Бир хонадонга маросимга бордик. Дастурхон ноз-неъматга тўла. Бундай давраларда одамлар турли мавзуларда гапиришга, воқеа-ҳодисаларни муҳокама қилишга одатланишган. Биз имом-хатиблар одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи мавъизалар қилишга ҳаракат қиламиз. Меҳмонлар орасида бир йигит сўзамолроқ экан, ҳадеганда бировга гап берай демасди. Энди сўз бошлай деганимда кесиб қўяверди. Тирикчиликдан, топиш-тутишидан нолир эди. Ниҳоят даврада ўтирган бир отахон йигитга савол берди:

– Қийинчилик нима ўзи, биласизми? – Йигитнинг жавобини кутмади ҳам. – Дастурхонни қаранг, болам, пиёлани қўйгани жой йўқ. Бир вақтлар бир бурда нон учун эрта саҳардан қош қорайгунча ишлаганмиз. Шунда ҳам борига шукр қилардик...

Нон топиш жуда оғир, тўйиб овқат ейишни хаёл қилардик, холос... Ўшанда халқимизга фақат моддий жиҳатдан эмас, маънавий жиҳатдан ҳам жуда оғир бўлган. Номи масжид борки, ҳаммаси харобага айлантирилган эди ахир. Эсласам, қўрқинчли туш каби азоб беради. Тинч-осойишта ҳаётимизга, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг... Ношукрлик неъматларни кетказишини унутманг.

Ҳа, отахон ҳақ гапни айтган эдилар.

Ҳадиси шарифда “Дунё ишларида ўзингиздан устунларга эмас, балки пастроқдагиларга қаранглар! Бу ишингиз Аллоҳ берган неъматларни оз санамаслигингизга сабаб бўлади”, дейилади (Имом Термизий).

Аллоҳ таоло: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман”, (Иброҳим, 7) дея марҳамат қилади. Демак, берилганини қадрлаб, шукр қилсак, Аллоҳ таоло ваъдасига биноан бизга неъматларини зиёда қилади. Аксинча, ношукрлик қилиб, борига қаноат этмасак, неъматлар завол бўлади.

 

Муҳаммад Отабоев,

Тошкент шаҳридаги “Дорул омон” жоме масжиди имом-хатиби