Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳар бир мусулмоннинг эъзозли орзуси. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада бўлиб, муборак масканларни зиёрат этиш саодати насиб қилган мусулмондан бахтиёрроқ кимсани топмоқ мушкул...

Ёшим етмишни қоралаганда Каъбатуллоҳ зиёрати – умра амалини адо этиш бахтига мушарраф бўлдим. Сафар арафасида юрак безовталанишдан қон босимимиз бот-бот кўтарилар, бундан хавотиримиз йўқ эмасди, рости. “Боинг”га ўлтириб, Тошкент осмонидан кўтарилганимиз ҳамоно юрак ўз маромида уриб, қон босимимиз меъёрига тушдики, бу мўъжизадан батамом ҳайратда қолдик! Аллоҳ – Улуғ, Аллоҳ – Меҳрибон, Ўзининг бундай марҳамати ила бандасининг сафар машаққатларини чекинтирди.

Жидда аэропортидаёқ Саудия мамлакатида бизга нисбатан илиқ самимият борлигини сездик. Кўркам ва юмшоқ, соатига 140-150 км. йўл юрадиган автобусларда Мадинаи мунавварага йўл олдик.

Биз қўнган меҳмонхона шундоққина Масжиди Набавийнинг рўпарасида жойлашган. Беш вақт намозга бемалол улгуриш мумкин...

Қубо масжидида, Қўш қиблали масжидда, Уҳуд тоғида қилган ибодатларни бемалол ошиқона ибодат дейиш мумкин.

Тўртинчи куни Мадинадан Маккага йўл олдик. Каъбанинг шундоққина яқинидаги меҳмонхонага етиб келганимизда кеч бўлиб қолганди. Элликбошиларимиз ҳозирданоқ Каъба зиёратига бориб, умра қилишни маслаҳат берди.

Ҳайрон қоласан, киши: Каъба атрофи шундай ёритилганки, кундуздан фарқи йўқ. Кечанинг исталган пайтида Каъба атрофида тавоф, Сафо ва Марва тоғлари ўртасида саъй қилиш сира тўхтамайди.

Шу куннинг ўзида умра амалини бажардик. Бироз толиққан ҳолда меҳмонхонага етиб келдик... Бомдодга уйғонганимизда эса кечаги риёзат чарчоқларидан асар ҳам йўқ, руҳимиз енгил, кайфиятимиз аъло эди.

...Сафар таассуротларини қоғозга кўчиряпману кўнглимдаги борим тўкилақолса, қани?! Йўқ, таассуротларга қалам ожиз. Бунинг учун сафар риёзати ва саодатини бошдан ўткармоқ керак. Узр, “сафар риёзати”, деб ёздим. Риёзат деганда фақат ибодат амаллари назарда тутилмоқда. Сафар билан боғлиқ ташкилий ишлар, зиёратчиларга кўрсатилган хизмат ва эҳтиромлар – алоҳида мавзу. Бу ҳақда, насиб этса, алоҳида сўз юритилади. Ҳозирча барча мусулмонларга шундай саодат насиб этишини Ўзидан сўраб, ҳамсафарларга зиёратингиз қабул бўлсин, деб қоламан.

 

Ғози (Абдул) Раҳмон