“Бешик тўйи” маросими азалда яхши ният билан бобою момоларнинг чақалоққа зарур айрим жиҳозларни олиб келиши, ёши улуғ қариндош-уруғлар томонидан унга кенг ризқ, ота-онасига йўлдошлик тилаб қилинадиган хайрли дуолардан иборат маросим эди. Минг афсус, ҳозирга келиб, ушбу маросим ҳам тўй-маъракалардек дабдабали тус олиб кетди. Бугун замонавийлик баҳона қилиниб, бешик олдига яна беш-олти хил матоҳ, ҳали қўлида бирор нарсани тутишни ҳам билмайдиган бола учун  турли-туман ўйинчоқлар, тоғора-тоғора егуликлар, бола, унинг ота-онаси, амма-холаси, бобою бувиси учун кийим-кечак олиб келинади, яна нималар кам бўлгани ҳақида “фикр” алмашадилар. Ачинарлиси, бу маросим ҳам, ундаги буюмлар ҳам кичкинтой учун эмас, катталар манфаати учун хизмат қилади.

Бугунга келиб пайдо бўлган янги одат – бешик тўйларининг ресторанларда, яна ҳам қизиғи – тунда ўтказилаётгани ақлни шоширади. Соғлом ақл билан бир ўйлаб кўрайлик, бу исрофгарчилик ва унинг ортидан келадиган “дув-дув гап” кимга керак?! Шовқин-суронда ҳеч нарсани англамай, тинчлиги бузилганидан безовталаниб хархаша қилаётган мурғак гўдакками?

Кейинги пайтларда қудалар келишиб, “чорлов”, “ҳайит” каби  маросимларни ўтказмай, унга ажратилган маблағни ёш оиланинг бошқа эҳтиёжларига сарф қилаётганларини эшитиб хурсанд бўлган эдик. Келишув асосида янги оиланинг зарур эҳтиёжлари қондирилаётган, телевизор, музлаткич, чанг юткич каби зарур жиҳозлар билан ёшларнинг фаровон турмуш кечириши таъминланаётган эди. Бироқ бешик тўйида бу келишувлар яна такрорланмоқда. Ахир бу тўқликка шўхлик эмасми?! Ҳали эскирмаган жиҳоз ва мебелларни яна алмаштириш, неъматни исроф қилиш билан баробар-ку! Бунинг ўрнига бешик тўйига мўлжалланган маблағни боланинг жисмонан ва маънан комил бўлиб вояга етиши учун шароит яратишга, бола тарбиясида куч-қувват сарфлайдиган ёш онанинг саломатлигини тиклашга сарф қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди-ку.

Бобур СОБИРОВ,

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани