Инсоннинг яхши ва ёмон кунида маҳалла асқатади. Халқимизда: “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деган нақл бор. Шунинг учун маҳалладаги барча йиғинларда иштирок этиш, маърака ва маросимларда қатнашиш, беморларнинг ҳолини сўраш, муҳтожлардан хабар олиб туриш каби ишлар кишининг фазилатини оширади.

Ёши улуғ отахону онахонлар маҳалланинг файзидир. Уларни ҳурмат қилиш, зиёратига бориш, насиҳату дуоларидан баҳраманд бўлиш ҳам динимиз кўрсатмаларидан, гўзал инсоний сифатлардандир. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кичикларимизга шафқат қил­маган ва катталаримизни улуғ­ламаган киши биздан эмасдир”, деганлар (Абу Довуд ва Термизий).

Хайрли ишларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши меҳр-мурувватли, эзгуликка ташна халқимизнинг айни кўнглидаги иш бўлди. Масжидимиз жамоаси билан келишиб, ёши улуғ, ёлғиз, ногирон қишлоқдошларимизнинг ҳолидан хабардор бўлиб туриш, уларга моддий, маънавий кўмак бериб боришни режалаштириб олдик. Бу иш фақат икки ҳайитдагина эмас, йил бўйи давом эттирилади, иншоаллоҳ.

Зиёдулло ОЧИЛОВ,

Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани “Абдукарим бобо” жоме масжиди имом-хатиби