Бўзсув ёқалаб борарканман, атроф-жавонибга боқиб, кўнглим фахрга тўлди. Пойтахтимиздаги Минор қабристони яқинида қурилиб, фойдаланишга топширилган янги масжид менга асрлар давомида халқимиз кўнглининг энг инжа қатларида кўз қорачиғидек асраб-авайлаб олиб ўтган динимиз, имон-эътиқодимиз топган қадру қимматининг бир инъикоси бўлиб туюлди.

Ушбу масжиднинг “Минор” деб аталишида ҳам рамзий маъно бор. Чунки “минор” сўзи маёқ, машъала маъноларини англатади. Оппоқ мармардан қад ростлаган ушбу масжид ҳам ҳидоят, эзгулик йўлига элтувчи бир машъала мисол. Яна у халқимизга, қолаверса, намозхонларга маёқ сингари мустақил ва ёш давлатимизнинг куч-қудратини, эришаётган ютуқларини ёрқин ифода этиб турибди.

Юртимизда қад ростлаётган ҳар бир масжид учун Яратганга ҳар қанча шукр қилсак ҳам кам. Ахир масжидлар яксон этилган, омбор ва молхонага айлантирилган, маърифатли кишилар қулоқ қилинган давр ҳали ёдимиздан кўтарилгани йўқ. У кунларнинг дардли оғриғи ҳамон дилимизда. Шаҳримиз бағридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳам ўша кунлардан бир хотира.

Аллоҳга беадад шукурки, бугун озод ва мустақил юртда яшаяпмиз. Қадимий осори-атиқаларни тиклаш билан бир қаторда янги масжидлар қад кўтармоқда.

Оппоқ масжидга қараб, ана шу туйғулар ўтди кўнглимдан. Масжиднинг ички ва ташқи кўриниши, баҳаво айвонлари, миллий ўймакорлик услубида ишланган устунлар, бино қуббасидаги олтин суви билан зийнатланган нақшларни кўздан кечириб, қўли гул усталарнинг маҳоратига таҳсинлар айтдим, Жаноби Ҳақ таолога шукроналар келтирдим. Ахир масжиднинг ҳар бир хом ашёси ўзимизники, уларга ўзимиз эгалик қиляпмиз. Моҳир усталарнинг ҳар бири ўз фарзандимиз, улар шу халқнинг қадимий ҳунармандчилик анъаналари, маърифати ва маънавияти асосида тарбия топган.

Тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрда содир бўлган зилзила туфайли Минор қабристони яқинидаги маҳаллалар аҳолиси кўчирилган, атрофига катта-катта иморатлар, шифохона ва заводлар қурилган. Натижада Минор мавзеининг асл кўриниши тубдан ўзгариб кетган.

Бугун ана шу мавзе, қолаверса, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар учун қурилган янги масжид биздан келажак авлодларга қоладиган улкан бир мерос, уларни аждодларнинг ёрқин хотираси, ўлмас иродаси ва мустаҳкам имонидан огоҳ этиб турадиган бир маёқ бўлажак, иншоаллоҳ!

 

Жўра ота ЙЎЛЧИ ўғли