Яқинда бир хонадонга кириб қолдим. Уй соҳибларининг кекса ота-онасига кўрсатаётган эҳтироми, ҳурмати, унга оғринмай ширинсуханлик билан хизмат қилаётгани қўлимга қалам олишга ундади. Чунки ота-она иззатини жойига қўймаётган фарзандларнинг ҳам кўпини кўрдик. Ёшлигини, умрини бола-чақасига бағишлаб, бугун белларидан қувват, кўзларидан нур кетгач, болаларига ортиқчалик қилиб қолган кексалар йўқми? Баъзи хонадонларда ёши улуғ кишиларнинг ўзлари қийналибгина уй юмушларини бажараётганига гувоҳ бўламан. Ёши катта одам сифатида, уларнинг фарзандларига бир оз танбеҳ берсам, ўзларини арзимас сабаблар билан оқлашади: “Биз қилган ишни ёқтирмайдилар!” Тўғри, инсон ёши ўтганидан кейин инжиқ бўлиб қолади, талабчанлиги ортади. Бироқ ўша ота-она фарзандининг ёшлигида хархашаларига, инжиқликларига чидагани каби, болалар ҳам уларнинг кўнгилларига йўл топишга уриниб кўришлари мумкин-ку! “Ота, чойни қанақа қилиб дамлай? Овқатингизни тузини қанча солай?” деб унинг истагини сўраб билиш керак. Бунинг учун ёшларимиздан озгина эътибор ва диққат талаб қилинади, холос!
Қарияларга шундай эътибор билан қарамаган фарзандларимизга айтар сўзим: Сизнинг ота-онангизга муносабатингизни, уларни қандай “парвариш” қилаётганингизни кўриб ўсаётган болаларингиз бордир. Эрта бир кун ҳатто ўрнингиздан туриш оғир бўлиб, қўлингиздан бирор иш келмай қолганда, фарзандингиздан оқибат кўрмасангиз, улардан эмас, ўзингиздан ўпкаланг!
Ривоятда келтирилишича, бир йигитнинг уйида ҳаловати қолмабди. Аёли тинмай кекса ота­сининг устидан арз қилиб, унинг хунобини оширибди. Шунда йигит ўйлаб-ўйлаб, отасини тоғнинг тепасидаги бир кулбага олиб бориб ташлашни, вақти-вақти билан ундан хабар олишни кўнглига тугиб, отасини олиб, йўлга чиқибди.
Ота йўл бўйи индамай кетибди. Ўғил уни кулбада қолдириб, ортга қайтаётганида ҳам бир оғиз гапирмабди. Йигит ярим йўлга келгунича отаси ҳақида ўйлабди. Ёшлигида елкасига кўтариб бозорга олиб борганини, ҳамма нарсанинг энг яхшисини унинг оғзига тутганини эслабди. Шунда кўзлари очилиб, тезлик билан ортига қайтибди. Бориб ота­сини маҳкам қучоқлаганича узоқ йиғлабди. Ота эса фақат бир гапни такрорларкан:
– Билгандим, болам! Ташлаб кетмаслигингни билгандим!
Йигит бир оз ўзини босиб олгач, отасидан сўрабди:
– Отажон, қаердан билгандингиз. Ташлаб кетаётгандим-ку!
– Барибир ташлаб кетмасдинг, ахир мен отамни ташлаб кетмагандим-да!
Қиссадан ҳисса шуки, ким нимани экса, ўшани ўради. Азиз фарзандларим, эрта бир кун кексайиб, фарзандларингиз ардоғида яшашни истасангиз, бугун ҳузурингиздаги ота-онангизнинг ҳурматини жойига қўйинг, уларга эътибор беринг! Хизматларини қилиб, дуойи фотиҳаларини олиб қолинг!
 
Ғуломжон РЎЗИЕВ, 
Андижон вилояти Пахтаобод тумани 
Уйғур қишлоқ фуқаролар йиғини