг маънавий қиммати тўлақонли бўлишига хизмат қилган. Л.Толстойнинг: “Хат ҳам жанр”, деган гапи бор. Адиб номига битилган мактублар мухлиснинг дид-фаросатини, адабиётга, китобга, ёзувчига бўлган эътибори қай даражада эканини кўрсатади.

Айниқса, “Авлодларга нима деймиз?” мақоласи публицистика жанрининг энг долзарб, далилларга бойлиги, илмий ва бадиийлиги, тилининг соддалиги билан ажралиб туради. Булар адибнинг юрак дардларидир. Бундай мақолаларни ёзишга дош берган юракка балли!

“Ярим аср дафтари” китоби ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Мен эса илк мутолаа таассуротларини шошибгина қоғозга тушираётирман. Ушбу китобнинг юзага келишига сабабчи инсонлардан миннатдор эканимни алоҳида таъкидлаш билан бирга “Мовароуннаҳр” нашриёти жамоасига хайрли ишлари бардавомлигини тилаб қоламан.

 

Абдураҳим АБДУСАМАТОВ,

Шаҳрисабз тумани Чоршанбе МФЙ нуронийлар жамоатчилик маркази раиси