Табиатимизда ажиб хислат бор – нафис нарсаларга қизиқамиз. Турли чинни буюмлар сотиб оламиз, биллур идишлар жавонларимизни безаб туради. Уларнинг чангларини ҳам авайлаб артамиз.
Аммо рўпарамизда турган, ёнимизда яшаётган инсонларнинг биллурдан-да нафис кўнглини аямай чил-чил қиламиз, узр сўраш хаёлимизга ҳам келмайди. Биллур идишлар чангини артиб ярқиратганимиз каби, қалбимизни яхшиликлар билан шодлантирмаймиз. Умримиз ўзимиз оғритган диллардан кечирим сўрашга етмай қолиши мумкинлигини унутамиз. Илоҳим, умримиз яхшилик қилишга етсин.
Кўнгилни синдириш, дилозорлик жиноятдир. “Қайтар дунё”, дейдилар. Киши алам ва ситам дарахтини экса, албатта, уқубат ва азоб мевасини теради. Ҳадиси шарифда: “Мўминнинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам бировлар озор топмайди”, дейилади.
Шундай экан, ҳаммамиз амалларимдан Аллоҳ таоло розимикин, деб ўзимизни тафтиш қилиб яшайлик. Атрофимиздаги инсонларга эътиборлироқ бўлайлик.
Ният мусаффо, тил билан дил бир бўлсин, юзимизда меҳр қуёши балқсин.
Бу қисқа ҳаётда кимдир бу эзгулик иморатига бир ғишт қўйса, кимдир уни кўчириб ўтади. Биз ғишт қўювчилардан бўлайлик.
Бобожон ЮСУПОВ, 
меҳнат фахрийси, Хива тумани